Ватан ишқи, Ватан муҳаббати доимо қалбларни маҳв этган. Ҳар қандай инсон Ватанга талпиниб ўтган. Ҳатто унга хиёнат қилганлар ҳам гарчи юртга киргани имкон топа олмаса-да, бир умр Ватанини қўмсаб ўтган.
Ватан тушунчаси ҳар қандай инсонда ҳам мавжуд экан уни тўғри шакллантириш зарур. Айниқса эндигина борлиқни теран англай бошлаган ёшларимизга бу туйғуни кўпроқ тушунтиришимиз, уларнин турли мафкуралар олдида чалғиб кетишини олдини олишимиз керак. фарзандларимизни шундай тарбия қилайликки, улар Ватанга, юртга, халққа содиқ бўлсин.
Донишмандлар айтадилар: «Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормаклари даркор…».
Дарҳақиқат, ўз Ватанига хизмат қилиб ўтган фарзандлар ҳар бир миллатда эсланиб, ўз миллатнинг қахрамонлари сифатида мадҳ қилиниб, хотираси эъзозланиб келинади.
Муҳаммад Ғаззолий шундай дейди: “Башар ўз ерига, гарчи, у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”, деган.
Муқаддас динимизда Ватанни севиш имоннинг белгиси экани айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадина шаҳрига кўчиб кетаётиб йиғладилар. Маҳзун ҳолда она-шаҳри Маккага қайта-қайта қараб: “Қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши маконисан ва Аллоҳнинг энг маҳбуб шаҳрисан. Агар мени сендан чиқармаганида, асло чиқмасдим”, деганлар (“Фатҳул борий”).
Пайғамбаримиз она шаҳридан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Лекин доим ўзлари туғилиб ўсган Макка сари талпинар эдилар. Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад!) Албатта, сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот, шак-шубҳасиз, сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир» (Қасас сураси, 85-оят) ояти нозил бўлгач, таскин топдилар.
Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳ: “Мен Ватандан айрилиқдек оғир синовга дучор бўлмаганман” (Ҳулятул авлиё), деган.
Ватанпарварлик — Ватанни севмоқликни англатса, бу илмни эгаллаган киши Ватанга жонини атаган комил инсон мартабасига етган бўлади. «Ватанни севмак» деган тушунчадан ташқари «Ватан билан ғурурланиш, фахрланиш» деган тушунча ҳам мавжуд. Зеро, бу икки тушунча бир-бирисиз яшай олмайди. Қадимдан эшитиб келамизки, киши ўзининг етти аслини билиши керак, дейишади.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматлар берган. Мана шу неъматлар ичида энг улуғи – тинчлик ва осойишталикдир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш ва тараққиёт бўлади. Аллоҳ таоло юртимиз фуқароларини мана шу неъмат билан сийлаб, мамлакатимизни бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоя қилиб турибди.
Албатта, Парвардигор ҳеч нарсани бесабаб яратмаган. Юртимизнинг тинчлигига ва барқарорлиги муҳтарам Юртбошимизнинг одилона олиб бораётган сиёсати билан чамбарчас боғлиқдир. Мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Қанчадан-қанча кўприклар, йўллар, ўқув даргоҳлари, турли корхоналар қуриб битказилди. Шаҳар ва қишлоқларимиз чирой очиб, обод бўлиб бормоқда.
Улуғбек Сатторов
Марҳамат тумани
“Обиджон Сатторов” жоме масжиди имом-хатиби