Миссионерлик ҳақида сўз борар экан, аввало ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу сўз лотин тилида “missio” феълидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш” дегани, “миссионер” сўзи “вазифани бажарувчи” деган маънони англатади. “Миссионерлик” эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради. Турли луғатлар ва манбаларда миссионерликка кўплаб таърифлар берилган. Уларнинг деярли барчасида миссионерликка хос хусусиятлар тавсифланиши баробарида, бу сўз асосан христиан дини билан боғланади. Эътиқод эркинлиги бошқаларни ўз динига алдов ёки зўрлаш йўли билан киритиш ҳуқуқини бермайди. Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, “Бир диний конфесcиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қонуннинг бузулишига сабабчи бўлган шахслар қонун хужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар”.
Миссионерларнинг асосий мақсадлари ўз ақидаларининг турли усуллар билан аҳолига сингдириш ва ўзига мутиъ қилиб олиш, охир-оқибатда эътиқодий бўйсиндиришни сиёсий бўйсиндиришга айлантиришдан иборатдир. Миссионерлар харакати натижасида бир қанча давлатлар иккига бўлиниб кетиши кузатилган. Христианлик доирасида вужудга келган турли оқимлар ўзларининг хушмуомалалиги, ёрқин ва таъсирчан ваъзлари билан исломий ақидаси суст одамларни тезда чалғитадилар. Шунингдек, ўз жамоасига ёшларни жалб қилишга интилиб, қуйидаги усуллардан кенг фойдаланишади:
– Ёшларга инглиз, кориес тилларини ўргатиш, компьютрда ишлашни ўргатиш баҳонасида бепул ўқиш курслари очиш ва мазкур жойларда ўз динига тарғиб қилиш, хорижга ўқишга, ишга ёки чет эл фуқароси билан оила қуриш учун жўнатиш баҳонасидан фойдаланиш;
– Ўсмирларни ёз фаслида черков қошидаги дам олиш лагерларига бепул жалб қилиш ва шу ерда таъсир ўтказиш;
– Нодавлат тижорат ташкилотлар сифатида сохта инсонпарвар ёрдам (пул, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш) кўрсатиш давомида миссионерлик ҳаракатларини олиб бориш;
– Маҳаллий тилда миссионерликка йўналтирилган газета-журналларни нашр этиш ва аҳоли ичида бепул тарқитиш;
– Бепул тиббий ёрдам марказларида беморлар ичида тарғибот ўтказиш ва ҳоказо.
“Иегова гувоҳлари”, Евангел христиан-баптислар каби черков аҳилларининг ақидасида давлат рамзларини ҳурмат қилиш, Конституцион бурчни бажарган ҳолда ҳарбий хизматни ўташ, жамоат ишларида қатнашиш тақиқланади. Ёки, зарур бўлганда бир одамнинг қонини бошқа одамга қуйиш ман этилади. Кўриниб турибдики, юқоридаги каби халқимиз учун ноананавий бўлган диний жамоа ва секта вакилларининг мақсади жамиятимиз аъзоларини фуқаролик фаоллигини сўндириш ва қарам қилиб олиш эканидан яққол далолат беради. Бундан ташқари, “Иегова гувоҳлари” черкови аъзолари фақат ушбу жамоага аъзо бўлган шахс билан оила қуриши лозимлиги, жамоадан ташқаридан келаётган барча маълумотларни ёлғон ва зарарли деб билиш лозимлиги белгилаб қўйилган.
Миссионерлик ва прозилитизм халқимизнинг асрий қадриятларига зид ижтимоий ҳодиса бўлиб, охир-оқибат диний асосдаги низоларга олиб келиши мумкин. Мамлакатмизнинг туб аҳолиси қарийб ўн беш асрдан буён Ислом динига эътиқод қилиб, Ислом дини қадриятлари халқимизнинг тарихий-миллий қадриятлари билан чамбарчас бирлашиб кетган.
Халқимиз бой маданий-маърифий, миллий-диний тарихга эга бўлиб ҳеч қандай ноананавий диний ақида ва тамойилларга муҳтож эмас. Диндошларимизга муқаддас Ислом дини ва унинг таркибидаги Имом Аъзам (Ҳанафий) мазҳаби таълимотларига содиқ қолишларини тилаймиз.
Отабек Хусанов
Олтинкўл тумани
“Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби