Оила жамиятнинг томиридир

550

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларни никоҳга буюради:
وَأَنْكِحُوا الْأَيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
яъни: “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир” (Нур сураси, 32-оят).
Демак оила бизларга муқаддас динимиз таълимоти ва буйруғи экан, бунга шунчаки шахсий дахлсизлик эътиборидан ўз эгалигимиз сифатида муносабатда бўлишимиз нотўғри, балки жамият олдидаги хиёнат деб тушуниш мумкин. Ахир жамиятнинг ҳар қандай ҳолатига бизнинг оиламизнинг ҳам ўз ҳиссаси бўлади.
Ҳар қандай ўқ омирнинг ҳам майда томирларга катта эҳтиёжи бўлгани каби каби, биз ўзимизнинг кичкинагина оиламизни катта жамият ирмоғи сифатида тушунсак, зиммамиздаги масъулиятларни кўпроқ сезамиз. Шундай экан, оилани ушлаб қолиш бизнинг асосий вазифамиз. Бунинг учун эса энг зарури муроса қилишликдир.
Албатта, хотинлар эрини ҳар қанча ҳурмат қилса кам, лекин эркаклара ҳам вақти келганда муроса қилмасалар бўлмайди.
Имом Нисопурий “Асбобун-нузул” китобида Абу Абдураҳмон ибн Аби Ҳомиддан келтирган ривоятда айтилишича Савда бинту Зумъанинг Яманда холаваччалари бўлиб унга асал ҳадя қилиб турар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша асалдан тановул қилиш учун навбатидан ташқари ҳам кириб турар эдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа аёлларидан кўра Хафса ва Оиша бири-бирига яқин дугона эдилар. Бири иккинчисига айтди:

