Террордан огоҳ бўлинг

1126

Ислом дини тинчликпарвар диндир. Шариатимиз кўрсатмаларида ноҳақ қон тўкиш оғир жиноят саналади. Айниқса 20-21 асрларда авж олган террорчилик мутлақо шариатимизга зиддир. Чунки шариатимиз кўрсатмаларида тинч аҳолининг қонини тўкиш мумкин эмас. Ҳатто юрт ҳимояси учун жанг бўлганда ҳам аёллар ва болаларга тажовуз қилинмайди.
Лекин ҳали у шаҳарда, ҳали бу шаҳарда тинч аҳоли орасижа қўпорувчилик қилаётган террористлар дастида қанчалаб бегуноҳ норасидалар ва аёллар ҳалок бўлмоқда.
Лекин энг ҳушёр бўлишимиз зарур бўлган томони шундаки, улар динни даъво қиладилар, Исломни даъво қиладилар. Бироқ динда қайтарилган ишларга қўл урадилар.
Террорчилар диннинг ҳимоясини даъво қиладилар, лекин вақти келса мусулмонни ҳам қатл қиладилар. Уларнинг энг кенг тарқалган қуроллари – интернет тармоқлар.
Интернет тармоқлари эркинлиги ва юртлар аро эканлигидан ғарали мақсадларда фойдаланиб, қанча содда ва соф исломий таълимотдан бехабар ёшларнинг фикрларини захарлайди. Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларини ўртага қўйиб, оят ва ҳадислардан мисоллар келтириб ёшларни чалғитади.
Яхши билишимиз керакки, Ислом аслида террорга қарши. Террор эса Исломдан эмас, балки Ислом душманларининг найрангларидар.
Терроризм — жамиятда беқарорлик кел¬тириб чиқариш, аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотишга қаратилган сиёсий курашнинг ўзига хос усулидир. У яширин руҳдаги ташкилотлар томонидан беқарорлик келтириб чиқариш орқали давлат ҳокимиятиии эгаллаш мақсадида қўлланилади. Террорчи уюшмалар оммавий бўла олмагани учун ҳам кўп ҳолларда аҳолининг кенг қатламлари номидан ҳаракат қилиш таассуротини уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаланадилар.
Терроризмнинг энг асосий хусусиятларидан бири бундай ҳаракат тарафдорларининг «зўрлик давлатни қулатувчи ва ҳокимиятга эришишни осонлаштирувчи парокандаликка олиб келади», – деган ғояra асосланиб ҳаракат қилишларида яққол кўринади. Тер¬роризмнинг яна бир хусусияти ҳеч қандай уруш бўлмаётган, тинчлик ҳукмронлик қилаётган, жамиятда демократик институтлар фаолият кўрсатаётган бир шароитда муқобил усулларни атайин инкор этган ҳолда, сиёсий масалаларни зўрлик йўли билан ҳал қилишга интилишда кўринади.
Бугунги кундаги террорчилик услубларининг анча кенгайганини таъкидлаш зарур. 1970 йилларда бирор шахс ёки сиёсий арбобга қарши уюштирилган террор амалиёти кўпроқ учраган бўлса, ҳозирда жамоат жойларида, самолёт, автобус, поездларда портлашларни содир этиш орқали кўплаб тасодифий кишиларнинг қурбон бўлишига олиб келадиган қўпорувчиликни амалга оширишга эътибор берилмоқда. Экспертларнингфикрича, бун¬дай ҳаракатлар, биринчи навбатда, нобуд бўлганлардан кўра, унинг гувоҳларига қаратилгандир.
Шунинг учун ҳам, ОАВ террорчиларнинг ўз мақсадларига эришишларида асосий қуролга айланиб бормоқда. Киднеппинг ёки гаровга олиш ҳам моҳиятан ўзгариб бормоқда. Авваллари гаровга олишдан мақсад пул ундириш бўлган бўлса, ҳозирда террорчилар асосан халқаро муносабатлар соҳасида ва мамлакатда беқарорликни келтириб чиқариш борасида мўлжаллаган сиёсий мақсадларига эришишни кўзлайдилар.
Шу билан бирга, бу жараённинг ОАВ орқали кенг ёритилиши ва омма онгида хавотирли акс-садо беришига эришиш орқали гуруҳнинг жамият олдида танилиши ҳам ҳисобга олинади. Бундай ҳаракат замирида, аслида террорчиларнинг ожизлиги намоён бўлишини кўриш мумкин. Чунки жамиятда овоза бўлишга интилиш, одамларда қўрқув ҳиссини уйғотиш йўли билан ташкилот ўзининг бош мақсадига эришмоқчи бўлади. Шунинг учун ҳам, таъсир ўтказиш орқали хулқини моделлаштириш ва фаоллигини бошқариш мумкин бўлган pyҳи ожиз ва қарашларида собитлик йўқ кимсалар ижрочи сифатида чиқадилар.

Шарофуддинов Мухторжон Марҳамат туман бош имом