Динимизда ота-онага яхшилик қилишни Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кегинги ўринга қўйилганидан маълумки, хеч бир дин, ислом динидек ота-онанинг шаъни, қадрини бу даражада улуғламаган.
Аллоҳ таоло барча мусулмон умматига ота-онага яхшилик қилишга, уларнинг ҳузурида “уф” калимасини ҳам ишлатмасликка, ота-она олдида овозини баланд кўтармасликка ва маъсиятдан бошқа хар қайси ўринда уларга итоат қилишга буюрган. Зеро, уларнинг ҳар бирлари жаннат эшикларидан бир эшик бўлиб, Аллоҳнинг розилиги, уларнинг розилигига боғлиқдир. Аллоҳ таоло қуръони каримда: “Роббингиз сизларга ёлғиз унинг ўзига ибодат қилмоқлигингизни хамда ота-онангизга яхшилик қилишингизни амр этди”-деб марҳамат қилади. (исро 32)
Демак Аллоҳ таолога ибодат қилиш қанчалик улуғ, муҳим ва зарур бўлса, ота-онага яхшилик қилиш ҳам шу даражада аҳамиятликдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшик очади.
Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан, ўша шахс рози бўлмагунча, рози бўлмайди”, деди.
“Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?” дейилди.
“Зулм қилган бўлсалар ҳам”, деди”.
Бу ҳадиси шарифда ота-онага яхшилик қилишнинг фазли, охиратда берадиган самараси, савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирган мусулмонга Аллоҳ таоло жаннатнинг икки эшигини очиб қўйиши баён килинмоқда. Ҳар бир мўминнинг асл мақсади бўлган жаннат уйига кириш учун, узулмас ришта билан боғланган ота-она хизматида фарзанд камарбаста бўлиши, Аллоҳ таоло ундан рози бўлиши учун, агарчи зулм қилсалар хам, зинҳор уларнинг ғазабини чиқармаслиги таъкидланмокда. Зеро
Аллоҳнинг розилиги, ота-онанинг розилигига боғлиқдир. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир ёшлар ота-онани ташлаб “орзу-ҳаваслар” илинчида ўзга юртларга чиқиб кетишмоқда. Ҳатто бир неча йиллар “қорасини” кўрсатмайдиганлари ҳам бор. Улар ота-онани ҳижрон азобига солиб, гўё “тирикчилик” қилишмоқда. Ахир у зотларни ҳижрон азобига солиш гуноҳи азим эмасми? Уларни моддий ёрдамсиз қолдириш-чи? Бир мулоҳаза қилиб кўринг! Фарзанд ота-онага қачон керак бўлади? Улар қачон ёрдамга кўпроқ муҳтож бўладилар? Албатта кексайиб, ёшлари катта бўлганда. Бундан олдин улар ўзларига ўзлари хизмат қилишиб, ёрдамингизга камроқ муҳтож бўлишган. Кўмагингиз, ёрдамингизга муҳтож бўлганларида, сиз эса узоқдасиз! Шу инсофдан-ми ахир? Умуман олганда ота-она ёрдамга муҳтож бўлсин ё бўлмасин, фарзанд доим, хизматга шай туриши керак. Энг ачинарлиси, ҳозирда нотинч бўлиб турган баъзи бир араб давлатларига каззобларнинг сохта даъволарига алданиб кетиб қолишидир. Қадамини ости жаннат бўлган, жаннатга эса эшик бўлган, Аллоҳнинг розилигига васила бўлган ота-онасини хизмати қолиб, “доруламон” баракали тинч юртни ташлаб, фитна тузоғига, уриш ўчоғига кетишиб, гўёки “ҳижрат” қилишмоқда. Ваҳолбуки, пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб келган кишига, ота-онанинг хизматини қилишни уқтирдилар. (Лекин ҳозирги алданганларнинг ҳижрати, у ҳижратдан эмас.) Мужоҳиддан ривоят қилинади: “Бир одам Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига ҳижрат қилиб келди. Бас Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Сенга ота-онанг рухсат бердими?”- дедилар. “Йўқ”-деди. “Қайт орқанга! Қайт орқанга!”-дедилар.
Сўз сўнгида ушбу сўзларни келтирмоқни лозим топдик. Аллох таолонинг барча амру-фармонлари икки мақсадни назарда тутади. Аллох таолони улуғлашлик ҳамда бандаларига раҳм-шавқат кўрсатишдир. Масалан: бақара сурасинг 43-оятида, Аллоҳ таоло: “Намозни тўкис адо қилинг ва закотни беринг” деса, Луқмон сурасининг 14-оятида “Менга ва ота-онанга шукр қилгин”- деб айтади. Намоз ўқиш Аллоҳ таолони улуғлаш бўлса, закот бериш бандаларга раҳм-шавқат кўрсатишдир. Ўзига шукр қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш бўлса, ота-онага шукр қилишлик эса раҳм шавқат изҳоридир. Хикоя килинишича, Имом Ғаззолий вафотидан сўнг, бир кишининг тушига кирди. У киши: “Аллоҳ сизга нима муомала қилди”-деб сўради. Имом Ғаззолий: мени Унинг ҳузирига келтиришди. У зот: “менга нима олиб келдинг” -деди. Мен санай кетдим. Аллоҳ таоло: “ушбу амалларингни қабул қилмадим, магар бир кун китоб ёзиб турганингда, бир чивин сиёхдонингга қўнди. Сен унга шавқат кўрсатиб, ундан ичиб олиши учун китоб ёзишни тўхтатиб турдинг. Шу сабаб сени кечирдим. Жаннатий бандаларим қатори жаннатимга киргин деди”, -деб жавоб бердилар. Бандаларнинг ичида, раҳм-шавқат кўрсатишликка энг лойиқ зот, албатта “ота-она”дир. Бир кичик жонзотга меҳр кўрсатилганда, мукофот шу бўлса, у зотларга меҳр-у муҳаббат ва хизмат кўрсатилса, унинг мукофоти қандоқ бўларкин!? Барчамизга уларнинг хизматларини қилиб, яратганнинг розилигини топишимизни насиб қилсин.
«Имом Ал- Бухорий» жомеъ
масжиди имом хатиби О. Рахимов