Дунё уламолари Самарқандда жамланишмоқда

1364

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 3–5 март кунлари Ер юзи сайқали – Самарқанд шаҳри яна бир йирик халқаро конференцияга мезбонлик қилишга шай.
«Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: кеча ва бугун» мавзусида ўтказиладиган халқаро анжуманда дунёнинг етмишга яқин давлатидан меҳмонлар келиши кутиляпти. Улар орасида дунёга машҳур “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Аҳмад Таййиб, Мусулмон донишмандлари кенгаши Бош котиби Абдуллоҳ Абдулғаний Сархан, Гамбург университети Дунё илмлари академияси профессори доктор Ҳурайра Кам, шунингдек, Германия, Россия, Туркия, араб давлатлари, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Болтиқбўйи мамлакатларининг таниқли уламолари, эксперт-синчилар мутафаккирлар юрти – Ўзбекистонга ташриф буюра бошладилар.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Ислом динининг бағрикенглик, меҳр-шафқат, мурувват каби олижаноб фазилатларнии тарғиб этишда буюк алломаларимизнинг бебаҳо меросидан унумли фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу маънода, калом илми асосчиси Имом Мотуридий асос солган ақида мактаби ҳамда у зотнинг таълимотини дунё мусулмонларига етказишда ушбу анжуман алоҳида аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида юз бераётган ташвишли ҳолатлар, зиддиятли тўқнашувлар, айниқса, Яқин Шарқ мамлакатларида юзага келган кескин вазият, қолаверса, минтақамизда Афғонистон мисолида бир неча йиллардан бери давом этаётган беқарорлик барчани хавотирга солаётир. Энг ачинарлиси, бу фожиаларда ёвуз кучлар дин омилидан устамонлик билан фойдаланмоқда. Ислом динининг гўёки “асл моҳияти”га қайтишни даъво қилиб, асрлар давомида мусулмон уммати босиб ўтган йўлни, қўлга киритилган натижаларни, тараққиётни йўққа чиқаришга уринмоқда. Бундай ҳалокатли вазиятларнинг олдини олиш жуда ҳам долзарб.
Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган мазкур анжуман Ислом маърифатини, Имом Мотуридий таълимотини дунёга ёйишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Т.НИЗОМОВ,
ЎМИ Матбуот хизмати