Ноҳақ тўкилган қон-ўша инсон мен бўлсам-чи?

1274

Кунда-кун орада гоҳ телевизорда гоҳ интернетда кўрамиз, гоҳ газеталарда ўқиб қоламиз фалон шаҳарда террор оқибатида шунча инсон ҳалок бўлди, деб. Аввало Аллоҳ таоло бизнинг юртимизни ўшандай офатлардан сақлаганига шукр қиламиз. Бундан кейин ҳам Ўз ҳифзу-ҳимоясида асрашини сўраб қоламиз.

Муҳтарам Президентимизнинг оқилона сиёсатлари натижасида юртимиз турли ғалаён ва фитналардан омонда бўлса-да, бизлар террорга ва фитналарга бепарво бўлишимизга ҳақимиз йўқ. Балки “Қўшнинг тинч – сен тинч” деганларидек, бу муаммоларнинг олдини олиш ва келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ҳар биримизнинг бутун ҳамжамият олдидаги инсоний бурчимиздир.

Биз яхши билишимиз керакки, ноҳақ қон тўкиш оғир жиноят. Миллиардлар жон орасида бир неча инсон статиситик ҳисоб билан олганда арзимас рақам бўлса-да, у – инсон!

Ўша инсон мен бўлсам-чи?

Ўша инсон сиз бўлсангиз-чи?

Ўша инсон ё сизнинг ёки менинг жигаргўшам бўлса-чи?…

Ҳа, ҳар бир ҳалок бўлган инсон сиз ва мен каби яшаш ҳуқуқига эга бўлган инсон эди!

Бугун Европада кимдир ноҳақ ҳалок бўлса, бунга парво қилмасак. Эртага Осиёда хунрезлик бошланса, хотиржам тураверсак. Бу ҳолат бизнинг уйимизгача кириб келишини кутиб ўтиршимиз керакми?

Қаҳрамон шоиримиз ёзганидек:

Очилгали кўз шартми экан тошга бош урмак,

Сўнг кўзни яшурмак,

Не ўй била нодон тошига бош урадирсан,

Не наф кўрадирсан?

                                                                       (Э. Воҳидов)

Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган бўлиб, Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳисоб-китоб биринчи бўлиб шу хусусда кечишини ҳеч ким унутмаслиги керак. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

وَعَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رضي اللَّه عَنْهُ قَالَ : قَالَ النَّبيُّ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم : « أوَّلُ مَا يُقْضَى بَيْنَ النَّاسِ يوْمَ الْقِيَامةِ في الدِّمَاءِ » مُتَّفَقٌ علَيْهِ

“Қиёмат кунида одамлар орасида энг аввал ҳукм қилиниши қон тўкилишидандир”. (Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Ҳар бир инсонинг ноҳақ тўкилган қони ҳар бир мусулмон учун ҳаром.

وعن ابن عمر رضي اللَّه عنهما قال : قَالَ رسول اللَّه صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّمَ: « ألا إن اللَّه حرَّم علَيْكُمْ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوالكُمْ ، كَحُرْمَةِ يوْمكُمْ هذا ، في بلدِكُمْ هذا ، في شَهْرِكُم هذا ألاَ هل بلَّغْتُ ؟ » قَالُوا : نَعَمْ ، قال : « اللَّهُمَّ اشْهَدْ ثَلاثاً ويْلَكُمْ أَوْ : ويحكُمْ ، انظُرُوا: لا ترْجِعُوا بَعْدِي كُفَّاراً يضْرِبُ بَعْضُكُمْ رِقَابَ بَعْضِ » رواه البخاري ، وروى مسلم بعضه .

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул вадоъда шундай деганлар:

“Огоҳ бўлингки, Аллоҳ сизларга қонларингизни, молларингизни ҳаром қилди, мана шу кунингизнинг ҳурмати каби, мана шу шаҳрингизнинг ҳурмати каби, мана шу ойингизнинг ҳурмати каби! Мен сизларга етказдимми?”

“Ҳа” дедилар.саҳобалар“.

“Эй Аллоҳ, Ўзинг гувоҳ бўл!” деб уч бора айтдилар ва яна шундай дедилар:

“Ҳолингизга вой бўлсин! Қаранглар, мендан кейин бирингиз бирингизнинг бўйнига қилич урадиган кофирлик ҳолатига қайтиб кетмангиз!”. (Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Бу улкан насиҳат ҳар бир мўмин учундир. Бу улуғ насиҳат қиёматга қадардир!

Улуғбек қори Йўлдошев