УМРИМИЗ САРҲИСОБИ

1435

Маълумки, тарих воқеаларини белгилаш, тинмай ўтаётган вақт ҳисобини аниқлаб ёзиш ва кейинги авлодга қолдириш мақсадида кун, ой, йилларнинг ҳисобини тақвим шаклида қадимдан кенг истеъмол қилиб келинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: яъни: “Албатта Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади-Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ-ўн икки ойдир”. (Тавба сураси 36-оят)
Милодий йил деганда қуёшнинг чиқиб-ботиши билан ҳисобланадиган шамсий санани англамоғимиз керак. Тарихдан маълумки мана шу қуёш нури йил давомида қачон кучаяди, қачон камаяди, шунга қараб, деҳқонлар баҳор, ёз, куз, қиш фаслларига эътибор бериб, ўз деҳқончиликларини қачон бошлаб, қачон йиғиштириб олиш лозимлигини белгилаб келадилар. Шамсий-милодий сана ҳисобидаги 12 ойни ҳар бир ҳалқ ўз тилида номлаган. Масалан, биз кўпроқ арабча, ўзбекча, русча номларини қўллаймиз: Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадий, Далв, Ҳут каби номлар ҳалқимизга азалдан таниш, Январь, февраль, март, апрель, май, июнь, июль, август, сентябрь, октябрь, ноябрь, декабрь ойлари кенг истеъмолда экани ҳам барчага маълум. Мазкур ойлар номининг насронийлик дини билан боғлиқлик жойи йўқ.
Шунингдек, дунёвий ишларимизда бир неча асрлардан буён милодий, яъни Григорян календаридан фойдаланамиз, чунки дунё ҳалқларининг кўпчилиги мана шу календарга асослангани учун биз ҳам унга амал қиламиз.
“Милод” сўзининг маъноси арабчадан таржима қилинганда “туғилиш” деган маънони англатади.
Милодий сана деганда биз-мусулмонлар Ислом дини таълимоти бўйича нимани тушунамиз, унинг тарихи қандай ва биз унга қандай муносабатда бўлишимиз зарур бўлади.
Милодий сана тарихи Исо(а.с.) тарихлари билан бевосита алоқадордир.
Милодий сана Исо(а.с.)ни туғилган йилдан бошланганлиги учун ушбу санани Милодий сана деб юритилади.
Қуръони каримда 25дан зиёд ояти каримада Исо(а.с.)ни номлари зикр этилади. У кишининг Довуд (а.с.) зурриётларидан бўлмиш Биби Марям бинти Имрондан Аллоҳ таолонинг қудрати билан дунёга келганлари тўғрисида Қуръони каримнинг ўн битта сурасида батафсил баён қилинган.
Биз аҳли ислом шариатимиз таълимотларига асосан барча ўтган пайғамбарларни ҳақ пайғамбарлар деб эътиқод қилишимиз, уларни бир-бирларидан айирмаган ҳолда барчаларини баробар тасдиқ қилишимиз ва шу жумладан Исо(а.с)ни ҳам Аллоҳнинг бандаси ва Бани Исроил қавмига юборилган барҳақ пайғамбари деб имон келтиришимиз зарур бўлади.
Исо(а.с.)га Инжил нозил қилиниб, шу китоб асосида ўз қавмларига шариатдан таълим берганлари, Исо (а.с) ва Биби Марямлар маъбудлар эмас, балки Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан эканини ҳақ деб билмоғимиз керак бўлади.
1-январни барча дунё ҳалқлари қатори биз ҳам йилнинг янгиланиши сифатида кутиб олиб шу бир йил давомида қўлга киритган ютуқ ва камчиликларимизни бир сарҳисоб қилиб оламиз. Биз янги йилни шариатимизга мос ҳолда кутиб оламиз. Ҳатто динимиз таълимоти бўйича ҳар бир кунни қарши олишда “Мана шу ёруғ кунга етказганингга шукр” –деб Аллоҳга ҳамду санолар айтишимиз зарурдир.
Миср Араб Республикаси “ал-Азҳар” университети уламолари нашр этган “Баёнун линнос” номли китобда бу хусусда мусулмонлар учун анча кенглик борлиги қайд этилган. Далил сифатида “Рум” сурасининг 4- ояти яъни: “…бир неча йил ичида. Олдин ҳам кейин ҳам иш Аллоҳникидир. Ўша кунда мўминлар (румликларнинг ғалабасидан) шодланурлар”. Ҳамда Расулуллоҳнинг хадиси шарифларидан келтирилиб, икки ҳайитдан бошқа муҳим саналарни байрам қилиш ва байрамларни диний ҳамда дунёвий сабаблар муносабати билан нишонлаш дурустлиги зикр этилган.
Бинобарин, янги милодий-шамсий йилнинг янгиланиши, умримизга умр қўшилиши, эски йилда қилиб улгурмаган хайрли ишларимизни янги йилда қилиш учун яхши ниятлар билан кутиб олишимиз ҳам ақлан, ҳам шаръан жоиз экан.

