Ватанни севмоқ иймондандир

1353

Ҳар биримиз ҳаётга муҳаббатли она ватанга садоқатли бўлишлигимиз керак. Юртни чин юракдан севиб, ардоқламоқ учун биз меҳнат- севарлик, адолат, меҳр-оқибат, кексаларга ҳурмат, ёшларга иззат, шарм-ҳаё, тўғрилик инсоф-диёнат, раҳм-шавқат ва муруват, камсуқумлик, бардошлилик каби юксак фазилатларга эга бўлмоғимиз даркор. Аллоҳ Таоло Одам ато ва Момо Ҳавводан дунёга келган зурриётларини ерда турли миллат ва элатларга бўлиб қўйди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло ўзининг оятида шундай марҳамат қилади.

ياأيها الناس إنا خلقناكم من ذكر وأنثى وجعلناكم شعوبا و قبائل لتعارفوا إن أكرمكم عندالله أتقاكم إن الله عليم خبير.

“Эй,инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила(элат)лар қилиб қўйдик, Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир. “(Ҳужурот,13).

Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли ватанга айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб борганларидан сўнг туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим.” деб марҳамат қилдилар. Демак, ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир. Тарихдан маълумки, бирор бир миллат бошқа миллатни таҳқирламоқчи ёки оёқ ости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уларни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллатга бундан ортиқ хўрлик ва азоб йўқ. Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Марҳум аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг сўзлари она-Ватанни севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат ўйғотади:”Ҳар бир кимсага маълумки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган,қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она-Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини”. Динимиз таълимотларида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар

من قتل دون ماله فهو شهيد و من قتل دون نفسه فهو شهيد ومن قتل دون د ينه فهو شهيد ومن قتل دون اهله فهو شهيد (رواه ابو داود والترمذي.)

“Молини, жонини, динини, аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир” – деб марҳамат қилдилар. (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас.Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлар эди. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она-ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди.

Ҳакимларимиз айтадилар:”Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғу-ришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойи- лиги ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб ҳар томонлама мустаҳкам ва қуд-ратли бўлиши ҳамда халқни тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Аллоҳ Таоло ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин.

 

Отабек Хусанов

Олтинкул тумани

“Жалабек ота” жоме имом-хатиби