Исломда овқатланиш одоби

1564

Аллоҳ таоло исломни бандаларига мукаммал қилиб берди ва Ўз набийси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни буюк хулқ ила хулқлантирди. Жамики инсониятга ўрнак бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳар соҳада одоб ва таълим бердилар. Бугун биз сўз юритишни қасд қилганимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига таом тановвул қилмоқликда берган таълимларидир. Инсоннинг таомланишдан муроди–ибодатларни адо этиш, ризқ касб қилиш, илм олиш ва бошқа эҳтиёжларга қувват ҳосил қилиш бўлмоғи лозим. Таом ейишнинг қуйидаги одоблари бўлиб, ҳар бир мусулмон бунга амал қилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Дастлаб, тановвул қилишдан олдин икки қўл ювилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомнинг баракаси ундан олдин ва ундан кейин икки қўлни ювишликдир”, деб айтганлар. Мазкур иш биз билган шахсий гигиена қоидаларида ҳам мавжуд. Озодалик соғлиғимиз учун муҳим омил ҳисобланади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларининг бир ҳикмати ҳам мана шудир.
Олим ва катта ёшдаги кишилар танаввул қилишни бошламагунларича, бошқаларнинг кутиб туриши юксак одоб намуналаридандир. Ҳозирги кунда инсонлар ҳиёл бу одобни унитиб қўймоқдалар. Айниқса, болаларга ёшлик чоғларидан ўргатиб, унга амал қилдириб борсак бу суннатни ҳам кенг ёйган бўламиз. Барча яхши ишлар тасмия [Бисмиллаҳ] билан бошлангани каби таом истеъмол қилиш ҳам Аллоҳнинг номи ила бошланади. Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоқда бориб-келар эди. Шунда у зот менга: “Эй ўғилчам “Бисмиллаҳ”, дегин, ўнг қўл билан егин, ўз олдингдан егин!” дедилар. Шундан сўнг ейишим шундай бўлди”- дедилар. Бу ҳадисдан биз овқатланишдаги энг муҳим қоидаларни билиб олишимиз мумкин. Қўл билан еганда, таом учта бармоқ билан олинади, кўп бармоқни ишга солишлик очкўзликдир. Қўлдан тушган ва дастурхонга тўкилган таомни олиб ейилади. Қўлда ва идишларда қолган таом юқларининг исроф бўлишига йўл қўйилмайди. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади, таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирортангиздан луқма тушса, ундаги нопокликни кетказиб кейин есин. Уни шайтонга қолдирмасин, – дедилар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз бизни исрофдан қайтармоқдалар. Таом еб бўлингандан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуо қилиш лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таомланишдан фориғ бўлсалар “Алҳамдулиллаҳиллази атъамана ва сақонаа ва жаъалана минал муслимийн, деб дуо қилган эканлар.
Маъноси: “Бизни едириб, ичириб, мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Таомланиб бўлган инсон икки қўлини ювиб, оғзини чаймоқлиги юксак одоблардан биридир. Мусулмонлик одоби ҳар қандай таом тановвул қилганда уни мақташни, айбламасликни ва таом тайёрлаган шахсга ташаккур изҳор этишни тақозо этади. Уни ёмонлашлик мутлақо мумкин эмас, агар табига ўтирмаса уни тарк қилинади. Таом иссиқ бўлса, уни совишини кутиб туриш ҳам одобдир. Уни пуфлаб совутиб бўлмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилишдан қайтарганлар. Таомни ўртасидан ва устидан ҳам еб бўлмайди, четидан еб бориш одоб саналади.Таомни туриб, суяниб ва юрган ҳолда ейишлик беодобликдир.

Росулуллоҳ соллоаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилмасликка буюрганлар. Ҳозирги кун тиббиёт илми ходимлари илмий жиҳатдан бунинг организмга зарар эканлигини исботлаган. Яқинда турган кишиларни ҳам таомга таклиф қилиш лозим. Дастурхон устида яхши гапларни гаплашиб ўтиришлик мустаҳаб амал. Таомни ўзига зарар қиладиган даражада тўйиб еб олиш мумкин эмас. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган емаклар кифоя. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир, деганлар. Бу ҳадисдан келиб чиқадики одам танаси учун қувват бўладиган миқдорда таом ейиш кифоя қилади. Хулоса қилиб айтганда, бу одоблар бизнинг ҳар кунги эҳтиёжимиздир. Росуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганларидек қилсак ва қайтарганларидан қайтсак иншааллоҳ ҳам ажрга эришамиз ҳам соғлом ва баркамол бўламиз. Аллоҳ таоло барчамизни бундай суннатларга амал қилишга муваффақ айласин.

А.Ибайдуллаев

Олтинкўл туман

“Уйшин”

жоме масжиди имом-хатиби