Гиёҳвандлик

1287

Ислом динининг таълимотлари, қонун қоидалари ва амалларидан бeш мақсад кўзда тутилгандир.

  1. Инсон хаётини муҳофаза қилиш.
  2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш.
  3. Инсон динини муҳофаза қилиш.
  4. Инсон наслини муҳофаза қилиш.
  5. Инсон мол мулкни муҳофаза қилиш мақсадлари.
    Шунинг учун ҳам инсон мана шундай буюк неъмат соҳиби бўлиши билан бир қаторда у неъматларини муҳофаза қилинишликлари билан ҳам бошқа маҳлуқлардан мукаррам.
    Муқаддас динимиз инсонни ўз-ўзини ҳалок қилиш, жонига қасд қилиш, саломатлигига зарарли нарсаларни истеъмол қилиш каби ишлардан қайтаради.
    Юртимиз тинч-осойишта ва халқимиз фаровон ҳаёт кечираётган бир даврда, баъзи қўштирноқ ичидаги кимсалар ўз жонига қасд қилиш билан бирга юртимиз келажаги бўлган ёшларни, иродаси суст кишиларни ҳатто аёл-қизларни ҳам йўлдан уриб, хавфли касаллик ОИТС (СПИД)ни тарқатувчи асосий омил бўлган гиёҳвандликни юқтирмоқдалар, тарқатмоқдалар.
    Гиёвандлик илмий тилда наркомания дейилиб, юнонча “нарке” – карахтлик, ҳаракатсизлик, “мания” – ақлдан озиш маъносини англатади. Соҳа мутахассислари: “Гиёҳни бир марта истеъмол қилган кимса, руҳий ҳолатини, яъни кайфиятини кўтариб, бош мияни ишдан чиқаради. Тез-тез истеъмол қилса, унга ўрганиб қолади ва гиёҳларсиз яшолмайдиган бўлиб қолади”, деб таъкидлайдилар.
    Гиёҳларни доимий истеъмол қилиб, касалликка чалинган беморларга гиёҳванд дейилади. Улар ҳаётнинг барча лаззатидан айрилади, инсоний қиёфасини йўқотади, эслаш қобилияти, руҳий ҳолати, фикрлаш системаси ва ақл-идроки пасайиб бутунлай издан чиқади. Уларда меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ҳаё-уят ва хулқ-одоб каби инсоний хислатларнинг зарраси ҳам қолмайди. Улар ота-онаси, оиласи, маҳалла-кўйи, эл-юрти, халқи ҳамда Она Ватани олдидаги вазифаси, бурч ва мажбуриятларини унутадилар. Қисқа қилиб айтганда, маънавий ҳаётдан узилиб, инсон суратида қоладилар, холос.
    Гиёҳвандлик нафақат инсоннинг жонига балки моли, оиласи, қариндошлари, яқинлари ва жамиятнинг барча аъзоларига зарар келтиради.
    Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исломда зарар келтириш йўқ. Ким мусулмонга (моли, жони, матосига ноҳақдан) зарар келтирса, Аллоҳ таоло унинг ўзига зарар етказиб қўяди. Ким мусулмон билан зулм қилиб тортишса, Аллоҳ таоло уни машаққатга солиб қўяди” -дедилар.(Имом Ҳоким ривояти).
    Гиёҳвандлик жамият тараққиётини маълум миқдорда орқага тортади. Жамият тинчлигига раҳна солади. Статистик маълумотларга қараганда қотилликларнинг, безориликларнинг катта қисми гиёҳвандлар томонидан амалга оширилар экан. Бир гиёҳванд бир йил мобайнида беш нафар соғлом ўсмир-ёшларни йўлдан уриб, гиёҳвандлик домига тортаркан.
    Мутахассислар гиёҳвандликка сабаб қилиб, қуйидаги баъзи омилларни айтишади:
    – оилавий келишмовчиликлар, зиддиятлар, етишмовчиликлар;
    – барча нарсанинг таъмини билиш, синаб кўриш учун интилиш;
    – зўриқишнинг олдини олиш ва бўшашиш мақсадида;
    – ҳаёт қийинчиликлари ва зерикиш;
    – жоҳиллик, ақлсизлик оқибати;
    – кайфичоғлик қилиш истаги;
    – атрофдагиларга тақлид қилиш ва ҳоказо.
    Гиёҳвандликнинг сабаблари жуда кўп. Шунинг учун бу иллатга қарши жамиятнинг ҳар бир аъзоси бирдек курашса, натижага эришиш мумкин. Жамиятдаги ҳар бир шахс аввал ўзини, сўнгра қўл остидагиларни, оиласини, фарзандларини бу жирканч балодан сақлашга уринса, халқ бу иллатдан халос бўлади. Фарзандларга таълим-тарбия берилса, ҳунар ўргатилса, уларни меҳр-оқибатли, ҳурмат-иззатли, одобли қилиб тарбия қилинса, уларнинг бўш вақтларини фойдали ишлар билан банд қилинса, лўнда қилиб айтганда, юксак маънавият соҳиби қилиб етиштирилганда бу иллатдан қутулиш, фориғ бўлиш мумкин. Эл-юрт тинчлиги, осойишталиги буюк неъматлигини ҳис этиб, ушбу зарарли иллат айни кўрнамаклик эканлигини англаб етсак, фарзандларимизга гиёҳвандлик моддаларини тановил қилиш, экиш ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш ҳаром эканлигини тушинтирсак бу касалликдан халос бўламиз.
    -Ҳамма аср уламоларимиз ҳам гиёҳвандлик моддаларини тановил қилиш, экиш ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш ҳаром эканига иттифоқ қилганлар.
    -Улар айтадиларки: “Гиёҳвандлик моддалари орқал

и қилинган касб ҳаромдир, уларининг таъсири остида намоз ўқиган одамнинг намози қабул эмас, улардан келган фойда ҳаром, уни садақа қилиб ҳам бўлмайди, яхшилик ишларига ҳам ишлатиб бўлмайди” деганлар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) машҳур ҳадис шарифларида :
“Сизлардан кимки ёмон мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса дили билан. Ана шуниси иймоннинг заифлигидандир”-дедилар.
Бугунги кунимиздаги гиёҳвандлик ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир. Бу ҳадиси шариф ҳукмига биноан, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Шохимардон Орипов

Улуғнор тумани
«Овулмат»

жоме масжиди
имом-хатиби