Қўштирноқ ичидаги маданият

1197

Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда. XXI асрда мафкуравий курашларнинг ақл бовар қилмас турлари пайдо бўлди.

Ҳар бир халқнинг миллий-маънавий анъаналарига путур етказувчи, шаҳватларга, инсоний ахлоққа терс ҳаётга чақирувчи “Оломонча маданият” зарарлари, ёшлар тарбиясига салбий таъсирлари беқиёс. “Оломонча маданият” жамиятда бузғунчилик ва зўравонликни тарғиб этиш орқали болаларга гўё истаган ишни қилиш “эркинлик бериш” каби бемаъни одатларни ёйиш орқали уларни манқуртга айлантириб, маънавий ҳаётни оғир инқирозга дучор қилмоқда. Оммавий маданиятни ёшлар онгига сингдиришга уринаётганлар, ёшларни фақат ўз фойдасини кўзлаб иш тутадиган худбин, атрофдагиларга бепарво боқувчи лоқайд кимсаларга айлантириш, ёшлар орасида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, бир жинслилар никоҳи, зино, гиёҳвандлик каби ёмон иллатларни тарғиб этишмоқда. “Оломонча маданият”ни тарғиб этишдан асл мақсадлари ёшларни беҳаёлик ва бузуқлик, ахлоқсизлик ва маданиятсизлик билан тўғри йўлдан адаштириш, онгини заҳарлаш орқали жамият тараққиётига болта уришни мақсад қилишгани сир эмас.

Биргина мисол, хорижда ишлаб чиқарилаётган кийимлардаги ёзувларга эътибор қаратсак. Кийимлардаги «killer» (қотил) «danger» (дахшат) каби сўзлар ёки ҳаёсизликни ҳамда ўзи хоҳлаган ишни қилишга тарғиб қилувчи «my life my rules» (менинг ҳаётим менинг қоидаларим) каби сўзлар ёшлар онгига таъсир қилмасликка ҳеч ким кафолат бермайди. Бундай жирканч “маданият” таъсирига тушган ўсмир худбин, лоқайд, дангаса, енгил-елпи ҳаётга ошно, юрт равнақи ва халқ тинчлигига бефарқ кимса бўлиб вояга етиши тайин албатта. Беҳаёларча кийиниш, ташқи кўринишлари, кийимлари, соч ва соқолларига турли хил нақш чиздириб олишлари, ўғил болаларни қулоқ ва бурунларига турли туман зираклар тақиб олишлари “оммавий маданиятни” ёшларимиз онгига бузғунчи аҳлоқларни сингдиришга уринишидир. Одоб-аҳлоқ, меҳр-оқибат, ибо-ҳаё, ор-номус, иффат ва диёнат каби фазилатлар азалдан халқимиз маънавий оламининг ажралмас қисмига айланган. Ота боболаримиздан қолган бундай гўзал одоб ахлоқларни, миллатимиз қадриятларини, юксак маънавиятимизни, жаннатмакон юртимиз обод, фарзандларимиз келажаги порлоқ бўлиши учун маданиятсизликни тарғиб қилувчи “маданиятга” алмаштирмайлик.

Хўжаобод тумани бош имом-хатиби

Мақсудали ҚОСИМОВ,