Барча соҳа глобаллашган ушбу асримизда жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз йўналишида доимгидан ҳам кўра зийракроқ ва масъулиятлироқ бўлиши давр талабидир. Лоқайдлик ва бепарволик нафақат бир шахсга, балки, вақти келса бутун жамитяга ташвиш келтириши мумкин. Шунга кўра бугунги кун имом-хатибларининг зиммасидаги масъулият ҳам ҳар қачонгидан кўра юқоридир.
Муқаддас динимиз таълимотларини халққа етказиб борарлар экан, нафақат шариат аҳкомларини таништириш, балки ижтимоий-маънавий муҳит хавфсизлиги, юрт тинчлиги эътиборидан турли экстремистик оқимлар ҳақида аниқ далил ва ҳаётий тажрибалар асосида яққол тушунчалар бериб бориш ҳам айни долзарб вазифаларнинг муҳимроғидир.
Муҳтарам Президентимиз “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида (15.06.2017 йил) бу тўғрида алоҳида таъкидлаб, шундай деган:
“Бугунги кунда ижтимоий-маънавий муҳитни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи барчамиз учун энг асосий масала бўлиб турибди”.
Маълумки, Ислом дини таълимотларида шукронага тарғиб қилинади. Бу ҳақда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда шундай деган:
وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ
Яъни: “Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг”. (Иброҳим. 7)
Бизларга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган неъматлар шунчалар кўпки, биз унинг ҳисобига ета олмаймиз.
وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَةَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا إِنَّ اللّهَ لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ
Яъни: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир”. (Наҳл. 18)
Ўша саноқсиз неъматларнинг бири ва қадрлироғи тинчлик-хотиржамликдир. Шу улуғ неъматнинг қадрига етишга бутун халқимизни, хусусан ёшларни кўпроқ чорлашимиз зарур.
“Имом-хатиблар кенг жамоатчилик орасида мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай барқарор ва осойишта муҳит осмондан тушмаётганини тарғиб этиш, ота-боболаримиз минг йиллардан буён пок сақлаб келаётган ислом дини ҳар қандай зўравонликка, бузғунчиликка, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишга мутлақо қарши эканини оят ва ҳадислар асосида, жонли мисоллар ёрдамида таъсирчан етказиб беришлари зарур. (Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан. 15.06.2017)
Ҳа, имом-хатибларимиз олдида ҳали катта вазифалар турибди. Унутмаслигимиз керакки, айнан дин ходимлари мамлакатимизда содир бўлаётган ислоҳотларда доимо аввалги сафларда бўлиши ва шахсан ўзлари барчага ибрат бўлишлари шарт. Муҳтарам Юртбошимиз айтганларидек:
“Алҳамдулиллоҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз, бунинг шукронасини қилиб, фарзандларимизни ҳам бундай неъматнинг қадрига етадиган инсонлар этиб тарбиялашимиз керак эмасми? Муҳтарам имом-хатибларимиз Худо йўлида холис хизмат қилишни ўз зиммаларига олганлар. Бу ҳам масъулият, ҳам улкан шараф”.
Илоҳо, юртимизни ҳамиша обод айласин, турли офат ва фитналардан Ўзи асрасин. Бизларни Ўзи ато қилган неъматларига шукрона қилгувчи бандалардан қилсин!
Шаҳобиддин Парпиев
Асака туман бош имом хатиби