Ваҳимага сира ҳожат йўқ

1061

Йигирма биринчи асрнинг энг кўп тарқалган ваҳима ва шов-шувларидан бири яқинда Хитойдан тарқалиб чиққан коронавирус бўлди десак адашмасак керак. чунки бу касаллик тез орада бутун дунёни айланиб чиқишга улгурди.
Ниҳоят бизнинг юртимизга кириб келди. Биз ўйлаймизки, халқимиз учун ортиқча ваҳимага ҳожат йўқ. Чунки бир неча вирус юқтирган фуқаролар аниқланиши билан бутун юртимизда бу касаллик юқишини олдини олишга доир тезкор чора тадбирлар қўлланилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг бошида коронавирус муаммосига тўхталиб ўтди.
Бугунги кунга келиб ушбу хавфли инфекция 160 дан ортиқ мамлакатда тарқалди. Дунё миқёсида касалланганлар сони 190 минг нафарга етди, 7,5 минг ўлим ҳолати қайд этилди, 81 мингдан зиёд бемор тузалди. Эпидемия кенг ёйилиб кетгани сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни пандемия деб эълон қилди.
Минг афсуски, бу юқумли хасталик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бугунги кунда юртмизда унга чалинган беморлар сони 15 нафарга етди.
Бу вазият олдиндан тўғри баҳоланиб, Президентимиз топшириғига мувофиқ Республика махсус комиссияси тузилган эди. Шу боис Ўзбекистонга касалликнинг оммавий кириб келиши ва кенг тарқалишининг олди олинди.
Ҳозирда 6 мингга яқин киши карантинга олинган. Одамлар гавжум жойларда оммавий тадбирлар чекланган. 16 мартдан бошлаб барча таълим даргоҳларида таътил эълон қилинди. 80 минг талаба марказлашган ҳолда уйларига жўнатилди.
Ҳар бир ҳудудда ҳокимлар раҳбарлигида махсус штаблар ташкил этилган. Эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда.
Шундай экан, ортиқча ваҳимага сира ҳожат йўқ.
Ҳар бир мўъмин-мусулмон бирор синовни қарши олар экан уни Аллоҳдан эканлигини билиб, унга сабр қилади. Ва у бу сабри учун Аллоҳ таолонинг мағфират ва раҳматига сазавор бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хабар беради: (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бирон мусибат келганида: “ Бизлар албатта Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтамиз”, дейишади. Ана шуларга парвардигорларидан мағфират ва раҳмат бор, ана шулар тўғри йўлни топганлардир” ( Бақара сураси 156-157-оятлар). Бу оятларнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон” да: “ Оятдаги “Бизлар албатта Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтувчимиз” (Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) истиржоъ дуосидир. Мусибат ёки бир бало-офат етганида мусулмон киши сабрли бўлиб, Жаноби Ҳақ Ўзи ўргатган шу дуони айтиши лозим”[1] дейилган.
Синовлар олдида инсон ваҳимага тушмасдан, ўзидаги хотиржамликни зиёда қилиши лозим. Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино ҳазратлари шундай деган эканлар: “Ваҳиманинг ўзи ярим касаллик, хотиржамлик ярим соғлик ва сабр эса шифони бошланишидир”.

Шаҳобиддин Парпиев

Асака туман бош имом хатиби
Манбалар: (president.uz ва muslim.uz)