“Экоакция” тадбирлари

632

Ўлкамизга баҳор фасли кириб келмоқда. Баҳор фасли кириб келиш палласида эса жонажон Андижонимиз янада обод ва кўркам бўлиб бормоқда. Вилоятимизнинг қайси бир гўшасига бормайлик, жуда катта хайрли ва савобли ишлар қилинаётганлигига гувоҳи бўламиз.
Шу кунларда эса вилоятимиз бўйлаб вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов ташаббуси билан яна бир хайрли ишга қўл урилдики, ушба хайрли ишдан барча вилоятимиз аҳолиси ўзгача хурсанд ва мамну бўлдилар. У ҳам бўлса вилоятимизда “Эко акцияси” ўн кунлиги эълон қилинди. Бу ташаббус эса барчани бирдай қувонтирди. Ушбу “Эко акцияси” доирасида вилоятимизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига янада эътибор қаратилади десак асло муболаға бўлмайди. Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган масжид имом-хатиблари орасида ҳам мазкур акция доирасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Масжидларнинг олд қисми ва экин майдонларидаги бўш жойларга манзарали ва мевали дарахтлар экилмоқда.

Бугун эса мазкур акция доирасида вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов бошчилигидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги жамоаси Андижон шаҳридаги 3-кичик даҳасида манзарали кўчатлар экишиб, жонажон юртимиз ҳаққига дуои-хайрларда бўлишди.
Ушбу хайрли ишлардан эса биргина мақсад юртимиз чиройига янада чирой қўшиб, юртдошларимизнинг Ватанга бўлган муҳаббатини янада оширишдан иборатдир.
Аллоҳ таоло юртимиз тинч, осмонимиз эса доимо мусаффо айласин.

ӮМИ Андижон вилоят вакиллиги матбуот хизмати