ГИЁҲВАНДЛИК – АСР ВАБОСИ

1695

Бутун борлиқни кучли тартиб ва интизом билан халқ қилган Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларигадунё ва охиратнинг саодатига элтувчи дастурларни юборган. Бу дастурларда ниманики буюрган бўлса, барчаси банданинг дунёлиги учун ҳам, охиратлиги учун ҳам албатта фойда бўлмай қолмайди. Ниманики тақиқлаган бўлса, демак бу иллат бандага нафақат охиратда, балки дунёда ҳам зарарли эрур.

Буюриқлар ва қайтариқларнинг натижаси ҳукмга яраша бўлади. Яъни вожиблик даражаси қанчалик юқори бўлса, фойдаси ҳам шунча юқори. Шунингдек, уни тарк қилишнинг зарари ҳам шунча юқори бўлади.

Тақиқланиш даражаси қанча юқори бўлса, унинг зарари ҳам шунга яраша бўлади.

Ана ўша қайтариқларнинг оғирларидан бири, бутун жамоатчиликни ташвишга солаётган иллатларнинг бири – гиёҳвандлик.

Гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга таҳдид солади. Бу аввло гиёҳванднинг оила аъзоларига тузалмас фалокат бўлади. Турмуш вайрон, яшаш роҳатсиз, наслу насаб ногирон бўлишига олиб келади.

Гиёҳвандликнинг ёмон оқибатлари    Ислом таълимотида  ҳам ҳаромдир.  Гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган инсон, гўё ўзига омонат қилиб берилган жон ва ақл неъматига хиёнат қилган ва ўзини ҳалокат домига ташлаган бўлади. Бу нарса Аллоҳ таолонинг иродасига зид амал бўлиб, у қатъий қоралангандир.

Барчаларимизга яхши маълумки, Ислом таълимотида инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади.

Муқадас динимиз кўрсатмаларида башариятнинг беш жиҳатини муҳофаза қилишлик таъкидланади. Булар:

  1. Инсон динини муҳофаза қилиш.
  2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш.
  3. Инсон наслини муҳофаза қилиш.
  4. Инсон соғлигини муҳофаза қилиш.
  5. Инсон молини муҳофаза қилиш.

Хусусан инсон соғлигини муҳофаза қилиши ҳам динмизнинг асосий йўналишларидан бири саналади. Инчунун, инсоннинг соғлиги зарар етказадиган ҳар қандай иллат – у маст қилгувчи ичимлик бўладими, гиёҳванд модда бўладими ёки қандай омил бўлишидан қатъий назар, шариатимизда тақиқланади.

Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Бироқ саломатлик каби илоҳий неъматни гиёҳвандлик балосига мубтало бўлганлар қадрига етишлари   мушкул ишдир. Зеро, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.

Динимиз таълимоти фақат инсон ҳаётининг руҳий, маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларини ҳам қамраб олган. Уламоларимиз руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки зинапоясига ўхшатишади, яъни икки тараф баробар тенг бўлишига эътибор бериш зарурлиги айтилади. Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1987 йил 7 декабрдаги 47/112-сонли резолюциясига кўра  “26 июнь – Халқаро наркотик моддаларини суистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни”  деб эълон қилинган.

Барчамиз яхши биламизки дунё бозорида тарқаладиган наркотик моддаларнинг асосий қисми Афғонистонда етиштирилиб, уни турли ноқонуний йўллар билан Марказий Осиё мамлакатлари орқали Ғарбга етказишга уринилади. Шунинг учун юртимизда наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш масаласига давлат ва миллатнинг эртасини ҳал этувчи оммилардан бири сифатида қараб келинмоқда. Ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида бир қатор қонунлар ва халқаро шартномалар қабул қилинган.

Сирожиддин Ҳакимов. Олтинкўл туманидаги “Ҳазрат Умар” жоме масжиди имом хатиби