Муфлис кимлигини биласизми?

789

و عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: أتدرون من المفلس؟ قالوا: المفلس فينا من لا درهم له و لا متاع قال: “إن المفلس من أمتي من يأتي يوم القيامة بصلاة وزكاة وصيام ، و يأتي قد شتم هذا و قذف هذا و أكل مال هذا و سفك دم هذا و ضرب هذا ، فيعطى هذا من حسناته و هذا من حسناته فإن فنيت حسناته قبل انقضاء ما عليه أخذ من خطاياهم فطرحت عليه ثم طرح في النار

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муфлис кимлигини биласизларми”, дедилар. Саҳобалар: “Муфлис деб, орамизда на дирхами, на матоси йўқ кимсага айтамиз”, дедилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимдан бўлган муфлис қиёмат куни намози, закоти, рўзаси билан келади. Унга энди хусуматчилар келади. Буни хақоратлаган, бунга бўхтон қилган, буни молини еган, буни қонини тўккан, буни урган. Хусуматчиларнинг ҳали бунисига савобларидан беради. Хали унисига савобларидан беради. Хусуматчилар тугамасдан уни яхшилиги тугаб қолади. Энди хусуматчиларни хато-гуноҳларини зиммасига олади. Сўнгра уни дўзаҳга улоқтирилади”, дедилар.

Манба: «Руҳул Баён» тафсири.

🔘 Изоҳ: Ақилли инсон бу дунёда ҳаёт кечирар экан. Ҳам Холиқни, ҳам халқни рози қилмоғи керак. Юкоридаги ҳадисда келган холат бу дунёда Аллоҳни рози қилиб, лекин инсонларга тили ва қўли билан азият бериб, нохақдан молини еб, нохақдан қонини тўккан инсон тўғрисида. Қиёмат куни Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги ҳисобдан мақбул намоз, мақбул закот, мақбул рўзалар билан жаннатий бўлиш арафасидаги мўмин инсон, инсонлар билан ўртасидаги муомаладан, яъни кимнидир хақорат қилган, кимнидир урган, кимнидир молини нохақ еган, кимнидир жонига қасд қилган. Энди уларни рози қилиш учун Парвардигор тарафидан унга ато этилган савобларни бериб рози қилишни бошлайди. Савоблари тугаб уларни гуноҳини ўзига олишни бошлайди. Шу тариқа жаннатий бўлиш арафасидаги мўмин инсон ахли дўзаҳга айланади.

Огоҳ бўлинг❗❗❗ Қилаётган солиҳ амалларимиз қиёмат куни бизники бўлиши учун, бу дунёда инсонлар билан муомаламизни гўзал холатда қилайлик.
Бугун имконимиз бор. Бирор инсонга қўлимиз ёки тилимиз билан озор етказган бўлсак, узр сўраб олайлик. Бирор инсонни молига хиёнат қилган бўлсак, қўлимизда молимиз бор адо этиб қўяйлик.
Эртага на дирхам, на дийнор йўқ қиёмат кунида «Муфлис» лардан бўлиб қолмайлик.

Давронбек домла Темиров

Қӯрғонтепа тумани бош имом-хатиби