Экстремизмга қарши кураш

1241

Маънавий таҳдидлар тобора кўпайиб, ўзаро зиддиятлар урчиган асримиздаги бузғунчи оқимларнинг бири экстремизмдир. Аввало сўзнинг луғавий мазмунига қараймиз. “Экстремистик” сўзи эса “ақл бовар қилмас даражада”, “ҳаддан ошиш” маъноларини билдириб, унинг асосий хусусияти ва мақсади – жамиятда қабул қилинган қадриятлар ва меъёрларга зид қарашларни илгари суриш, кескин курашлар ва чораларга мойилликларни келтириб чиқаришдур.
Олимлар “экстремизм” иборасини сиёсий атама деб қарайдилар. Бу атаманинг сиёсат билан боғлиқ жиҳатлари шундаки, норасмий экстремистик ташкилот раҳбарлари сиёсий масалалар юзасидан “кескин, қатъий чоралар кўриш йўли билан”, яъни куч ишлатиш, зўрлик билан давлатнинг расмий ҳокимиятни конституцияга хиловф равишда ўзгартиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлигидадир.
Уларнинг норасмий дейилишига сабаб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Сиёсий партиялар”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар” ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги амалдаги қонун талабларига кўра расман фаолият юритиш учун Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтмаганлигидадир (Ражабова М. Диний экстремизм ва террорчилик. –Т.: Янги аср авлоди, 2000. –Б. 38).
Экстремизм ҳақида сўз борар экан, бу иллатнинг асли Исломдан эмаслигини яхши билиб қўйишимиз керак бўлади. Чунки Ислом дини таълимотлари соф инсоний туйғуларга асос бўлиб, башарият учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фақат эзгулик ва яхшилик кўзда тутилган.
Ҳолбуки экстремизмдан башарият ҳеч қачон наф кўрмайди, балки ҳам моддий жиҳатдан, ҳам маънавий томондан фақатгина зарардур.
Ислом дини таълимотларида дунёда ҳам, охиратда ҳам тинчлик эътиборга олинади.
عن أبي هريرة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: “…كونوا عباد الله إخوانا”. رواه البخاري، ومسلم وأبو داود و مالك و الترمذي
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Эй Аллоҳнинг бандалари, биродарлар бўлинглар!” дедилар. Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, молик ривоятлари.
Экстремизмчиларнинг асосий мақсади эса инсонлар орасида душманликни тарқатиш.
Экстремизм учун Ислом номи ҳеч қачон асос бўла олмайди ва бўлмаган. Балки, интернет маълумотларида келганидек: “Экстремизмни фақат муайян дин билан боғлаш мутлақо асоссиздир. Хусусан, ислом дини, турмуш тарзи ва қадриятлар мажмуи сифатида ҳеч қачон экстремистик тузилмаларнинг гўёки, дин ва мусулмон жамоаси равнақи йўлида амалга ошираётган террорчилик хуружларининг асосий сабаби сифатида қаралиши мумкин эмас.
Экстремистик қарашларни барча диний таълимотлар доирасида учратиш мумкин. Масалан, мутахассислар католик черковининг эркин фикр юритувчи, ҳукмрон феодал-католик черкови ақидаларини рад этувчи кишилар — папа ҳокимияти душманларини таъқиб қилиш учун XIII асрда тузилган ва минглаб одамларнинг қурбон бўлишига олиб келган инквизиция фаолиятини экстремизмнинг ўзига хос кўриниши сифатида баҳолайдилар.
Шуниси диққатга сазоворки, экстремистик руҳдаги тузилма¬ларнинг ҳеч бири бирон-бир шаклда ўзлари жар солаётган, ўзлари «интилаётган» жамият қурилиши моделини таклиф этолмайди.
Ҳозирги даврда кўплаб экстремистик уюшмалар ва акидапарастлар турли динлар, шу жумладан, ҳристианлик ислом, яҳудийлик динлари таълимотидан фойдаланмоқдалар.
Имом хатибларимизнинг зиммаларидаги муҳим вазифаларнинг бири халқимизни, хусусан ёшларни турли бузғунчи ғоялардан, жумладан экстремистик тоифаларнинг гирдобига илиниб қолишининг олдини олиш учун бор чораларни қўллаш ва уларга аниқ далиллар билан раддиялар беришдир. Илоҳим юртимизни трли фитналардан Ўзи асрасин!

Шаҳобиддин Парпиев

Асака туман бош имом хатиби