Интернет тармоғида мусулмонларга “янги йилни нишонлаш мумкин эмас” деган даъватни тарқатаётган манбалар учраб турибди. Бу каби тоифалар яқинда пайғамбаримизнинг туғилган куни – Мавлудни нишонлашни бидъат деб даъво қилишган эди. Янги йилни мусулмонлар нишонлашни мумкин эмас деб чиқаётганларнинг аксарияти 1 январь кунини христианларнинг Рождество байрами билан боғламоқда.
Шунинг учун Милодий сананинг тугаши ва бошланиши хақид бироз сўз юрутмоқчимиз
Милодий йил деганда қуёшнинг чиқиб-ботиши билан ҳисобланадиган шамсий санани англамоғимиз керак. Мана шу қуёш нури йил давомида қачон кучаяди, қачон камаяди, шунга қараб, деҳқонлар баҳор, ёз, куз, қиш фаслларига эътибор бериб, ўз деҳқончиликларини қачон бошлаб, қачон йиғиштириб олиш лозимлигини белгилаб келадилар. Шамсий-милодий сана ҳисобидаги 12 ойни ҳар бир халқ ўз тилида номлаган. Масалан, биз кўпроқ арабча, ўзбекча, русча номларини қўллаймиз: Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадий, Далв ва Ҳут каби номлар халқимизга азалдан таниш. Январь, февраль, март, апрель, май, июнь, июль, август, сентябрь, октябрь, ноябрь ва декабрь ойлари кенг истемолда экани ҳам барчага маълум. Мазкур ойлар номининг христиан дини билан боғлиқ жойи йўқ.
Лекин халқимиз ичида “Янги йилни, яъни 1-январь кунини кутиб олиш, байрам қилиш, бир-бирини табрик қилиш мусулмончиликка тўғри келмайди, у христианларнинг байрами” каби гапларни гапириб юрувчилар ҳам бор. 1 январь христианларнинг байрами эмас, балки шамсий-милодий сана билан йил ҳисобини юритувчи халқларнинг ҳаммаси учун йил боши сифатида қарши олинадиган кун. Ваҳоланки, христианларнинг “Роджество” куни 25 декабрь ёки 7 январга тўғри келади. 1-январни эса барча дунё халқлари қатори биз ҳам йилнинг янгиланиши сифатида кутиб оламиз ва бир йил давомида қўлга киритган ютуқ ва камчиликларимизни бирма-бир сарҳисоб қилиб оламиз. Биз янги йилни мусулмонча эътиқод билан кутиб оламиз. Ҳатто динимиз таълимоти бўйича ҳар бир кунни қарши олишда “Мана шу ёруғ кунга саломат еткизганингга шукр” – деб Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтишимиз лозим.
“Баёнун лин-нас” номли китобда бу хусусда мусулмонлар учун анча кенглик борлиги қайд этилган. Далил сифатида “Рум” сурасининг
1-5 оятлари ва ҳадиси шарифлардан келтирилиб, икки ҳайитдан бошқа маълум кунларда барҳақ пайғамбарлар ҳаётида юз берган муҳим воқеа ва саналарни байрам қилиш ва байрамлар диний ҳамда дунёвий сабаблар муносабати билан нишонлаш дурустлиги зикр этилган.
Бинобарин, янги милодий-шамсий йилни диний байрам сифатида эмас, йилнинг янгиланиши, умримизга умр қўшилиши, эски йилда қилиб улгурмаган хайрли ишларимизни янги йилда қилиш учун яхши ниятлар билан кутиб олишимиз ақлан ва шаръан жоиздир.
Аллоҳ таоло кириб келаётган янги 2020 йилни барчамизга хайрли ва муборак айлаб, юртимизга тинчлик, хонадонларимизга қут-барака насиб айласин!