Тежамкор ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди…

1325

Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами ва инояти ила инсон зотини ақл ва идрок соҳиби қилиб яратди ва унга беҳисоб неъматларни ато қилиб, улардан баҳраманд қилди. Шу билан бир қаторда Ўзининг неъматларига доимо шукр қилиб, исрофгарчиликкка йўл қўймаган ва ҳаддан ошмаган ҳолда, оқилона фойдаланишга буюрган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган сўзлари уммат учун мисоли дурдек қимматбаҳо насиҳатлар бўлиб, уни олган киши икки дунёда ҳам кам бўлмайди. Жанобимизнинг минглаб ҳадисларидан атиги бир донаси ҳам катта бир жамиятни ислоҳ қилишга кифоя қилгудек даражада мукаммал сабоқ бўла олади. Мисол тариқасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадисни оламиз:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Аллоҳ таоло сизлардан учта амалга рози бўлади:
1. Унга ҳеч нарсани шерик қилмасдан ёлғиз Ўзига ибодат қилишларинг;
2. Фирқаларга бўлиниб кетмасдан, Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушлашларинг;
3. Аллоҳ бошлиқ қилиб қўйган ишбошиларга носиҳ бўлишларинг.
Ва Аллоҳ сизлардаги учта нарсани хуш кўрмайди:
1. “деди-деди”лар;
2. Кўп савол беришлик;
3. Молни исроф қилмоқ. (Ал-адаб ал-муфрад .
Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён этади:
“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Фахри коинот айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда: «Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди», дейилган.
Имоми Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир». Дарҳақиқат, Аллоҳ розилиги йўлида ўзгаларга ҳар қанча хайр-эҳсон (яъни, яхшилик) қилсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди, исроф бўлмайди. Аксинча ҳар қандай ишда исрофга йўл қўйсангиз, у ҳар қанча чиройли кўринмасин, ортида ҳеч бир яхшилик йўқ. Пулни ҳисоб-китоби билан сарф қилиш фойданинг ярмидир.
Исроф деганда фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Соғлиқнинг қадрига етмай, тинкани қуритадиган ёки саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исрофдир. «Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди», дейишади. Исрофнинг энг оғир гуноҳлардан эканини ҳис этиб, ҳамма ишда тежамкор ва тадбирли бўлиш мусулмон ахлоқининг зарур шартларидандир.
Аллоҳ берган неъматларни қадрлаб, эҳтиёт қилиб, исрофгарчиликка йўл қўймасдан ишлатиш, бу иймонимизнинг бир бўлагидир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳузурида сўроғимизнинг енгил қилсин! Ҳаммаларимизни Ўзининг берган неъматларига шукр қиладиган бандаларидан қилиб, ношукрлик, исрофгарчилик каби иллатлардан Ўз паноҳидан асрасин!

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.