Умримизга бир ёш қўшилади

1318

Инсон умри бу дунёда экинзор каби бўлиб, ҳосилини йиғиш эса охиратдадир. Шундай экан инсон энг муҳим нарсаси бўлмиш вақтни фойдасиз ишларга сарфламаслиги зарурдир. Агар инсон вақт ва умр қийматини билмай, уни беҳуда ишларга сарф этса, унинг бошига шундай мусибатлар тушадики, у вақт қадрини ва амаллар қадр-қийматини билади. Инсон умри, вақти ҳудди бир бойликка ўҳшайди. Мол-мулкни ишлатишда тежамкор бўлганимиздек, бу ўтаётган вақтимизда унданда тежамкор бўлмоғимиз зарурдир. Зеро, мол-дунёни ҳоҳлаганда жамлаб, исталган жойга сарфлаш мумкин, лекин умр ва вақтни эса, керак бўлганда тўплаб, эҳтиёж тушганда ишлатмоқнинг имкони йўқ. Ҳар бир дақиқа ва лаҳза ўтар экан, Агарчи тўпланган мол-мулкни барчасини сарфланган тақдирда ҳам асло қайтариб бўлмайди. Вақтнинг яна бир хусусияти агар у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Чиққан нафас қайта кирмаганидек, ўтган кунлар ҳам қайта келмас. Вақт инсон сарф қиладиган асосий дастмоясидир. Бозордаги муз сотувчининг: дастмояси эриб битаётган одамга раҳм қилинглар деган гапини эшитиб улуғлардан бири хушидан кетади. Сабаби сўралганида: Биз умр дастмоямиз ўтиб кетаётганига эътибор бера олмаяпмиз деган эди. Маълумки, инсон ҳаёти ўлчовлидир. Вақтни қадрига етган, уни хурмат қилган киши ўзини, ўз умрини хурмат қилган ҳисобланади. Аксинча, вақтга бепарво бўлиш умрнинг заволидир. Араб ҳикматларидан бирида: “Вақт-қилич кабидир, агар сен ундан унумли фойдаланмасанг, у умрингни кесади”-дейилган. Буюк олим ва воиз имом Хасан Басрий (р.а.) айтадилар: “Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман. Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан бу кунда солиҳ амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен кечқурун ботиб кетаман то қиёматгача сенга қайтмайман, -деб жар солади”. Жорий йилимиз ҳам интиҳосига етиб бормоқда. Янги йил бошланишлик арафасида турибмиз. Янги сананинг бошланишида хайри дуо қилишликнинг ҳукми. Албатта, қамарий йил бўлсин ёки шамсий, унинг бошланишида агар инсон келаётган йил ва келаётган ҳаёт учун хайри дуо қилса, гарчи шариъатда собит бўлмаса-да, лекин зоҳиран унда бирор хараж йўқ. Чунки, ҳар ойнинг бошланишида, ҳар кечанинг бошланишида ва ҳар куннинг бошланишида қилинадиган дуолар мустанад ҳадислар ила собитдир. Улар қуйида зикр қилинади. Шунингдек, бундай ўринда диннинг бирор насиҳатига асосан гап айтишликда ҳам бирор хараж йўқ.Ойнинг бошидаги дуо яъни: “Эй, Аллоҳим! Бу ойни бизга барака, иймон, саломатлик, ислом ва Сен яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга тавфиқ ойи қилгин. (Эй, Ой!) Менинг Роббим ва Сенинг Роббинг Аллоҳдир”.Кечанинг бошланишидаги дуо яъни: “Эй, Аллоҳим! Мен Сендан бу кечанинг яхшилигини сўрайман. Бу кеча ва ундан кейинги кечанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”. Куннинг бошланишидаги дуо яъни: “Эй, Аллоҳим! Мен Сендан бу куннинг яхшилигини, фатҳини (мақсадларда муваффақиятни), нусратини, нурини, баракасини ва ҳидоятини сўрайман. Унда ва ундан кейинги кунда бўладиган ёмонликдан паноҳ сўрайман”.Ўтган йилни сарҳисобини қилиб, кириб келаётган 2020 йилда умримизга умр қўшилишини, савоб ва эзгу ишларимизнинг кўпайишини ният қилиб, яқинларимизга ҳам ушбу тилакларни билдириб, жонажон Ватанимизга тинчлик ва барқарорлик, меҳрибон ва меҳнаткаш халқимизга фаравонлик тилайлик.
Азиз юртдошлар! Мол зоеъ кетса, унинг ўрнини тўлдиришимиз мумкин, лекин вақт зоеъ кетса, унинг ўрнини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди. Шундай экан, умримизнинг ҳар дақиқасидан хайрли ишларни амалга ошириб, унумли фойдаланайлик, умрни беҳуда ишларга сарфлаб, уни зоеъ қилмайлик!
МуҳаммадЮсуф Тўрақулов.