Қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир

1392

Инсонийлик жамиятидаги ижтимоий масалаларга муқаддас динимиз жуда катта эътибор қаратади. Хусусан, одамлар ўртасидаги ўзаро олди-берди масалалари ўта нозик масала бўлганлиги, агар адолат ва ҳаққонийлик асосида бўлмаса улкан низолар келиб чиқиши инобатга олиниб, динимиз таълимотларида бу каби масалаларга жиддий ёндашилган.
Ҳозирги кунда кишилар ўртасидаги катта муаммолардан бири қарз олди-берди муомаласи бўлиб қолганлиги, кўпчилик қарз бериб қайтиб ололмай қийналаётганлиги бот-бот қулоғимизга чалиниб туради. Аслида қарз олди берди муносабатлари, кишилар ўртасидаги меҳр оқибат, саховату мурувват каби инсонийлик фазилатларнинг ортиб боришига муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоғи лозим. Чунки, ўзидан орттириб бировга қарз берган одам, қарз олувчига ёрдам кўрсатишни ният қилади ва бундан савоб ҳам умидвор бўлади. Қарз олувчи эса, мушкул бир ҳолга тушиб қолган вақтида мурувват кўрсатган одамдан ўта миннатдор бўлиб, ҳатто қарзини қутулгандан кейин ҳам ўзини ундан гўёки қарздордек ҳис қилиб юради. Бунинг оқибатида эса, иккала оила ўртасида ўзгача ҳурмат эҳтиром шаклланади. Бироқ, бугунги кунда бунинг мутлақо тескари ҳолати акс этмоқда.
Қарз олди-берди сабабидан ўзаро адоват ва нафрат аланга олмоқда. Ҳатто, кўп йиллик қадрдон дўстлар орасига совуқлик тушмоқда, яқин жигарлар юзкўрмас бўлишмоқда, қўни қўшнилар бир бирига эшикларини терс ёпмоқдалар, тижорий ҳамкорлар эса бир бирига душманга айланишмоқда. Шу боис ушбу чигал масалага ойдинлик киритиш мақсадида, муқаддас Ислом динимизда белгиланган бу борадаги айрим маълумотларни ўрганиб чиқамиз.
“Қарз” сўзи аслида кесиш маъносини беради. Яъни, имкони бор одам ўзининг маблағи ёки сармоясидан қандайдир бир қисмини кесиб, бошқасига беради. Олган одам эса ўша кесилган жойни яна қайта тиклаб бериши лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, Аллоҳ ундан (ёрдами ила) адо этади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда қарз олувчи қарз олаётган пайтида ниятни яхши қилиши лозимлиги уқдирилмоқда. Агар у ниятини яхши қилиб, «Олган қарзимни албатта қайтариб бераман», деб уринса, унга бу ишда Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдамчи бўлади. Аммо қарз олувчининг нияти бузуқ бўлса, у бировни алдаб, молини еб кетиш ниятида бўлса, Аллоҳ таоло унинг ўзини йўқ қилар экан.
Бу улкан ҳақиқатни ҳар бир қарз олувчи яхши англаб етиши керак. Тажриба ҳам шуни кўрсатади. Мусулмонларни алдаб, қарзини бермай юрганлар турли-туман бало-офатларга гирифтор бўлдилар ва бўлмоқдалар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши зулмдир», дедилар». Бешовлари ривоят қилганлар.
Моддий имкони бор одам ўз зиммасидаги молиявий бурчни адо этмай юриши золимликдир. У бу билан ҳақдорларга ҳам, ўзига ҳам зулм қилади. Ҳақдорлар ундан ўз вақтида ҳақларини ололмай, зулмга учрайдилар. Ўзи эса бу иши билан гуноҳга ботиб, ўзига зулм қилган бўлади.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳий қилган кабийра гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга ҳеч нарса қолдирмай, ўлиб, У Зотга рўпара бўлишидир», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Бировдан олган қарзни узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишдан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бу сўзлардан ортиқ ифода топилмаса керак.
Насаий қилган ривоятда:
«Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас», дейилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичиб туриб айтишлари ҳам бу иш қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатади. Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид бўлиш қанчалик улуғ мақом. Шаҳид учун жаннат эшиклари доимо катта очиқ. Лекин қарз иши оғир. Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам, қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзининг узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарзи узилса, жаннатга киради, бўлмаса йўқ. Чунки қарз банданинг ҳаққи, бу ҳақни фақат ўз эгаси кечади, холос. Аллоҳ таоло кечмайди. Қарз олиб, уни узмай юрганлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олмоқлари лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар».
Демак, бировдан қарз олган одам уни ўз вақтида, ўзидан ҳам афзал этиб қайтаришга ҳаракат қилиши керак. Чунки у муҳтож бўлиб турган пайтида қарз берувчи ноқулай ҳолатдан чиқишига ёрдам берган, ўз фойдасидан кечиб, унга яхшилик қилган. Унинг яхшилигини унутмаслик, ўз ўрнида қайтариш лозим. Оғир пайтда ҳожатини чиқариб олиб, кейин қарзини бермай юриш инсофсизлик ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Абу Робийа розияллоҳу ан¬ҳу¬дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан қирқ минг (дирҳам) қарз олдилар. Кейин у зотга мол келганида уни менга қайтариб бердилар ва: «Аллоҳ молингга ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир», дедилар».
Аллоҳ таоло қарздорлар қарзларини ўз вақтида адо этишларига муяссар айласин, барчаларимизни қарз ва омонат борасидаги масъулиятни яхши биладиган омонатдор бандалардан бўлишимизга насибу рўзи айласин.

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.