Ислом никоҳ ва талоққа адолатли, инсофли ва пурҳикмат низомни муқаррар қилди. Ушбу низом бошқа динларда мавжуд ифрот, яъни ҳаддан зиёд бўш қўйишдан ва тафрит, яъни ҳаддан зиёд маҳкам тутишдан покдир. Ислом шариати талоқни бутунлай ҳаром қилиб ҳам қўймади ва унга ҳеч қандай сабабсиз, оммавий тарзда рухсат ҳам бермади. Балки талоққа ижозат бера туриб, шундай деб таъкидлаб қўйди: عَنْ ابْنِ عُمَرَ أن النَّبِيِّ قَالَ : “أَبْغَضُ الْحَلالِ إلَى اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ الطَّلاقُ” . رَوَاهُ أَبُو دَاوُد وَابْنُ مَاجَةْ. Ибн Умардан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла наздида ҳалол нарсаларнинг энг ғазаблиси талоқдир» (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти). Ҳадисдан кўзланган мақсад шуки, талоқ қўйишга ўйлаб, фикр қилиб, энг охирги, мажбурий ҳолатдагина қадам қўйиш керак. Чунки талоқ никоҳ воситасида юзага келадиган улуғ бир риштани узиш ҳисобланади. Шунинг учун никоҳ битимини бекор қилишни арзимаган гап деб билмаслик лозим. Зеро, никоҳ бошқа муомала ва битимлар каби шунчаки муомала ёки битимгина эмас, балки никоҳ шаръий ибодат ва набийларнинг суннатидир. Никоҳда бошқа битимларда топилмайдиган шартлар мавжуддир. Бундан ташқари, никоҳга хос баъзи қонунлар ҳам бор, жумладан, баъзи эркаклар баъзи аёлларни ўз никоҳларига олишлари мумкин эмас. Шу билан бирга, никоҳдан бошқа битимларни тузиш учун гувоҳ шарт эмас. Лекин никоҳ дуруст бўлиши учун албатта гувоҳ шарт ҳисобланади, яъни икки гувоҳ олдида ийжоб («Ўзимни сизга бағишладим») ва қабул («Сизни жуфти халолликка қабул қилдим») бўлмаса, никоҳ ҳисобланмайди. Шу боис ҳам никоҳдан кўпчиликнинг кўз ўнгида ўтиш суннат ҳисобланади. Никоҳ умр савдоси бўлиши билан бир қаторда, Аллоҳ таолонинг ажиб мўъжизасики, ийжоб ва қабул сўзларини айтиш билан эр-хотинлик ришталари пайдо бўлиб, икки хонадон бир-бири билан қариндошга айланади. Никоҳ ришталарини чиройли, пухта боғлаш учун битим аввалида бир неча кўрсатмалар берилган. Уни сақлаб қолиш учун бир неча босқичга эга бўлган тавсиялар берилиб, охирги босқичда талоққа рухсат берилган.
Иззатулло Турғунов
Шаҳрихон туман
“Сулаймонбек”
жоме масжиди имом-хатиби