Инсон дунёга келар экан, ҳаётнинг паст-баландига кўникиши керак. ҳолбуки, ҳаёт доим ҳам бир меъёрда кетавермайди. Чунки ҳаётнинг жабҳалари турфадир. Биз учун қулай бўлган шароит кимгадир ноқулай бўлиши табиий. Демакки, кимгадир қулайлик бўлиши бизга машаққат келтириши мумкин. Бу эса табиий ҳол.
Шундай экан, инсон бало ва мусибатларга сабр қилмоғи лозим. Барча ишлар Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан бўлади. Мўмин-мусулмон киши ҳаёт қийинчиликларини дунёнинг синови экани, ҳар бир мусибат, ҳатто тиканнинг кириши ҳам ажрсиз қолмаслигини билади. У қийинчиликларга сабр-бардошли бўлади ва савоб умид қилади. Мусибат етганда биз Аллоҳнинг бандаси ва унга қайтиб боришимизни эслашимиз даркор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
﴿وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ﴾
яъни: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара сураси, 155-оят).
Сабр қилмаслик нимларга олиб келиши мумкин?
Ҳар қандай тубанликка. Ўша тубанликларнинг энг хатарлиси ва тузатиб бўлмас хато – ўз жонига қасд қилиш. Мўмин банда охирги нафасни гуноҳ билан хотима қилмаслиги керак. ожизлик қилиб, нафсига эргашиб ҳар турли гуноҳларни қилса ҳам умри бор экан, тавбага имкон бор. аммо охирги нафасдаги гуноҳга имкон қаердан бўлсин?…
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“كَانَ مِمَّنْ كَانَ قَبْلَكُمْ رَجُلٌ بِهِ جُرْحٌ فَجَزَعَ، فَأَخَذَ سِكِّيْنًا فَحَزَّ بِهَا يَدَهُ، فَمَا رَقَأَ الدَّمُ حَتَّى مَاتَ، قَالَ اللهُ تَعَالَى: “بادَرَني ابْنُ آدَمَ بنَفْسِهِ فَقَتَلَها، فَقَدْ حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الجَنَّةَ” (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ عَنْ جُنْدَبُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ رضي الله عنه(
“Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни ҳаром қилдим”, – деди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Пайғамбаримиз Муҳамад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан:
“Кимки тоғ тепасидан ташланиб, ўз-ўзини ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши темир парча қорнига суқулган ҳолатда жаҳаннам ўтида абадий қолур», деганлар.
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
“Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади. “Бандам ўз-ўзини ўлдириб, менинг унга берган умримга шукур қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.
Шаҳобиддин Парпиев
Асака туман бош имом хатиби