Гўзал Андижонимизда бугун ҳашар

1380

Азал-азалдан ото-болаларимиз баҳорни интиқиб кутишган. Баҳор келиши билан ерга уруғ қадашиб, ҳосил мўл бўлишлигини Аллоҳ таолодан сўраб дуои-хайрлар қилишган. Яна шундай анъана борки, ушбу анъана ҳам асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Баҳор фасли кириб келиши билан халқимиз томонидан кўчалар сарамжон-саришта қилинган, турли хил ҳашарлар уюштирилиб, яшаб турган масканларини янада обод қилишга уринишган.
Ўлкамизга эса мана баҳор фасли кириб келди. Дов-дарахтлар биринчи куртагини ҳам очишга улгурди. Юртимизнинг қайси бир гўшасига бормайлик халқимиз ушбу муаззам кунлардан фойдаланиб, яшаб турган жойларини янада обод қилишга уринаётганлигини гувоҳи бўламиз.
Жумладан жорий йилнинг 14-15 март кунлари ҳам вилоятимиз бўйлаб халқимиз томонидан шанбалик-ҳашарлари ўтказилмоқда. Вилоятимизнинг ҳар бир гўшаси обод бўлмоқда.
Ўтказилаётган ҳашарда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигининг меҳнат жамоаси, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган имом-хатибларимиз ҳам ўзларининг ғайрат ва шижоатларини кўрсатмоқдалар. Эрта тонгдан масжид аҳли билан биргаликда вилоятимиздаги барча масжидларда, мадраса ва қабристонларда ободончилик ишлари ўтказилмоқда. Кўчалар супирилиб, экин майдонларига турли хил анвои гуллар экилмоқда.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деб марҳамат қилганлар: “Албатта Аллоҳ таоло гўзал, гўзалликни яхши кўради. Албатта Аллоҳ таоло пок, покликни яхши кўради. Албатта Аллоҳ таоло озода, озодаликни яхши кўради. Албатта Аллоҳ таоло олий-химмат, олий химматни яхши кўради. Албатта, Аллоҳ таоло сахий, сахийликни яхши кўради. Бас озода бўлинглар эшикларни олдинини тоза тутинглар, яҳудийларга ўхшаманглар”.
Шундай экан барчаларимиз Аллоҳ берган умримизни яхшилик, эзгу ишлар қилишликка уринайлик. Яшаб турган манзилу-маконларимизни янада озода сақлайлик. Бўш турган ерларимизга эса мевали ва манзарали дарахтлар экиб, юртимизнинг ободлиги йўлида муносиб ҳисса қўшайлик.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни эса ҳамиша мусаффо айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги