СОХТА ТАРИҚАТ

1140

Маълумки, тасаввуф руҳий-маънавий покланишга даъват этувчи ғоялар силсиласи сифатида пайдо бўлиб, унинг намояндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Кўплаб олиму уламо, фозилу фузалолар ўзларини тасаввуф оламига дахлдор санаган, унинг покликка даъват қилувчи ғояларини халқ турмуш тарзига татбиқ этиш йўлида саъй-ҳаракат қилишган.
Авлиёлар ҳаётига назар солсак, уларнинг ҳалол касб ва ҳалол луқмага жиддий аҳамият берганликлари маълум бўлади. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳузурига келганлардан “Касбинг нима?” деб сўрарканлар. Агар бирор касби бўлма-са, “Бор, бирор касб ўрган, сўнгра келасан”, деб айтар эканлар. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбар ва авлиёлар ҳам бирор касб билан шуғулланиб, ҳалол яшашни шараф деб билганлар.
Аммо сохта шайхлар, жоҳил, илмсиз сўфийлар ва ботил тариқатлар тасаввуфда қаттиқ танқид остига олинади. Уларга эргашмасликка даъват қилинади. Тариқат асосчилари ва улуғ валийлар Қуръон ва ҳадисга асосланмаган ҳар қандай тариқатни рад этади ва ботил санайди. Жоҳил, нодон ва такаббурлар ўзларини тариқат аҳли санасалар ҳам, унинг файзидан бебаҳрадирлар.
Ўрта Осиёга Ислом дини кириб келиши билан тасаввуф таълимоти ҳам кенг ёйилиб борди.
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд доимо илму адаб ўрганишни тарғиб қилиш билан бирга халқни камтар ва халқпарвар бўлишга даъват қилар эди. У улуғ зотнинг: “Бизнинг йўлимиз суҳбатдир. Хилватда шуҳрат, шуҳратда эса офат бор. Хайр жамоат биландир”, деган ҳикматли сўзи барча нақшбандийларга дастуриламал бўлиб қолди.
Тўғри, инсон яшаши керак. Аммо нафси аждарҳога айланса, оқибатда инсонни хор ва расво қилади. Шунинг учун ҳам тариқат китобларида нафснинг етти босқичи: нафси аммора, нафси лаввома, нафси мулҳима, нафси мутмаинна, нафси розия, нафси марзия ва нафси комилаларнинг хусусиятларидан баҳс юритилади, уларнинг Қуръондаги талқинига аҳамият берилади. Буларнинг бари инсонни тафаккур юритишга ва нафсни ислоҳ қилишга ундайди, тариқатда таркидунёчилик йўқ, аксинча, тариқат халқ билан бирга бўлишни, халқнинг оғирини енгил қилишни бую-ради. Ташқи жиҳатдан сўфийнамо бўлиб, бадахлоқ ва бадхулқ бўлишни кескин қоралайди. Зеро, тариқатда сўз билан амал бир бўлмаса мунофиқлик саналади.
Энг муҳими, тариқат таълимоти яхши хулқларни камол топтириш ва ёмон хулқлардан мутлақо қутулиш йўлларини кўрсатиб беради. Чунки тариқатга оид китобларда ахлоқ иккига бўлинади. Ахлоқи замима (ёмон хулқлар), масалан: ғийбат, бўҳтон, чақимчилик, каззоблик, фитна, такаббурлик ва ҳоказо. Шунингдек, ахлоқи ҳамида (яхши хулқлар): сабр, шукр, саховат, қаноат ва ҳоказо. Зотан, ахлоқни тузатмасдан қилинган тоат-ибодатнинг фойдаси йўқ. Инсон такаббур, дилозор бўлса, силаи раҳм қилмасдан кечаю кундуз ибодат қилса, унинг бундай ибодатидан бирор наф чиқмайди.
Тариқатга доир китобларни ўқисак, улар, аввало, оила ва фарзанд тарбиясига жиддий аҳамият беришни талаб қилади. Имом Ғаззолий фарзанд қалбини мумга ўхшатадилар ва мумга қандай нақш солинса, шуни қабул қилишини айтиб, фарзандни мурғак пайтидан бошлаб илму адабга ўргатишни, вақтида унга эътибор беришни тайинлайдилар.
Тариқатда устоз ва шогирдликка жиддий аҳамият берилади. Устоз шогирдни илмга тарғиб қилиш билан бирга амали ва адабини мунтазам назорат қилиб боради. Камчиликларини ўз вақтида тузатади. Шогирдлари орасида ножоиз урф-одатлар, тушунчалар ва хатти-ҳаракатлар пайдо бўлишининг олдини олади. Соҳиби эҳсон бўлишга, ғайратли ва ҳимматли бўлишга ундайди. Баъзи валийлар маноқибини ўқисангиз, борини халққа тарқатгани, ниҳоятда соҳибкарам бўлганларидан ҳайрон қоласиз. Бунга минглаб мисоллар келтириш мумкин. Дарҳақиқат, инсоннинг қўли қанча очиқ ва карамли бўлса, Аллоҳ ҳам унга шунча карамли бўлади. Бунга яқин ўтмишда ўтган устозлар ҳаётидан ҳам мисоллар келтириш мумкин. Ҳиммат ва саховат кишини юксак даражага эриштиради.

Бахтиёржон Саидалиев

Улуғнор тумани бош имом-хатиби