Боланинг бўш вақти – душманнинг иш вақти

1212

Интернетга бўлган эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. Натижада ахборот ва коммуникация  соҳасида улкан ўзгаришлар юз беряпти. Бугунги кунда интернет айрим “шахслар” учун ғоявий қуролга айланаётгани масаланинг энг муаммоли жиҳатидир.

Ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, вайронкор ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар ёш авлоднинг ҳар бирига таъсир ўтказмоқда. Кейинги пайтларда интернет орқали бузғунчиликка чақирувчилар, глобал тармоқдан қабиҳ мақсадда фойдаланувчилар кўпайиб бормоқда. Афсуски интернет тармоғи бузғунчилар ва учинчи кучларнинг асосий қуролига айланди.

Ҳиндистоннинг сиёсий арбоби Махатма Ганди ўз даврида шундай ёзган эди: “Мен уйимнинг эшик ва деразаларини маҳкам беркитиб ўтира олмайман. Чунки унга тоза ҳаво кириб туриши керак. Шу баробарида эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб, хонадонимни ағдар-тўнтар қилиб, ўзимни йиқитиб ташлайдиган даражада очиб ҳам қўя олмайман”.

Бу сўзларни бугунги ахборот асрида турли маълумотларнинг кириб келиши, ёки бу минтақада тўғри эътиқодга салбий ёки ижобий таъсир этиши маъносида қўллаш ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам ёшларда интернетнинг яхши томонларидан унумли фойдаланиш, ёмон таъсирларидан ўзларини ҳимоя қила олиш иммунитетини шакллантириш долзарб масаладир.

Ёшлар юртимизга четдан кириб келаётган “оммавий маданият”нинг   жирканч иллатларидан сақланишлари лозим. Ҳозирги кунда хорижнинг маданий қадриятларига эҳтиёткорлик  билан ёндашишни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

Зеро, мустаҳкам имон-эътиқод ёшларнинг замон синовларидан ўтишда суянч ва таянч бўлади. Шунда дуч келган ҳаётий  ва маънавий муаммоларга жавоб бера олади.

Бугун мафкуравий курашлар ва зўравон ғояларнинг ўйинлари авж олди. Ёшлар бундай шароитда ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр ва огоҳ бўлиши, дўсту душманни ажратиши, ғанимлар фитнасига учмаслиги, ёвуз кучлар қўлида қўғирчок бўлмаслиги зарур. Чунки ҳар бир фасод иш ортида разил мақсадлар, манфаатдор кимсалар турганини бир лаҳза ҳам утутмаслик керак.

Инсон қаердан, қандай маълумотларни олмасин, албатта, текшириб кўриши ва уларга кўр-кўрона эргашмаслиги керак. Аллоҳ таолонинг: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”

(Исро, 36),  – деган ҳитобига қатъий амал қилиш лозим.

Абдуллоҳ ибн Муборак (раҳимаҳуллоҳ): “Дин-бу илмдир, уни кимдан олаётганларингизга қаранг”, –деган. Ислом дини таълимотига кўра, агар ақида бузуқ, эътиқод ботил бўлса, кишининг амали беҳуда кетади ва ўзи залолат ботқоғига ботади.

Соғлом эътиқод нафақат шахснинг баркамоллиги, балки жамиятнинг барқарор бўлиши учун ҳам жуда муҳимдир. Қайси жамиятда кишилар эътиқоди соф бўлса, ўша жойда тинчлик мустаҳкам бўлади. Аксинча, бузуқ эътиқодли кишилардан-да хавфли одам бўлмайди, ундайлар ҳар қандай пасткашликка тайёр туради. Улар ҳар бир давр учун ва ҳар бир жамият учун катта таҳдиддир!

Айни кунда аниқ ҳужжат ва далиллар келтирилгандан кейин ҳам эгри йўлдан қайтмайдиган қайсар кимсалар ўзига-ўзи зулм қилувчи, адашганлардир. Аллоҳ таоло: “Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир”

(Оли имрон, 105), – деб қаттиқ огоҳлантирган.

Ҳозирги кунда ёшларнинг интернетга муккасидан кетиб, турли хил бетамиз, маънисиз ўйинлар домига шўнғиб, ўзларининг саломатлигига ҳам жиддий зарар етказишмоқда. Тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, узоқ вақт давомида, саккиз-ўн соатлаб интернетда ўтирганлар ўзига хос сурункали хасталикларга чалинади.

Мисол учун: Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги маҳаллий ўйинхоналардан бирида 12 соат компьютерда ўйин ўйнаган мактаб ўқувчиси шифохонага ҳушсиз ҳолда келтирилди ва 111 кучли  инсульт хуружи боис оламдан ўтди. Врачларнинг фикрича бу фожиага боланинг виртуал махлуқлар билан жанг қилишга ҳаддан ортиқ даражада киришиб  кетгани сабаб бўлган.

Собиқ мустабид тузум даврида “Бир юртни босиб олиб, тўлиқ итоат остига олай десанг, энг аввало уларнинг онгу шуурини эгалла!” деган мустамлакачилар қоидасини яхши ўзлаштирган эди.

Жуда кўп ўйинлар одамларни, ҳайвонларни шавқатсизларча ўлдириш, қон тўкиш саҳналари асосига қурилган. Бундай аянчли лавҳалар нафақат ёшларнинг, ҳатто ёши катталарнинг онгига ҳам жуда кучли салбий таъсир кўрсатади. “GTA”, “Снайпер” ва ”Қотил” каби ўйинларга берилганларнинг баъзилари кейинчалик ҳақиқий қотилга айланишгани фикримиз далилидир.

Мисол учун 2004 йили Буюк Британия  17 ёшли Уоррен Леблан 14 ёшли Стефан Пакирнинг жонига қасд қилди. Суд жараёнида айбланувчи “Manhunt” компьютер ўйини таъсирига тушиб қолганини айтади.

Компьютер ўйинлари каби беҳуда ва талафотли  ишларга шўнғишни ислом дини қоралайди. Чунки бунинг натижасида боланинг имон-эътиқоди заифлашиб, шайтоннинг қулига айланади ва унинг найранглари бўйича иш қилади. Оқибатда ўзи ҳам ҳалок бўлади. Шунинг учун ёшларнинг имон – эътиқоди, иродаси мустаҳкам бўлса, турли бемаъни ишларга чалғимайди. Аммо компьютер ва интернет тутқунига айланган инсон бутун умрини тубанликка сарфлайди. Гўёки яратилишдан мақсад йўқдек.

Бу борада Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) шундай деганлар: “Cенинг вақтинг сенинг уловинг, унинг тадбирини ўрнида қилмасанг, сени йироқларга олиб қочади”.

Шундай экан, жамият барқарорлигига таҳдид соладиган, хунрезлик, беҳаёлик, қаллоблик, бузғунчилик кайфиятидаги сайт ва гуруҳларни “ўргимчак тўри” га фарзандларимиз тушиб қолишдан огоҳ бўлайлик.

(Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя) китобидан фойдаланилди.

Қўрғонтепа туман бош имом-ҳатиби

Давронбек Темиров