МУСИБАТ – АҚЛ ВА САБР БИЛАН ЕНГИБ ЎТИЛАДИ

1199

Синов – ҳар бир банда бошига тушиши мумкин бўлган ҳодиса. Аммо уни ақл билан, сабр билан енгиб ўтиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бугун дунё аҳлини бесаранжом қилиб қўйган коронавирус инфекцияси ҳам ана шундай синовлардан бири. Бундай пандемияга инсоният биринчи бор дуч келаётгани ҳам йўқ. Шу пайтгача турли даврларда, турли элатларда турли юқумли касалликлар тарқалган. Имом Ибн Касир айтади: «478 ҳижрий санада Ироқ, Ҳижоз ва Шомда безгак, вабо касаллари кенг тарқалди. Ҳатто ўрмондаги ваҳший ҳайвонлар ҳам ўлди. Кейин чорвалар нобуд бўлди, қора шамол турди, дархтларнинг барглари тўкилиб, момақалдироқ кўпайди. Шунда Халифа Муқтадирбиллоҳ амри маъруф ва наҳий мункарни янгидан жонлантирди, чолғу асбобларини синдириб, йўқотди. Ана шундан кейин вабо қайтиб, ҳалиги касалликлар кетди». («Ал-Бидоя ван-ниҳоя»).
Минг афсуски, коронавирус бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Аммо шукр қилишимиз керакки, бу борада аҳвол айрим давлатлардагидан анча ижобий. Бунга ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар сабаб. Аммо бугун одамлар орасида ё тушуниб, ё тушунмай ваҳима қўзғотаётган кимсалар ҳам йўқ эмас. Улар англаб етмаяптиларки, ёлғон ва шов-шувли хабарларни тўқиб чиқариш, тарқатиш билан шуғулланиш ниҳоятда оғир гуноҳ.
Тан олиб айтиш керак, дунё бўйича коронавирус инфекцияси аниқланаётган ва бу касаллик туфайли вафот этаётганлар сони кунма-кун, соатма-соат маълум қилиб борилаётгани сабабли одамлар ўртасида қўрқув кучайиб бораяпти. Агар спиртли ичимликлар ичиш оқибатида вафот этаётганлар ҳақида ҳам ҳар куни бирма-бир маълумот бериб турилганидами, балки бир ҳафтада спиртли ичимликлар сотувига чек қўйилармиди?! Ахир, биргина Франциянинг ўзида ҳар бир соатда 6 тадан ўлим алкоголь туфайли содир бўлади! Йўл транспорти ҳодисалари туфайли вафот этаётганлар-чи? Улар ҳам оз рақам эмас, афсуски…
Юртда юқумли касаллик хавфи кучайганида, мусулмон киши ўзини қандай тутиши керак? Бундай вазиятда мусулмон киши, ҳар доим бўлганидек, сабабни ушлаш ва тадбир ўртасида бўлади. Сабабни ушлаш деганда, зоҳирда эҳтиёт чорасини кўришни тушуниш мумкин. Ниқоб тақиб юриш, шифокор кўригидан ўтиш, агар касаллик аломатлари сезилса, яширмайди ва сақлов, яъни карантинга рози бўлади. Соҳа мутахассислари тавсияси ва бу тўғридаги ҳукумат қарорларини ҳурмат қилади.
Тадбир – бу ботинида ишларнинг тадбирини қилмаслик, энди нима бўлар экан, деб ич-этни емасликдир. Тақдирда Аллоҳ нима ёзган бўлса, унга рози бўлади. Ҳар бир иш Аллоҳнинг илмида эканига иймон келтириб, унга таваккул қилади. Хотиржам бўлади, саросима ва ваҳимага тушмайди, ҳамда ваҳима қўзғамайди. Аллоҳга иймони уни ҳар қандай қийин вазиятда ўзини муносиб тутишга ундайди.
Демак, мусулмон киши бошқа жойларда бўлаётганидек, ваҳима кўтармайди ва саросимага тушмайди. Шу билан бирга эҳтиёт чораларини кўради ва сабабларни ушлайди. Бунинг ҳикмати ва мукофоти тез орада бўй кўрсатади. Али Вардийнинг “Ламаҳот мин тарихил Ироқ” китобида келтирилишича, “Ироқда Усмонийлар даврида колиро вабоси тарқади. Яҳудий раввинлари яҳудийларни уйдан чиқмаслигини таъйинлади. Яҳудийлар уйларидан чиқишмади. Улар ўлим(вабо) дан қутилиб қолишди. Мусулмонлар ўз етакчиларига мурожаат қилишганда улар: “Бизга Аллоҳ ёзганидан ўзга нарса етмайди”, дейишди. Кўп мусулмонлар қирилиб кетди. Баъзи қишлоқлар ёппасига ўлиб кетди”.
Хулоса келиб чиқадики, одамлар орасида ваҳима кўтариш ўрнига яхши ният қилиш, тиббиёт ходимлари таъкидлаётган тартиб-қоидаларга амал қилиш бу касалликнинг мамлакатимизда кенг ёйилмаслиги, оғир оқибатларга олиб келмаслигининг бирдан-бир шарти ҳисобланади.
Бугун бизнинг мамлакатимизда озиқ-овқат заҳираси етарлича. Энг муҳими, мамлакатимизга озиқ-овқат импортига чеклов қўйилгани ҳам йўқ. Аммо эл бошига тушган ишдан фойдаланиб қолишга уринаётган кимсаларнинг учраётгани ниҳоятда ачинарли. Ҳатто, уятли. Куни кеча Президентимиз коронавирусга қарши кураш чоралари юзасидан халқимизга қилган мурожаатларида бу борада шундай фикрларни таъкидлаб ўтдилар: “Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим”.
Демак, хавотирланишга асло ўрин йўқ. Асосийси, бундай пандемияларга қарши кураш борасида давлатимиз етарлича тажриба ва тиббий салоҳиятга эга. Биздан сўралаётгани санитария-гигиена талабларига қатъий тарзда риоя қилиб, ўзимиз ва оила аъзоларимизни инфекция юқишидан ҳимоя қилиш. Бу – синов, синов пайтида эса инсоннинг асл қиёфасининг қандайлиги кўринади. Ақл ва хотиржамлик билан иш тутайлик. Ана шунда ҳар қандай балони даф бўлишида Яратганнинг ўзи бизга мададкор бўлади.
Ҳамюртларимизга айтмоқчимизки, талвасага тушманг, Аллоҳ биз билан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор бир банда ҳар тонгда ва тунда:

بِاسْمِ اللهِ الَّذِي لاَ يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ فِي الأَرْضِ وَلاَ فِي السَّمَاء وَهُوَ السَّمِيعُ العَلِيمُ
Яъни, «Бисмиллаҳиллазий лаа йазурру маъасмиҳи шай`ун фил арзи ва лаа фис самаи ва ҳувас самийъул ъалийм», деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди», дедилар. Маъноси: “Шундай Аллоҳнинг исми билан бошлайманки, Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайди. У эшитувчи ва билувчи Зотдир”. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Дунё сабабият қонунлари асосида яратилган экан, ҳукуматимиз тавсия ва қарорларини эҳтиром қилмоғимиз лозим. Халқимизда: “Ўзини сақлаганни Аллоҳ сақлайди” деган мақол бор. Сабаблар билан муомала қилиш айни мусаббибга нисбатан одобдир.

Ҳайитали Тўйчиев

”Мингбулоқʼʼ

жоме масжиди
имом-хатиби