Дарҳақиқат, тарихдан маълумки, пайғамбарларнинг барчаси ҳам зиммаларидаги Аллоҳ таоло томонидан юклатилган элчилик вазифаларини буюк омонат билан адо этиш билан бир қаторда ўзлари ва оила аҳлларини боқиш учун ҳалол касб билан машғул бўлганлар. Масалан, Одам алайҳис салом деҳқончилик ва тўқувчилик, Идрис алайҳис салом тикувчи ва хаттот, Нуҳ ва Закариё алайҳис саломлар дурадгор, Ҳуд ва Солиҳ алайҳис саломлар тижорат, Иброҳим алайҳис салом деҳқончилик ва тижорат, Довуд алайҳис салом темирчи, Сулаймон алайҳис салом ҳунарманд, Мусо, Шуъайб ва Пайғамбаримиз алайҳис саломлар чўпонлик билан шуғулланганлар. Инсон учун энг ҳалол касб ўз меҳнати эвазига топилган ризқдир. Миқдамдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ алайҳис салом : “Ҳеч ким ўз қўл меҳнати билан топгандан яхшироқ таом еган эмас, дарҳақиқат, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд а.с. ҳам ўз қўл меҳнати билан кун кўрган” (Имом Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: яъни: Пайғамбар алайҳис салом дедилар: “Бирортангиз елкасига ўтин ортиб юргани бировдан тиланчилик қилиб, у бериб ёки бермаганидан яхшироқдир” (Имом Бухорий ривояти). Ҳалол касб-ҳунар орқали тирикчилик ўтказиш ҳам ибодат саналади. Эрта тонгдан кечгача ҳалол ризқ билан оила аҳлини боқиш мақсадида ишлаб ҳорган кимсанинг гуноҳлари кечирилади, дейилган бир ҳадисда. Инсон ҳалол касб қилар экан, албатта, биринчи навбатда нияти холис бўлиши лозим. Яъни, шу ҳалол касби орқали ўзини ва аҳли оиласини таъминлаши, ўзгаларга қарам ва муҳтож бўлишдан сақланиши, қолаверса, жамиятдаги кишиларга манфаат етказиши, уларнинг оғирини енгил қилиши касб қилишдан кўзда тутилган асосий мақсад бўлмоғи керак. Аллоҳ таолога беадад ҳамдлар бўлсинки, биз бандаларига ақлу идрок бериб, ҳалол касб йўлларини кўпайтириб ато этган. Давлатимизда ҳам йил сайин иш ўринларини кўпайтириш борасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, олийгоҳлар, касб-ҳунар коллежлари ва турли ўқув марказлари фаолиятларини йўлга қўйилишидан мақсад ҳам ёшларни касб-ҳунарли қилиб ҳаётларининг фаровон бўлиши ва эл-юрт равнақига ўз ҳиссаларини қўшишлари учун имконият яратишдир. Зеро, ҳалол касб қилишнинг кўплаб дунёвий ва ухровий манфаатлари бордир. Жумладан, ҳалол касб қалбга нур, дилга сурур бахш этади. Инсонда хотиржамлик ва ҳаловат пайдо қилади. Ўз касби ва мансаб-мартабасини суистеъмол қилиш, касбу-корида қалбакиликка, таъмагирликка ўтиш орқали ҳалол бўлмаган йўллар билан кун кўриш айни гуноҳ ишдир. Пайғамбаримиз алайҳис салом бу ҳақда шундай дедилар: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, банда қорнига битта ҳаром луқмани ташлаши билан қирқ кунлик амали қабул бўлмайди. Қайси банданинг эти ҳаром ва рибо орқасидан ўсган бўлса, у дўзахга лойиқдир” (Имом Табароний ривояти).Киши бирор касб-ҳунар билан шуғулланар экан, уни пухта ва холис бажармоғи лозим бўлади. Юртимизда яшаётган ҳар бир инсон борки, у ўқитувчи ёки шифокор бўладими, олим ёки оддий ишчими, тадбиркор ёхуд хизматчими, қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, Ватаннинг равнақи йўлида, ўз касбидан келиб чиқиб, юртимизнинг келажаги ва ривожланиши йўлида астойдил хизмат қилиши керак. Ўз касбига нисбатан садоқати бўлмаган шахснинг на ишида, на касбу корида барака бўлади, балки унинг бутун ҳаёти беқарорликда ўтади. Модомики, биз буюк келажак сари одимлаётган эканмиз, ҳар биримиз ўз вазифамизга садоқат билан ёндашмоғимиз лозимдир.
Касбингдан бўлади оила обод, Ризқинг муҳайёдур, ота-она шод.
Касбингдан элу юрт олади фойда, Ранжинг бекор кетмас, умринг бефойда.
Эй фарзанд,яҳшидур барча касбу кор, Бекорчидан билсанг, Худо ҳам безор.
Касбу ҳунар сенга доим бўлсин ёр, Сен билан элу юрт қилсин ифтихор.
Аҳмадали Худайбердиев
Олтинкўл туман
“Кўтармачек” жомеъ масжиди
имом-хатиби