Бутун жаҳон оммаси коронавирусга қарши курашиб турганда унинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Биз мусулмонлар барча яхши ва ёмон ишлар Аллоҳнинг иродаси билан бўлишига, барчаси тақдирдан эканига имон келтирганмиз. Бу дегани банда ҳеч қандай чора кўрмасин дегани ҳам эмас.
Барча ишлар тақдирда ёзилган бўлса ҳам чора ва тадоригини кўриш банданинг иши. Ҳолбуки ризқ масаласида ҳам биз ишонамизки, ҳали туғилмасимиздан аввал Аллоҳ таоло бизларнинг ризқимизни тайёрлаб қўйган. Кимгадир оз, кимгадир кўп бўлса, бу ҳам Аллоҳнинг хоҳишисиз бўлмайди
لَهُ مَقَالِيدُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَن يَشَاء وَيَقْدِرُ إِنَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
Яъни: “Осмонлару ер (хазиналари) калитлари Уникидир. У хоҳлаган одамига ризқни кенг ёки тор қилур. Зотан у барча нарсани ўта билгувчи зотдир”. (Шўро. 12)
Лекин бандалик сифатимиз билан ризқ учун ҳаракат қлиш бизнинг бурчимиз, ҳатто аҳли аёлига нафақа қилишлик шариатимиз кўрсатмаларида фарз ибодат даражасига кўтарилган. Бизларга ризқни излаш вазифаси юклатилган:
فَابْتَغُوا عِندَ اللَّهِ الرِّزْقَ وَاعْبُدُوهُ وَاشْكُرُوا لَهُ إِلَيْهِ تُرْجَعُونَ
Яъни: “Ризқни Аллоҳнинг ҳузуридан истанглар. Унга ибодат ва шукр қилинглар. Унгагина қайтарилурсиз”. (Анкабут. 17)
فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِن فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيراً لَّعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
Яъни: “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз”. (Жума. 10)
Шу каби коронавирус ҳам Аллоҳ хоҳламаса юқмаслигига гумонимиз йўқ, лекин чорасини кўриш бизнинг вазифамиз. Шунинг эътиборидан масжидларимизда дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. Жумладан Асака туман “Холид ибн Валид” масжидида ҳам дезинфекция ишлари олиб борилди.
Улуғбек қори Йўлдошев
Асака туман имом хатиблиги ахборот бўлими