Бировни кофир дейиш

929

Бизлар, алҳамдулиллоҳ, мусулмонларми. Мусулмон жамиятда туғилиб ўсганмиз. Ота-бобо, аждод-жаддодларимиз мусулмон ўтган. Шунинг учун исломий иборалар онгимизга сингиб кетган. Бироқ бир ибора борки, бу кейинги пайтларда кўпроқ тилга олинадиган бўлди. Бу ибора – “такфир”.
Аксар халқимиз, хусусан кексаларимиз ҳам бу иборани аввалари кўп ҳам эшитмаган. Ҳатто айримлари бундай тушунчага эга бўлмаган. Биласизми, бунинг сабаби нима?
Ўша иборага ҳожат бўлмаган. Аниқроқ айтсак, “такфир” – бировни кофир деб аташга эҳтиёж сезилмаган. Балки мусулмонлар имон масаласида жуда ҳам эҳтиёткор бўлганлар.
Кейинги даврларда мусулмонларнинг душманлари бу тушунчадан ғараз ниятларда фойдаланмоқдалар.натижада уларнинг тузоқларига айрим савияси паст инсонлар илиниб қолмоқдалар.
Аввало “такфир” тушунчаси ҳақида бир оз тўхталамиз. “Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб, “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас!
Марҳум шайх ҳазратлари хусусан шундай жавоб берган:
“Такфир” дегани кофирга чиқариш дегани. Яъни, бир одам бошқа бир кишини иймондан чиқиб кофир бўлди деган гапни айтишидир.Динда ғулувга кетиш – ҳаддан ошиш оқибатида асримизнинг долзарб масаласига айланган муаммолардан бири мусулмонларни «кофир» деб фатво чиқаришнинг кўпайганидир. Бу масала кейин чиққан масалалардандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилганини ҳеч ким билмайди. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мусулмонларни бу ишдан қаттиқ қайтарар эдилар.Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса иймоннинг аслидир: «Лаа илаҳа Иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар».
Демак, биз ўрганадиган нарсаларнинг адади учта. Улар энг муҳим нарсалар, чунки иймоннинг аслидан ҳисобланадилар. Мусулмон киши учун дунёда иймондан муҳимроқ нарса йўқ.
Кейинроқ айни шу, Пайғамбаримиз «қилмаймиз» деб айтган нарсани қиладиганлар чиқди. Баъзи фирқалар мўмин кишини қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқаришга киришдилар. Мусулмон одамни қилган ёмон амали сабабидан «Исломдан чиққан» деб даъво қилишларни авж олдирдилар. Бу ишга биринчи бўлиб журъат этганлар «Хавориж» фирқаси бўлди.
Бизнинг асримизда ҳам, «Лаа илаҳа Иллаллоҳ»га мансуб кишилар ичида калимаи тавҳид аҳлини, аҳли қиблани кофирга чиқарувчилар оз эмас.Замонамиз «Хавориж»лари ҳам қадимги мазҳабдошларидан ўрнак олиб, уларга суяниб иш кўрадилар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонлардан бошқалар билан асло ишлари йўқ. Замонамиз «Хавориж»лари ҳам, иложи борича кўпроқ мусулмонни кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
‏ “‏ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ:‏ الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ”
(رَواهُ الإمامُ مسلم عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه).
яъни: “Уч нарса имоннинг аслидандир. “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ” (رَواهُ الإمامُ البُخاري عن ثابتٍ بنِ الضَحَّاكِ رضي الله عنه).
яъни: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: “Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади”, – деганлар.

Шарофуддинов Мухторжон Марҳамат тумани бош имом хатиби