Маълумки, муқаддас динимиз оналаримизни эъзозлашга уларга ҳамиша меҳрибон, ширинсўз, хокисор бўлишга ва хизматларида доимо шай туришга буюрган. Она мазуси бу Қууръон мавзуси, чунки Қуръони Каримнинг жуда кўп жойида ота-она ҳақида баён қилинади. Она мавзуси бу Ҳадис мавуси, боиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналар ҳақида жуда ҳам кўп муборак ҳадислари бор.
Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир” (Аҳқоф сураси 15-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилган:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Одамлар ичида менинг чиройли муомаламга энг ҳақли киши ким?” – деб сўради. “Онангиз”, – дедилар У Зот. “Кейин ким?”, – деб сўради. “(яна) Онангиз”, – дедилар У Зот. “Кейин ким?”, – деб сўради. “(учинчи мартада ҳам) Онангиз”, – дедилар У Зот. “Ундан кейин ким”, – деб сўради. Шунда “Отангиз”, – деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Она зотини фарзандига ўта меҳрибонлиги ҳақида Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:“Ҳузуримга бир камбағал аёл икки қизини кўтариб келди. Шунда унга учта хурмо бердим. У ҳар бир қизига биттадан хурмо берди. Бир дона хурмони ўзи емоқчи бўлиб, оғзига кўтарганда, қизлари уни ҳам беришини сўрашди. У ўзи емоқчи бўлган хурмони иккига бўлиб, қизларига берди. Унинг бу иши мени ҳайрон қолдирди. Унинг қилганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганимда, У Зот: “Бу сабабли Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан озод қилди”, – дедилар” (Имом Муслим ривоятлари).
Ким ота-онаси бўла туриб, жаннатни қўлдан чиқарса, унинг ҳолига вой бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар: “Ота-онасининг ҳар иккиси ёки бирортаси унинг ҳузурида қариликка етсаю, (уларнинг хизматларини қилиб, розиликларини олиб) жаннатга кира олмаган киши хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!” (Имом Муслим ривоятлари).
Ибн Шурайҳ раҳматуллоҳи алайҳ талабаларига масжидда таълим бериб турганларида оналари келиб: “Ўрнингдан тур! Товуқларга дон бер!” десалар, дарҳол оналарига итоат қилиб, дарсни тарк этиб ҳузурларига борар эканлар. “Онажон узр, мен дарс беряпман, бироздан кейин бажараман, ҳозир вақтим йўқроқ эди, кейинроқ қиламан…” деган важларни қилмаган эканлар…
Ҳадяни аввал онага, сўнг отага берилиши маҳбубдир.
Ҳаёт бўлсалар ҳам, вафот топиб кетган бўлсалар ҳам уларнинг ҳақларига доимо дуода бўлмоқ зарур.
Оналарнинг юзларига тушган ажинлар, қўлларининг қадоқлари – сен ва ака-укаларинг, опа-сингилларинг сабабли эканлигини билгин!
Сенга берган оқ сутини меҳру хурсандлик билан берган, аммо сенинг унга берган таоминг баъзида миннатли ва озорлидир. Шунинг учун берган ҳар-бир луқманг меҳрли бўлиши учун камтарин бўл, камтарин бўл!
Унга сен ҳар куни кўриниш бер, чунки онангнинг сени кўриши хум-хум тилло туҳфа қилганингдан ортиқроқдир.
Тириклигида бор имкониятинг ила унга тавозеъли ва ширин сўзли бўл, шунда уни йўқотганингда армонда қолмайсан.
Ҳайит кунлари онангни бағринга бос! У сени ҳар куни қучиб, ҳидларингдан тўйиб-тўйиб завқ олганини эсингдан чиқармагин!
Бир киши Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига келиб:
“Эй Аллоҳнинг Расули! Мен катта гуноҳ қилдим, энди мен учун тавба борми?”- деди.
“Сенинг онанг борми?”- дедилар
“Йўқ”, деди.
“Сенинг холанг борми?” – дедилар.
“Ҳа”, – деди.
“Унга яхшилик қил”, – дедилар.
Онага яхшилик қилиш шу қадар улуғ иш эканки, гуноҳларни мағфират қилинишига ҳам сабаб бўлар экан. Агар онанинг ўзи вафот этган бўлса, онанинг синглисига ёки опасига яхшилик қилиш ҳам гуноҳларни кечирилишига сабаб бўлар экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқаётиб «Омийн», «Омийн», «Омийн» дедилар. У зотга:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Нега бундоқ қилдингиз?» дейилди.
«Жаброил менга: «Ота-онасини ёки иккисидан бирини топиб, жаннатга кирмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди, мен «Омийн» дедим.
Кейин у: Рамазонга етиша туриб, мағфират қилинмай қолган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди, мен «Омийн» дедим.
Сўнгра у: «Ҳузурида сиз зикр қилинганингизда, сизга салавот айтмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди, мен «Омийн» дедим», дедилар».
Ислом икки сабабга кўра она ҳурматини отадан юқори қўяди:
Биринчиси, она фарзандни дунёга келтиришда отадан кўра кўп машаққат чекади, уни тўққиз ой қорнида кўтариб юради, эмизади, кечалари бедор бўлади, тарбияси билан машғул бўлади. Аллоҳ таоло бундай дейди:
«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”» (Луқмон сураси, 14-оят).