Энди Ҳижрий сана тарихига бир назар ташлайдиган бўлсак, “Ҳижрат” сўзининг маъноси кўчишликдир. Ҳижрий йил ҳисобида ҳам худди милодий йил каби ойларни адади ўн иккита бўлиб, улар Муҳаррам, Сафар, Рабиул аввал, Рабиъус соний, Жумодул аввал, Жумодус соний, Ражаб, Шаъбон, Рамазон, Шаввол, Зулқаъда, Зулҳижжа ойларидир.
Ҳижрий-қамарий тақвим ҳисоби жаноб Расули акрам(с.а.в.) вафотларидан сўнг халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.)даврларида вужудга келади. Умар (р.а.) бошқа катта саҳобалар билан маслаҳатлашиб, Ислом тарихи учун янги тақвим тузиб, ўтган воқеаларни шу ҳисоб бўйича олиб бориш зарурлигини тушунтирганларида барча саҳобалар бу фикрни бир овоздан маъқуллашди. Ҳижрий сана аввалини қайси йилдан бошлаш тўғрисида ҳар қайси саҳоба ўз фикрларини баён қилди. Баъзилар Расулуллоҳ(с.а.в.) туғилган кунларидан бошлайлик десалар, бошқалари у зотнинг (с.а.в.) вафот этган саналаридан бошлашни маъқуллашар эди.
Ҳазрати Умар(р.а.) : “Расулуллоҳ вафотларидан бошласак, ҳар йил бошланишида у жаноб вафотларининг қайғуси янгиланиб, янги йилни байрам қилиб эмас, мотамсаролик ила кутиб олишга тўғри келади”, деб бу фикрни ҳам рад этадилар.
Ниҳоят, ҳаммаларининг фикрлари бир бўлиб, янги ҳижрий санани Расулуллоҳнинг(с.а.в.) Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага қилган ҳижрат кунларидан бошлаб, яъни (кўчиб ўтганларидан) ҳисоблашга иттифоқ қиладилар.
Ҳижратларининг кунлари сафар ойига тўғри келган бўлса-да, лекин унга тайёргарчилик Муҳаррам ойидан бошланганлигини эътиборга олиб, Ҳижрий сана аввалини шу муборак ой –Муҳаррамнинг биринчи кунларидан ҳисоб қилишга қарор қилинди.
Шундай қилиб, ҳижрий-қамарий санамизнинг биринчи йил куни-милодий сананинг 622йил 16 июл жума кунига тўғри келади.
Мана шу тарихдан бери бутун араб ва Ислом олами ҳалқлари қатори, диёримиз мусулмонлари ҳам диний байрамларни ва хусусан, Рамазон ҳамда Қурбон ҳайити кунларини белгилаш каби масалаларда ҳижрий-қамарий тақвимдан кенг фойдаланиб келмоқдалар. Ҳозир мана сизу бизлар, Ҳижрий 1441 йилни қарши олдик. Ҳижрий йилни учинчи ойи ҳам якунланиб бешинчи ойига яъни Жумодил-аввал ойига яқинлашиб қолдик.
Ҳалққа яқин бўлиш, у билан ҳамнафас бўлиш, унга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиш, инсон манфаатлари йўлида хизмат қилиш ривожланган жамиятнинг энг олий фазилати бўлиб ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар.
“Раҳмдилларга Улуғ ва Муборак Раҳмон раҳм қилади ер юзидаги инсонларга раҳм қилинглар, осмондаги зот сизларга раҳм –шафқат қилур”. (Имом Термизий ривояти)
Демак, ҳар биримиз қаерда ва қандай мавқеъда бўлишимиздан қатъий назар ҳалқ билан мулоқотда бўлишимиз, унга қучоғимизни очишимиз ва барча мавжудотдан улуғ ва афзал этиб яратилган ҳазрати инсон манфаатини ўзимизнинг манфаатимиздан юқори қўйишимиз ушбу улкан масъулиятни ҳис қилиб, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз зарурдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳалқ билан мулоқотда бўлиш ва инсон манфаатлари йўлида янада кўпроқ солиҳ амалларни қилишимизга насибу-рўзи айласин. Янги йилда эски йилда амалга ошира олмаган эзгу-хайрли ишларимизни Аллоҳ рўёбга чиқарсин, Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо ва ҳалқимиз ҳаётини ҳамиша фаровон айласин.

М.Рахимов