  • Бу ишга қандай қарайсан? Ўша асалдан тановул қилгани унинг олдига киришни одат қилиб олдилар. Энди (сенга) келсалар бурнингни тўсиб ол. “Сенга нима бўлди?” десалар, “Сиздан бир ҳид сезяпман. Билмадим, ниманинг ҳиди экан” дейсан. Менга кирса мен ҳам шунақа дейман.
    Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келсалар, аёллари бурнини тўсиб олди. “Сенга нима бўлди?” дедилар. “Сиздан бир ҳид сезяпман, мағофирнинг ҳидига ўхшаяпти” – деди.
    Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам имкони бўлса хушбўй ҳидда бўлишни яхши кўрар эдилар.
    Кейин яна бирининг олдига кирдилар. Униси ҳам шунга ўхшаш гапирди. “Менга фалончи ҳам шундай деган эди. Бу нарса Савданинг хонасида истеъмол қилганимдан бошқа нарса эмас. Аллоҳга қасамки, мен энди ундан ҳаргиз тотмагайман!” дедилар.
    Аллоҳ таоло Таҳрим сурасини Оиша ва Хафса разияллоҳу анҳумоларга хитобан
    “Агар иккалангиз Аллоҳга тавба қилсаларингиз, батаҳқиқ, қалбларингиз мойил бўлди” оятигача нозил қилди.
    (Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил азим” китобларига кўра, баъзи ривоятларда Зайнаб Бинту Жаҳш разияллоҳу анҳонинг ҳузурларида асал тотган дейилади. Яна бошқа ривоятлар ҳам бор)
    Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:
    “Умар разияллоҳу анҳудан Аллоҳ таоло “Агар иккалангиз Аллоҳга тавба қилсаларингиз, батаҳқиқ, қалбларингиз мойил бўлди”, дея хитоб қилган, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинларидан иккитасини сўрашга бўлган қизиқишим ҳеч тинч қўймади. Ниҳоят Умар разияллоҳу анҳу ҳаж қилди, мен ҳам бирга ҳаж қилдим. Бир маҳал четроққа ўтган эди мен ҳам сув идишни олиб бирга ўтдим. Ҳожатини тамом қилгач қўлларига идишдан сув қуйиб турдим, таҳорат қилди.
  • Эй, мўминларнинг амири! – дедим, – Аллоҳ таоло “Агар иккалангиз Аллоҳга тавба қилсаларингиз, батаҳқиқ, қалбларингиз мойил бўлди”, дея хитоб қилган, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки хотини кимлар?
  • Ажойибсан-да, эй Аббоснинг ўғли! Улар Оиша ва Ҳафса, – деб Умар разияллоҳу анҳу суҳбатни бошладилар. Айтдиларки: – Мен ва менинг ансорий қўшним Бану Умайя ибн Зайд хонадонида яшаб турар эдик. Иккаламиз Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига навбатдан тушиб турар эдик. У бир кун тушса, мен бир кун тушар эдим. Мен тушсам ҳам ўша кундаги буйруқ ёки бошқа ишларнинг хабарини олиб келар эдим, у тушса ҳам шундай қилар эди.
    Бизлар Қурайшнинг хотинлар устидан ғолиб келгувчи жамоати эдик. Ансорларга келсак, улар хотинлари устун қавм экан. Бизнинг хотинлар ҳам уларга қўшилиб, ансория аёлларнинг хулқларидан олиша бошлашди.
    Хотинимга қаттиқроқ гапирувдим менга гап қайтарди. Унинг гап қайтаришини инкор қилсам:
  • Сизга гап қайтаришимни инкор қилманг, Аллоҳга қасамки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳам Ул зотга гап қайтарадилару! Ҳаттоки, уларнинг бири бир кун кечгача аразлайди ҳам-ку! – деб қолди.
    Мен қўрқиб кетиб:
  • Улардан кимки шундай ёмон ишни қилса, хато қилибди! – дедим-да, кийимимни кийдим. Бориб, Хафсанинг олдига кирдим. (Изоҳ: Хафса разияллоҳу анҳо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари, Умар разияллоҳу анҳунинг қизи. Мутаржим)
  • Эй Хафса, сизлардан бирортангиз Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир кун кечгача жаҳл ҳам қиласизларми? – дедим унга.
  • Ҳа, – деди.
  • Шубҳасизки, хато қилибсан! Ҳалок бўлибсан! Расули саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазаби туфайли Аллоҳ ғазаб қилиб, ҳалок бўлишингдан омонда қолармидинг?! Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўп нарса сўрайверма! Ҳеч ҳам гап қайтармагин! Аразлама! Жуда зарур бўлиб қолса мендан сўра! Сенинг қўшнинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга сендан кўра чиройлироқ ва ёқимлироқ бўлса рашкинг келмасин. (Оиша разияллоҳу анҳуни назарда тутади. Ровий)
    Умар разияллоҳу анҳу айтади – Ғассон қабиласи бизлар билан жанг қилгани отларини тайёрлаётганларини гапириб юрар эдик. Ансорий биродарим навбати куни бориб, тунда қайтиб келди. Эшигимни қаттиқ қоқиб “У шу ердами?” деди. Қўрқиб кетиб ёнига чиқсам:
  • Бугун жуда ҳам ёмон иш бўлди-да! – деди.
  • Нима бўлди, Ғассон келдими? – сўрадим.
  • Йўқ, ундан ҳам ёмон бўлди! Ундан ҳам даҳшатлироқ! Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларини талоқ қилибдилар!
  • Хафса хато қилди, ҳалок бўлди! Мен ўзим ҳам шундай бўлади деб ўйловдим! – деб кийимимни кийдим.
    Бомдод намозини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўқидим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам узлат қилиб хонасига кириб кетдилар. Хафсанинг олдига кирсам йиғлаб ўтирган экан.
  • Нега йиғлияпсан? Мен сени шу ишдан огоҳ қилмовдимми?! Нима, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сизларни талоқ қилиб юбордиларми? – деб сўрадим.
  • Билмадим. Ана, узлат қилиб хонасига кириб олдилар, – деди Хафса.
    Чиқиб минбарнинг олдига келсам, бир қанча одам ўтирибди, баъзилари йиғлаётган экан. Уларнинг ёнида озроқ ўтирдим. Кейин ҳолатга чидамай Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб кетган хонага келиб ўша жойдаги қорачадан келган болага:
  • Умар учун изн сўраб бер, – дедим.
    Бола кириб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб чиқиб:
  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб, Сизни айтувдим, индамадилар, – деди.
    Қайтиб бориб минбарнинг олдидаги кишиларнинг ёнларига келиб ўтирдим. Кейин яна чидамай, боланинг олдига келиб:
  • Умар учун изн сўраб бер, – дедим.
    Бола кириб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб, ёнимга келиб:
  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан галашиб, Сизни айтувдим, яна индамадилар, – деди.
    Энди ортимга қайтиб кетаётган эдим, бола чақириб:
  • Сизга Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бердилар, – деб қолди.
    Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирсам, бўйранинг устига тўшак ҳам солмай ёнбошлаб олган эканлар. Ёнбошларига бўйранинг излари чиқиб қолган. Ичига лайф (ўсимлик толаси. Мутаржим) солинган, ошланган теридан бўлган ёстиққа суяниб олганлар. Салом бердим-да, тик турган ҳолимда:
  • Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларингизни талоқ қилиб юбордингизми? – дедим. Менга нигоҳларини қаратиб:
  • Йўқ – дедилар.
  • Аллоҳу акбар! – дедим. Сўнг оёқ узра турган ҳолимда – Эй Аллоҳнинг Расули, бир оғиз гап айтсам майлими?.. Мени кўрсангиз эди! Бизлар Қурайшнинг хотинлар устидан ғолиб келгувчи жамоати эдик. Ансорларга келсак, улар хотинлари устун қавм экан. – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилиб қўйдилар.
    Сўнг яна айтдим:
    – Эй Аллоҳнинг Расули, мени кўрсангиз эди! Хафсанинг олдига кирдим. Унга: “Сенинг қўшнинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга сендан кўра чиройлироқ ва ёқимлироқ бўлса рашкинг келмасин” дедим. (Оиша разияллоҳу анҳуни назарда тутади. Ровий) – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бир бора табассум қилиб қўйдилар.
    Табассум қилганларини кўриб, ўтириб олиб уйига нигоҳимни қаратдим. Аллоҳга қасамки, уйларида уч дона ошланмаган теридан бошқа кўзга кўрингулик нарса кўрмадим. Шунда:
  • Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, умматингизга кенгчилик берсин. Ҳолбуки, Форс билан Румга кенгчилик бериб қўйибди, дунёни ҳам берибди. Ва ҳолонки, улар Аллоҳга ибодат ҳам қилмайдилар. – деган эдим, суяниб олган Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтириб олдилар-да:
  • Эй Хаттобнинг ўғли, сен ҳали гумондамисан? Шубҳасизки, улар ўз яхшиликларига дунё ҳаётидаёқ шошилган қавмдур! – дедилар.
  • Эй Аллоҳнинг Расули, мен учун Аллодан мағфират сўранг. – дедим.
    Муслим, Термизий, Насаий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Бухорий яна бошқа лафз билан ривоят қилганлар. (Раҳматуллоҳи алайҳим ажмаъин)

Бахтиёржон Сайдалиев

Улуғнор туман бош имом хатиби