Ҳеч шубҳа йўқки, ҳамма ишларимни Аллоҳ кузатиб турибди, деб эътиқод қилгувчи мўмин кишининг хатолари кам бўлади. Лекин гоҳда адашиб, баъзи бир нолойиқ ишларни қилиб қўйса, дарҳол Аллоҳни эслайди, хатосини тан олади, надомат чекади, истиғфор айтиб, иккинчи бу ишни такрорламасликка аҳд қилади. Исломда гуноҳни ювиш учун дин арбоблари ҳузурида эътироф этиш (тан олиш)нинг ҳожати йўқ. Шунингдек, қилган гуноҳи кишига доимо ёпишиб юради, ундан қочиб қутилиб бўлмайди, деган эътиқод ҳам йўқ. Ҳар бир мусулмон бевосита Аллоҳга дуо қилиб, ўз надоматини изҳор қилиб, гуноҳидан ўтишини сўраш имконига эга. Қуръони Каримда шундай дейлган: «Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади» («Нисо» сураси, 110-оят).
Истиғфор нафақат инсоннинг бу дунёдаги ҳаётини, балки охират диёридаги ҳаётини ҳам сақлайдиган, унинг хафсизлигининг кафолатидир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас”. (Анфол сураси, 33-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятнинг тафсири борасида қуйидагиларни айтадилар: “Мусулмонларни орасида иккита омонлик кафолати бор: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва истиғфор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Истиғфор эса, мусулмонлар хавфсизлигининг кафолати сифатида қиёматгача боқийдир”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимда-ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ ўша (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвишдан қутулиш, тангликдан чиқиш йўлини (пайдо) қилади, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний, Ҳоким ривоят қилган ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Бир кишининг жаннатдаги мартабаси кўтарилади. Шунда у: “Бунинг боиси нима?” деб сўрайди. Унга: “Фарзандинг айтган истиғфор сабабидан (шундай мақомга эришдинг)”, дейилади” (Ибн Можа, Аҳмад, Табароний ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
“Кимда-ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ ўша (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвишдан қутулиш, тангликдан чиқиш йўлини (пайдо) қилади, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний, Ҳоким ривоят қилган ).
Тирикчилик масаласида қандайдир муаммога дуч келганда ҳам истиғфор айтилади. Жаъфар Содиқ шундай деган экан: “Кимнинг ризқи (келиши) кечикса, истиғфор айтишни кўпайтирсин ”.
Ойлик маоши кечикаётган, савдосидан барака кўтарилган одам истиғфор айтса, ишлари юришиб кетади. Аллоҳ кўп истиғфор айтган бандани хаёлига келмаган томондан ризқлантиради.
Қарзга ботган ёки бировга қарз бериб, пулини ололмай юрган одам ҳам истиғфор билан муродига етади.
Агар оилада нотинчлик бўлса, эр-хотин ўртасида келишмовчилик чиқса ёки фарзандлар итоатсизлик қилиб, катталар гапини икки қилса, истиғфор айтилади.
Баъзида инсоннинг моддий ҳолати яхши бўлсаям негадир қалби безовта бўлаверади, пули бор, ошна-оғайнилари, таниш-билишлари бисёр, негадир қалби нотинч. Мана шундай пайтда ҳам истиғфор айтилса, кўнгилдаги ғашлик арийди.
Кўп истиғфор айтган инсон ўзини анча енгил ҳис қилади. Чунки ҳар сафар истиғфор айтилганида дилдаги қора доғлар ювилади, дилхиралик барҳам топади.
Аллоҳ таоло :
«Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар», деган («Заарийаат» сураси, 18-оят).
Саҳар чоғида туриш, истиғфор айтиб, гуноҳидан кечишини сўраш жуда ҳам фазилатли иш бўлиб, буни қилган кишилар хайр-барака, улуғ мартабаларга эришадилар. Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча «Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман? Сўровчи борми, сўраганини бераман», дейди», деганлар».
Шунинг учун иложи борича саҳар чоғи туриб, ибодат қилиш, истиғфор айтишга уриниш лозим.
Ҳасан Басрий айтади: «Уйларингизда, дастурхон устида, йўлларингизда, бозорларингизда ва мажлисларингизда истиғфорни кўпайтиринглар, чунки сизлар қачон мағфират тушишини билмайсизлар.
Азизлар истиғфорни кўпайтирайлик, шу сабаб дунёни ташвишга солиб турган ҳар хил бало офатларни, хоссатан коронавирус касаллигини Аллоҳ таоло устимиздан тезда кўтарса.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан, дунёни ташвишга солиб турган ҳар хил касалликлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётига кўз тегмасин!
Мухаммадкуддус Абдухалимов
Хўжаобод туман
“Етти чинор”
жоме масжиди имом ноиби