АЛЛОҲ УЧУН СОТДИМ!

1182

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳалифалик даврларида халқнинг бошига қаттиқ қаҳатчилик етади. Ана шу кунларда Усмон розияллоҳу анҳунинг минг туядан иборат савдо карвони Мадина шаҳрига келди. Мадиналик савдогарлар ушбу карвонни маҳсулотларини сотиб олиш учун Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига бордилар. Ул зот: қанча фойда берасизлар деб сўрадилар. Улардан бири беш дирҳам фойда бераман деди. Усмон розияллоҳу анҳу эса ундан кўпроқ фойда берадиганини биламан дедилар. Савдогарлардан яна бирлари олти дирҳам фойда бераман деди. Усмон розияллоҳу анҳу яна ундан кўпроқ фойда берадиганини биламан дедилар. Шу зайлда давом этиб, савдогарлар хатто ўн дирҳам фойда бердилар. Ул зот эса яна ундан ҳам кўпроқ фойда берадиган бор деб такрорладилар. Мазкур савдогарлар Мадинанинг энг бой савдогарлари бўлгани учун улардан кўпроқ ким фойда бериши мумкинлигига қизиқишди. Усмон розияллоҳу анҳу эса уларга Аллоҳ бир дирҳамга етти юз ва ундан ҳам кўпроқ беришини айтди. Ва қуйидаги оятларни ўқидилар: “Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли, бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади, ҳар бир бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хохласа яна кўпайтириб беради. Ва Аллоҳ қамраб олувчи, илмли зотдир”. Сўнг савдогарларга қараб сизлар гувоҳ бўлинглар Албатта мен бу савдо карвонимдаги барча маҳсулотларни Аллоҳ учун сотдим ва улар мусулмонларга ҳадядир дедилар.

Аммо бугунги кунга келиб карантин сабабли ваҳимага тушган одамларни соддалигидан фойдаланиб нарҳларни икки ёки уч баробаргача сунъий кўтариш пайида юрган инсонларга Аллоҳ ҳидоят берсин. “Аллоҳ учун сотдим!” сўзини ўзига шиор қилиб олувчи инсонларни кўпайтирсин!

Қобилжонов Муҳаммад Амин

Андижон туман

“Миробод ҳожи”

жоме масжиди имом-хатиби