Зироъат ҳам ибодатдир

962

Мукаррам инсон курраи заминда фаровон ҳаёт кечириши билан бирга унинг жамиятга маънавий ва иқтисодий манфаат келтириши энг гўзал амаллар сирасидан экани маълум ҳақиқатлардан ҳисобланади. Ҳар бир киши халқи учун ўз билим ва тажрибаси орқали куч-ғайратини сарфлайди, маҳоратини кўрсатади ва эл-юртга фойдаси тегади. Шулар жумласига умримизни гўзал, обод ва ризқимизни сероб ва дастурхонимизни эса тўкин-сочин бўлишига бевосита дахлдор соҳа эгаларидан бири бободеҳқонларни зикр қилиш мумкин. Мана милодий 2017 йилнинг баҳор мавсуми ҳам кириб келди. Миришкор деҳқонлар қиши билан хордиқларида интиқлик билан Аллоҳ таолодан баракот тилаб кутган дамлар ҳам кириб келди. Буларнинг эл-юрт олдидаги меҳнатлари ва заҳматлари туфайли мева ва сабзавотларга сероб бўламиз ва яна юртимизнинг оқ олтини бўлмиш пахта уруғи ҳам ерга қадалди.

Динимиз томонидан деҳқончиликни фарзи кифоя даражасигача кўтариб, қай бир мамлакат ёки ҳудудда бу касб билан шуғулланилмаса, бутун халқ гуноҳкор бўлишини ҳам таъкидлаб ўтилган.

Шунингдек, кўчалар, даҳалар, ишхона, корхона, ташкилот ва билим юртларда баҳорий нафас кезмоқда. Янгиланиш мавсумида юртнинг ҳар бир кишиси ўзининг инсонийлик масъулиятини бажариш мақсадида теварак атрофга мевали ва манзарали кўчатлар экиши халқимизнинг ўчмас анъанасига айланган.

Бу борада динимиз томонидан ҳам талайгина кўрсатмалар бўлиб, уларда бу каби хайрли ишлар мўмин кишининг гўзал амаллари қаторида зикр қилинибгина қолмай, балки, унинг ибодат даражасигача кўтарилиши айни  муддао ҳисобланади.

Дунёнинг гўзаллиги ва унинг хушрўйлиги, албатта, униб чиққан экини ва дов-дарахтлари билан чиройли бўлади. Ҳадиси шарифда келтирилишича, Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан шундай марҳамат қилади. У зот айтдилар: “Аллоҳ таоло гўзал ва гўзалликни яхши кўради”. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло мўминлар учун ибодатлари эвазига туҳфа қиладиган жаннатини ҳам боғу-роғ ва ундаги анҳорлари билан сифатлаб келтиради. Бундан маълум бўладики, ҳазрати инсон гўзал ва хушбичим қилиб яратилиб, шу каби уни гўзал, обод ва фаровон манзилларда яшашини керак бўлса, динимиз томонидан талаб қилинган ва эвазига улкан савоблар ваъда қилинган.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмон кишининг ҳаёти дунёда бажарган амалини гўё экин-тикин каби тимсоллаб ҳам келтирган.

مَنْ كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الْآَخِرَةِ نَزِدْ لَهُ فِي حَرْثِهِ

Кимки, охират экинини (савобини) истар экан,

Биз унга экини (ҳосили)ни зиёда қилурмиз.

(Шуъаро сураси 20 оят)

Ҳақиқатан, биргина ниҳол вақтлар ўтиб, ўзидан кўплаб кишиларга манфаатини етказади. Уни экиб парвариш қилган киши учун эса ўша дарахт токи ўзидан мева берар экан савоби етиб туради. Бобокалонимиз буюк мутафаккир аллома имом Бухорий раҳматуллоҳ алайҳ ўзларини саҳиҳ тўпламларида ҳам бу соҳага катта эътибор қаратиб, “Китобуз зироъат” деб номлаб бир неча ҳадисларни тўплаб келтирганлар. Шулардан:

مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْسًا ، أَوْ يَزْرَعُ زَرْعًا فَيَأْكُل مِنْهُ طَيْرٌ أَوْ إنْسَانٌ أَوْ بَهِيمَةٌ إلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ

Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бир мусулмон киши бир дарахт ёки бир экин экса, ундан қуш, ёки инсон ёки ҳайвон зоти еса, у учун садақа бўлади”.

Ҳадиси шарифдан маълумки, экин экиш ва уни ерга қадаб эҳтиётлаб парваришлаш динимиз томонидан маъқулланган ва савобли амал бўлибгина қолмай унинг садақаи жория экани ҳам маълум бўлади.

Экин-тикин ва дарахтлардан инсониятга дастлабки манфаатли томони шундаки, кишига зарур бўлган нафас олганидаги кислородни ҳосил қилиб бериши айни ҳақиқатдир.

Айрим ҳолатларда теварак атрофдаги набототларга эътиборсизлик билан қарайдиганлар, боз устига яхшилар томонидан етиштирилган ўсимликларга зарар етказадиганлар ҳам топилиши ачинарли ҳолдир. Шунингдек, бу каби ҳолатни кўриб ўзини кўрмаганга оладиганлар ҳам чиқиб туради. Ҳикматларда келишича, икки амал борки улар энг ёмон ҳолатдир деб, улардан бири инсонларга зарар келтириш дейилади. Бу ўриндаги зарар ёки зиён у хоҳ моддий ёки маънавий бўлишидан қатъий назар ёмон кўрилгандир. Баъзи ёшлар томонидан бепарволик ва эътиборсизлик туфайли униб бораётган кўчат, ниҳол, экинларга зарар етказиш ва ҳатто уларни синдириб, меваларини ҳали пишиб етилмасдан узаётганига ҳам гувоҳ бўлиб қоламиз. Бу каби ҳолатларни гувоҳи бўлиб қолган киши Ислом дини таълимотига кўра панду-насиҳат билан уларни тўғри йўлга бошлаши лозим бўлади.

Хулоса қилиб бир сўз билан айтганда, бу гўзал ва жаннатмакон юртимизни асраб авайлаш ва ундаги тирик наботот ва дов-дарахтлар дунёсини янада кенгайтириш ҳар бир фуқаро ва айниқса барча мусулмон кишиларнинг зиммасидаги бурчи ҳисобланади.

 

Андижон шаҳар

“Чинор” жоме масжиди

имом хатиби

Авазбек Мўминов