Динимизда ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Зеро, экин экишлик улуғ амаллардан саналади. Деҳқон одам уруғни экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнг, ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради.
Аллома Мовардий (р.а) айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”, деганлар.
Биз ўтказган кўчатлар ва ўсимлик доимо Аллоҳ таъолога тасбех айтиб туради. Жума сурасининг 1-оятида шундай мархамат қилинади: «Осмонлардаги ва Ердаги(бор) нарса (мутлоқ) Подшоҳ , (нуқсонлардан) Пок, Қудратли ва Хикматли бўлмиш Аллоҳга тасбеҳ айтур ».
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” . (Муслим ривояти)
Бу ҳадис шарифдан кўчат ёки экиндан фойда келиб турса, ўша инсон вафот этиб кетган бўлса ҳам, унга қиёматгача савоб бориб туриши билдирилмоқда.
Боязит бастомий мулозимлари билан сайрга чиқиб , бир қишлоқдан ўтиб борар экан , боғида ишлаб юрган , мева ниҳолларини экиб юрган соч-соқоли оппоқ, бели букилган чолни кўрди. Подшоҳ чолга яқинлашиб : Ҳорманг ота, нима қиляпсиз, ерни нега чояпсиз?-деди. Нуроний чол саломдан кейин , табассум билан : саломат бўл, ўғлим, мевали дарахт ниҳолларини экмоқдаман –деди. Подшоҳ: -Ота, буларни мевасини ейиш сизга насиб этармикин?-деб сўради. Нуроний чол : -Йўқ, умрим етмайди-деди. Подшоҳ: -Уҳолда нега ўзингизни бунчалик қийнаяпсиз, ўзингиз мевасини тотиб кўрмаслигингизни билиб туриб дарахт экяпсиз?-деди. Чол бу сўзлардан ва қиёфасидан подшоҳни таниб, бундай жавоб .берди: Подшоҳим! Биздан олдингилар экди , биз едик. Энди биз экамиз , биздан кейингилар есин. Чолнинг жавоби подшоҳга ёқди ва чолга бир ҳамён олтин берди. Подшоҳим бизнинг дарахтлар ниҳоллигидаёқ мевасини берди -деди. Бу гўзал жавоб подшоҳга ҳам хуш ёқди ва яна бир ҳамён олтин берди. Чол: -Аллоҳга хамду санолар бўлсинки , ҳамма дарахтлар бир йилда бир марта мева берадилар, бизнинг дарахтимиз бир йилда икки марта мева берди-деди. Подшоҳ чолга яна бир ҳамён олтин отди-да , ёнидагиларга , тезроқ бу ердан кетайлик ,. бу чол бор пулимизни олиб қўяди, деб отини йўлга бурди. Азиз талабалар: Аллоҳ яхши ният билан меҳнат қилганларга шундай мукофотлар беради. Бу хикоядан ибрат дарсини олайлик. Доимо яхшилик учун мехнат қилайлик.
Бир қараганда Ер инсон учун гўё гўдакнинг бешиги каби қароргоҳ бўлса, иккинчи томондан у оёқларимиз остига тўшалган гиламга ўхшайди.
Бундан ташқари қурраи заминни боғ-роғлар, гиёҳлару гуллар билан зийнатлаб қўйганлиги ҳам фақат инсоннинг манфаати учундир. Зеро, ер юзига халифа бўлган инсон, унинг гўзаллигини нафақат авайлаб асраши, балки унинг янада гуллаб яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.
Вилоятимимзда кўчат экиш акцияси бошланди. Бу савобли ишларда барчамиз фаол иштрок этайлик.
М.Тўрақулов
Олтинкўл туман бош имом-хатиби