Ислом дини инсонларни барча ёмонликлардан сақланиб, Аллоҳнинг амрларига итоат этишга, эзгу ва савобли ишларни бажаришга, виждонли, зийрак, иродаси мустаҳкам, ақлан ҳамда жисмонан соғлом бўлишга, ҳулқи чиройли, ўзига аҳамиятли ва бошқаларни ҳам ислоҳ этувчи, жамиятга, Ватанига наф келтирувчи, барча ҳалқларга яхшилик қилувчи, ер юзини обод қилувчи бўлишга даъват этувчи диндир.
Динимиз кишининг ҳамма томондан, ички дунёси ҳам, ташқи қиёфаси ҳам гўзал, соғлом пок бўлишини талаб этади. Ислом дини таълимоти инсон зотига ҳар томонлама катта аҳамият беради. Уни турли зарарли одатлардан ва салбий аҳлоқсизликлардан асрайди, зеро ислом динининг асосий мақсади ҳам инсонни жони, ақли, насли, дини ва молини сақлашга қаратилган. Ислом динида инсон мазкур беш заруриятни асрашга амр қилинган бўлиб, улардан бирига зарар етказиш ёки унга бепарво бўлиш қатъиян қораланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
яъни: “Улар саводсиз элчига-исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Мухаммад)га эргашадилар. У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди. Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир”, (Аъроф сураси-157)
Ояти карима мазмунидан кўриниб турибдики, динимиз жамиятдаги ҳар-бир кишидан ўз соғлигига аҳамият беришини талаб этади. Динимиз таълимоти шунингдек, жамиятимизнинг энг фаол қисми бўлган ёшларга ҳар томонлама етук, жисмонан соғлом, ақлан баркамол бўлишига эътибор қаратади. Барчаларимизга маълумки, ҳозирги вақтда бутун жаҳонда, шу жумладан, диёримизда ҳам гиёҳвандлик ва унинг кенг оммага, хусусан ёшларнинг ҳаёти, соғлигига салбий таъсир этаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Исломда гиёҳвандликнинг зарар ва офати ҳақида уламолар кўплаб асарлар ёзишган, жумладан, Имом Саноний шундай деган: “Гиёҳвандлик нимадан тайёрланган бўлишидан қатъий назар маст қилдими ёки афюн каби нарса бўлиб истеъмол қилинишида кайф бердими у мутлоқ ҳаромдир”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра дунёда 500 миллиондан ортиқ киши гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганларни ташкил қилади. Бунинг оқибатида ҳар йили 200мингдан ортиқ киши манашу офат туфайли ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келар экан. Имом Аъзам р.а. мазҳабларидаги охирги мужтаҳид олимлардан Ибн Обидин ҳазратлари Ибн Ҳажардан нақл қилиб шундай дейди: “Банг-афюн истеъмол этишда 120 хил диний ва дунёвий зарар, офатлар бўлади”.
Гиёҳвандлик-инсоннинг гиёҳванд моддага ўрганиб қолишига айтилади. Аҳоли, айниқса баъзи бир ёшлар орасида маълум бир кишилар ўзларининг интизомсизлиги, фойдали меҳнат билан шуғулланишни истамаслиги, ўз-ўзини назорат қила олмаслиги, ота-оналарнинг назоратидан четда қолганлиги ва шундай моддаларга қизиққанлиги учун гиёҳванд бўлиб қолмоқдалар. Баъзилар гиёҳванд моддани истеъмол қилиш одатини кейинчалик ташлаш осон деб ўйлайди. Бу хато фикрдир, мутахассисларнинг таъкидлашича, одам бу моддага жуда тез ўрганиб қолади. Тананинг бунга эҳтиёжи кескин ортиб боради. Инсон танасининг фаоллиги сусайиб, қарамлик-мутелик ҳолати юзага келади. Бундай касалликка дучор бўлмаслик учун аввало, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш лозим. Баъзи бировларнинг алдовларига ишонмаслик, бу қабиҳ йўлга ундовчилардан узоқроқ юриш, заҳри қотилнинг қандай мудҳиш оқибатларга олиб келишиини мудом унутмаслик керак.
Гиёҳвандликка ружу қўйган одам оиласини, шунингдек жамиятни ҳам издан чиқариши мумкин. Қарийб ўттиз йил давомида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ўнта оилани кузатган француз олими Демманинг ўрганишича, мазкур оилаларда дунёга келган болаларнинг деярли аксарияти ногирон бўлиб туғилган. Тинимсиз заҳри қотилни истеъмол қилганларнинг аксарияти эса ўпка саратони, асаб, бўғма касалликлари билан оғриб, ҳаётдан кўз юмган.
Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм, ақл, мол, насл ва дин неъматларининг заволи бўлиб, Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва иродасига зид ҳатти-ҳаракатдир. Аллоҳ таоло биз инсонларни огоҳлантириб айтадики:
яъни: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”.(Бақара сураси 195-оят )
Муфассир уламолар ушбу оятни бир неча хил тафсир қилишган, шулардан бири “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг” яъни бирон бир ёмон ишни жиноят- лигини ва шаръан ман қилинганлигини билиб туриб қилиш ёки гиёҳвандликка муккасидан кетишлик ҳам ўзини ҳалокатга ташлашликка киради.
Ҳазрати Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
яъни: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир”, (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда
яъни: “Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусуайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилади (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Мазкур ҳадиси шарифлар ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади. Шу сабаб ҳам уни истеъмол қилиш шаръан ножоиз. Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар қиладиган гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши шаръан ҳаром қилинган.
Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши атроф-муҳитда бўлаётган воқеаларга бепарво бўлиб қолади. Унинг гирдобига тушган бемор нафақат ўз яқинлари, балки юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади. Мана шунинг ўзиёқ гиёҳвандликнинг нақадар тубанликка олиб боришини англатади. Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама улкан зарар беради. Буни бутун дунё тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, бевақт ўлим ҳолатлари, мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиш билан баробардир. Зеро, инсон ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳлиги барчамизга маълум.
Бундан ташқари, ушбу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оиласига бепарво, ҳамиятсиз, жинсий ожиз қилиб қўяди, мия фаолиятини сусайтиради, кўзини хиралаштиради, тишлари тўкилиб кетади. Яна фатво китобларимизда келишича, “Гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳам ҳаром саналади”.
Таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни ёшларимиз ичида тарқатаётганлар жамиятимизнинг ҳам динимизнинг ҳам душманлари бўлиб, уларнинг охиратлари барбод бўлади.
Юртимизда барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб борилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳамда инсониятнинг заволи эканлиги ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Барчаларимиз ўсиб келаётган ёшларимизни, жондан азиз фарзандларимизни гиёҳвандлик йўлига кириб кетмаслиги учун доимо уларни назорат қилиб боришимиз, имл-ҳунар ўргатишимиз, жисмоний меҳнат ҳамда спорт билан шуғулланишига алоҳида эътибор беришимиз лозим бўлади.
Хонобод шаҳар бош имоми: М.Рахимов