Бир аъробий киши онасини кўтариб Каъбани тавоф қилиб:
Мен онамнинг ювош уловиман.
Агар туя ундан қочса ҳам, мен ундан қочмайман.
Улуғ Раббим Аллоҳ мендан рози
бўлсин деб онамни кўтараман, деб шеър айтарди.
Сўнгра у Ибн Аббосга юзланиб: “Онамнинг ҳақини адо қилдимми?” деди.
Ибн Аббос: “Йўқ, Аллоҳга қасам, онанг сени туққан пайтида тутган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўлолмайди”, деди.
Иккинчиси, она яратилишидан меҳрибон ва раҳмдилдир. Ота эса табиатига кўра қаттиққўлдир. Боладан бир айб ўтса, она кечиради. Аммо ота кечирмайди, керак бўлса жазолайди. Она эса жазоламасликнинг йўлини излайди. Шунинг учун ҳам шариатимиз оналарни ҳурматлашга буюради. Улар билан муомалада ҳалимликка ҳалимлик билан жавоб беришга ундайди.
Она шундай зотки, боласи ҳаддан зиёд дилини оғритиб, оқ бўлиш даражасига борса-ю, аммо бирон дардга чалиниб қолса, она барча ўтган ишларни унутади, боласини бағрига босади, унга талпинади. Чунки бола она вужудининг бир парчаси. Ҳеч қачон этни тирноқдан ажратиб бўлмайди.
Абу Лайс Самарқандий Анас (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) давр¬ларида Алқама исмли бир киши бор эди. У ўлим тўшагига михланиб қолди. Сўнгги нафасларида “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни талқин қилишди, аммо унинг тили айланмади, калимага келмади. Бу хабарни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га етказганларида, у зот (алайҳиссалом): “Унинг ота-онаси борми?” дедилар. “Унинг отаси вафот этган, кекса онаси бор”, дейишди. Онасини олиб келишни буюрдилар. У келгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўғлингнинг ҳаёти қандай эди?” деб сўрадилар. Онаси: “Эй Аллоҳнинг расули, у намоз ўқирди, рўза тутарди, ҳисобсиз садақа қиларди”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен билан ўғлинг¬нинг орангиз қандай эди?” деб сўрадилар.
Онаси: “Мендан кўра хотинини кўп эъзозлар эди ва унга итоат қиларди”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Онасининг норизолиги уни “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деб шаҳодат беришдан тўсди”, деб: “Эй Билол, чиқиб ўтин жамла, ўғилни куйдирамиз”, дедилар. Шунда Алқаманинг онаси: “Ё Аллоҳнинг расули, қалбим меваси бўлган ўғлимни менинг олдимда ўтда куйдирасизларми, бунга қандай чидайман?” деди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ уни кечириши сени хурсанд қиладими? Унда ўғлингдан рози бўл. Жоним измида бўлган Зотга қасам, ўғлингга намози, рўзаси ва садақаси ҳам фойда бермайди, модомики сен ундан норози экансан”, дедилар.
Шунда она қўлини юқорига кўтариб: “Аллоҳ гувоҳ, сиз гувоҳ, ё Аллоҳнинг расули, шу ерда ҳозир бўлганлар гувоҳ, мен ўғлимдан розиман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Билол, бор, Алқамадан хабар ол, у “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дея оляптими, балки онаси мендан уялганидан рози бўлгандир”, дедилар. Билол чиқди ва Алқама ётган уй эшигига етганида унинг: “Лаа иллаҳа иллаллоҳ” деганини эшитди. Алқама вафот этди. Уни ювиб кафанладилар ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жанозани ўқидилар.
Боязид Бистомий ҳазратлари улуғ олимлардан, валиййуллохлардан бўлганлар. У Зот айтадилар: Совуқ бир қиш кечаси эди. Онам уйғониб, сув ичишни истадилар. Мен дарров сув олиш учун ўрнимдан турдим. Лекин идишда сув йўқ эди. Булоқ бошига бориб, идишга сув тўлдирдим. Уйга келганимда онамнинг яна ухлаб қолганларини кўрдим. Уйғотишга кўзим қиймади.
Идишни қўтарганимча узоқ муддат кутдим. Кун жуда совуқлиги сабабли қўлим идишга ёпишиб қолган эди. Анча вақтдан кейин онам яна уйғониб сув сўрадилар. Мен идишни узатганимда қўлимнинг териси шилиниб қонаб кетди, бу ҳолни кўриб онам:“Ё Аллоҳим, мен ўғлимдан розиман. Сен ҳам рози бўл!” деб дуо қилдилар.
Оналарига қилган яхшиликлари, хизматлари ва оналарининг мана шу дуолари сабабли Аллоҳ таоло Боязид Бистомий ҳазратларига олим ва авлиё бўлишлик бахтини ато қилди.
Шундай экан, Аллоҳ таоло барчамизга ота-оналаримизнинг хизматларини қилиш, дуоларини олиш ва улар сабабли икки дунё саодатига мушарраф бўлиш бахтини насиб айласин!
Мухаммадкуддус Абдухалимов
Хўжаобод туман
“Етти чинор”
жоме масжиди имом-ноиби
Манбалар асосида тайёрлади