Юртимиздаги ислоҳотлар

1264

Юртимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир соҳада бўлгани каби диний соҳада ҳам кенг миқёсда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса диний идора тизимидаги ҳар бир ходим учун масъулиятлар юклайди. Юртбошимиз шахсан ўзи ҳам бунга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан яқинда бўлган Мурожаатномасида шундай деди:
“Биз жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни изчил давом эттирамиз. Бу борада 30 июль – “Халқаро дўстлик куни” муносабати билан юртимизда биринчи марта “Дўстлик ҳафталиги”ни ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказишни таклиф этаман. Мамлакатимизда “жаҳолатга қарши – маърифат” деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади”.
Расмий маълумотларга кўра Ўрта Осиё ва Қозоғистонда 1966 йилда ҳаммаси бўлиб 400 та расмий масжид фаолият кўрсатган. Ундан ҳам 1987-йилга келиб 365тасигина қолган. Бошқачароқ айтганда собиқ иттифоқда истиқомат қилувчи 2,5 млн мусулмонларга битта масжид тўғри келган.
Бугунги кунга келиб Мустақиллигимиз юртимиз узра сочган зиё шарофати ўлароқ Республикамизнинг ўзида икки мингдан ортиқ масжид фаолият олиб бормоқда. Уларнинг барчасида таровиҳ намози адо этилади. Рамазон ойида кўплаб масжидларда, хусусан бизнинг вилочтимизда деярли барча масжидларда хатм қилинмоқда. Хатм Қуронларга юртимиздан етишиб чиққан мингдан ортиқ қорилар белгиланган рўйхат асосида жалб қилинган.
Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилаётган бир шароитда турли конфессия вакиллари билан мулоқот қилишнинг юксак маданиятига эришиш катта аҳамият касб этади. Ҳозир Ўзбекистон Республикасида 16 диний конфессия эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда.
Телевидение ва радио орқали диний-маърифий мавзуда алоҳида кўрсатув ва эшиттиришлар берилиб борилиши юртимизда Ислом динига нақадар юқори эътибор борлигини билдиради.
Юртимиз Мустақилликка эришганига ҳам чорак асрдан ошди. Бу давр кимлар учундир анча давр бўлиши мумкин, лекин мамлакатнинг иқтисодиёти ва маънавияти бу қадар ривожланиши учун жуда ҳам қисқа ва озгина вақт орлиғидир. Аллоҳ таоло бизларга шунчалик иноят ато қилдики, шунчалик қисқа вақт мобайнида Мустақил Ўзбекистонимиз ҳар томонлама тез тараққий топишга улгурди. Биз юртимиз эришган ютуқларни ҳар қанча айтсак яна айтгимиз келади. Чунки ҳар сафар она юрт тараққиётини эслганимизда қалбимиз қувончларга тўлаверади.
Имом Бухорий, Термизий, Самарқандий, Марғилонийдек буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, она тилимизга таржима қилиниш ҳам Истиқлол берган улуғ тухфалардандир. Халқимизга Қурони карим маъно тафсирлари, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадислари ўзбек тилига таржима қилиб берилишига кенг имкониятлар мавжуд бўлди. Буюк алломаларимизнинг илмий мерослари қайта-қайта нашр этилиб, кенг оммага етказилмоқда. Бу билан халқимизнинг маънавий савияси ўсиб бормоқда.
Бизларнинг эндиги асосий вазифамиз жамиятимиз аъзоларига юксак маърифатни етказиб беришдир. Юртбошимиз айтганидек:
”Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади”.

Норбўтаев Турсунали

Асака тумани

“Мирзо Шариф”

жоме масжиди ходими