Хушхулқлик мўмининг зийнатидир

1423

Шахс саодати ва жамият осудалигига оид омиллар ичида хушхулқлик ва тотувлик муҳим аҳамиятга эга. Хушхулқ инсон доимо бахтиёр бўлади.
Муқаддас динимиз хушхулқликка ва тотувликка рахна солувчи иккиюзламачилик, манманлик, ғийбат, ҳасад ва хиёнат каби иллатларни хором қилган. Хуш- хулқлик ва тотувликка хос ҳамма хислатларни тарғғиб этади ва уларни ибодат санайди. Меҳр-шафқат, самимий муносабатлар хушхулқлик ва тотувликка етказувчи хислатлардир. Барчага меҳр-шафқат кўрсатиш, самимий муносабатда бўлиш суннатдир.
Пайғғамбаримиз (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар: “Менга фарзларни адо этиш буюрилгани каби, инсонларга хушмуомалада бўлиш ҳам буюрилди… Инсонларга хушмуомалада бўлиш садақадир” деганлар.
Дарҳақиқат, яхши муомала ва самимий муносабат қалбларга севинч бағишлайди. Севгига тўла қалблар фақат яхшилик истайди. Ҳамсуҳбатингиз қалбига севинч тақдим этишингиз гуноҳларингиз кечирилишига сабаб бўлади. Бу Пайғғамбаримиз (с.а.в.)нинг башоратларидир.
Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)-га “Менга насиҳат қилинг” деди. “қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқ” дедилар. “Яна кўпайтиринг”, деди. “Ёмонлик орқасидан яхшилик қил, у ёмонликни ўчиради” дедилар. “Яна кўпайтиринг”, деди. “Инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўл”, дедилар.
Демак, инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўлиш – бу одамийлик зийнати экан. Шу хусусда Ҳазрати Пайғғамбаримиз (с.а.в.)дан “Амалларнинг қай бири афзалроқ?” деб сўраганда, ул зот: “Чиройли хулқ”, дедилар. Бошқа бир Ҳадиси шарифларида Расулуллоҳ (с.а.в.) “Албатта, Аллоҳ таоло яратилишингизни чиройли қилиб қўйган кишиларсиз, энди хулқингизни ҳам чиройли қилинглар”дедилар.
Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига: “Эй отажон, инсон учун қайси хислат яхшироқ?” деди. Отаси: “Дин”, деб жавоб берди. “Агар хислат иккита бўлса-чи?” деб сўради. Отаси: “Дин ва мол”, деди. “Агар учта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол ва хаё”, деди. Ўғил: “Агар тўртта бўлса-чи?” деди. Отаси: “Дин, мол, хаё ва чиройли хулқ”, деди. “Агар бешта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол, хаё, чиройли хулқ ва сахийлик”, деб жавоб берди. Ўғил яна: “Олтита бўлса-чи?” деб ҳам сўраган эди, Луқмони Ҳаким: “Эй ўғлим, агар инсонда мана шу беш хислат жамланса, у покиза, тақводор, Аллоҳга дўст ва Шайтондан узоқ бўлади” деб жавоб қилди.
Мана шу бешта хислатлар борлиги ҳам мўминлик сифатларидандир.
Анас ибн Молик айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи билан Жаннатда олий мақомга етади, гарчи (нафл) ибодатини кўп қилса ҳам”. Ушбу зотнинг сўзларидан маълум бўладики, инсон ёмон хулқи билан бошқа инсонларни кўнглига озор берадиган бўлса, ўша хулқи туфайли қилган яхшиликлари ҳам бекор бўлади.
Азизлар, инсон илмга қанча муҳтож бўлса, гўзал хулққа ҳам шунча муҳтождир. Зеро, илм ва гўзал хулқ инсонни камолотга етказувчи икки қанотдир. Ахлоқи комил, бир-бирига меҳрибон ва мададкор жамият бахтли ва фаровон жамиятдир.
Меҳр-муҳаббат, ўзаро эҳтиром, саховат, ҳаё, етим ва муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш, ота-онани ҳурматлаш мусулмонларнинг ажралмас хулқидир. Бинобарин, муқаддас динимиз ҳуснихулқдир. Шундай экан, барча чиройли хулқларимизни тўла намоён қилайлик. Фарзандларимизни ҳам хушхулқ қилиб тарбиялайликМанбаълар асосида : “Етти чинор” жоме масжиди

мухтасиби Турғунов Алишер таёрлади.