Ватан ишқи, Ватан туйғуси, Ватан қадрини ундан айро тушганлардан сўранг. Бу борадаги ҳаётий ҳақиқатни ўз вақтида шоҳ ва шоир, буюк саркарда, Ҳиндистондаги катта империяга асос солган Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтиб ўтган. Гарчи қудратли давлат ва армияга, чексиз имкониятларга эга бўлса-да киндик қони тўкилган тупроққа қайта олмаган бобомизнинг сўнгсиз армонлари ҳар қандай одам учун ўзига хос ибрат бўла олади.
Ватан туйғуси бугунги замондошларимиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Негаки, ҳозирги мураккаб, геосиёсий жиҳатдан қатор ўзгаришларга юз тутган замонда юрт тинчлиги, унинг даҳлсизлини сақлаш ҳар галгидан-да зарурроқ бўлиб қолди. Бунинг учун аввало илм-маърифат талаб этилади. Билимсизлик жаҳолат боши, нодон кимса учун Ватаннинг ҳам қадри бўлмайди.
Шу боис ҳам Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда алоҳида таъкидлаб ўтди. Яъни: “Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради.
Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.
Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”
Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак”.
Ҳа, илм-маърифат бу зиё. Зиёга тўлган қалблар эса Ватанни муҳаббат ила ардоқлайди. Онадек муқаддас, ягона бўлган Ватанни қанчалар эъзозласак ўзимизни қадрлаган, асраб-авайлаган бўламиз. Юртини севган одамдан хатто офату-балолар ҳам айланиб ўтади. Ёмонлик, жаҳолат, душманлик таъсир қила олмайди.
Фикримизнинг тасдиғи учун бир ривоятни мисол келтирамиз.
Ровийлар ривоят қилишларича, ёғий билан бўлган жангларда баҳодир бир йигит доимо сафнинг олдида бўлибди. Унга на ёвнинг ўқи, на тиғи таъсир этибди. Душман лашкарбошиси машварат чақирибди.
– Баҳодир агар яна икки кун шундай жанг қилса, холимиз хароб,-дебди у. -Қандай бўлмасин уни йўқ қилиш чорасини ўйланг.
Қора ниятли сеҳргар бу сўзни эшитиб узоқ ўйга толибди.
Уни енгиш мушкул, – дебди у ниҳоят, баҳодирни енгилмас қилган юрт муҳаббати. Унга фақатгина юртини шундай севган баҳодиргина бас келади.
Не-не душман паҳлавонлари баҳодирга рўбару бўлибдилар. Лекин барчаси мағлуб бўлибди. Унга заҳарланган юзларча ўқ узибдилар, лекин баҳодир қилт этиб тебранмабди. Ҳатто заҳарли ўқдан ҳам унга кор қилмабди. Нега десангиз баҳодирнинг белига боғланган бир кафт тупроқ уни бало-қазолардан асрабди ва душман енгилиб ортига қайтишга мажбур бўлибди.
Демак, қалбида Ватан туйғусини азиз билан одамнинг иймони бутун, эътиқоди мустаҳкамдир. Иймонли-эътиқодли, Ватанининг севган кишиларнинг ҳаёти фарвон, турмуш тинчи, дастурхони тўкин бўлиши аниқдир. Шундай экан, барча юртдошларимизга илм-маърифат, юртга муҳаббат туйғуси ҳамроҳ бўлишига тилакдошмиз.
Бахтиёржон ҚОДИРОВ,
Бўз туман
бош имом-хатиби.