Аёллар ислом нигоҳида…

1418

Аллоҳ таоло бу кенг оламдаги барча мавжудотларни ўз ҳикмати билан жуфт яратганидек, инсонни ҳам жуфт яратди. Бошқа жонли-жонсиз маҳлуқотларидан афзал ўлароқ уни ақл, тафаккур, нутқ каби улуғ неъматлари билан азизу мукаррам этди.
Эркакни оилага меҳрибон бошчи, раҳбар қилиб, аёл зотини эса ардоқли, жуфти ҳалол, оиланинг чироғи, посбони ва фарзандларга мураббия қилиб яратган.
Аллоҳ таъоло инсоният силсиласини давом эттириш учун аёлга оналик бахтини ва масъулиятини берди. Аёл эркак учун ширин ҳаёт ва таскину ором, осойишталик тимсоли бўлди.
Қадимги Арабистон ярим оролида VII асргача – «жоҳилия даври»да аёллар жамиятда ҳеч қандай мавқега эга эмас эдилар. Уларнинг аҳволи шу даражада эдики, ҳатто қиз боланинг туғилиши ота учун бахтсизлик аломати бўлса, ўғил боланинг туғилиши эса алоҳида бахтнинг белгиси, Аллоҳнинг оила бошлиғига кўрсатган илтифоти, деб ҳисобланган.
Агар аёлларнинг жамиятдаги ўрни масаласини тарихий изчиллик асосида ўргансак, кўриш мумкинки, ислом дини зулматдан кейин чиқиб келган нурдек, аёлларнинг ҳимоячиси ва халоскорига айланганини кўрамиз.
Аллоҳ таоло инсонни яратди ва бошқа жонзотлардан мукаррам қилди. Бу мукаррамликда аёл ҳам эркакка шерикдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

яъни:“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва)
мукаррам қилдик…” (Исро сураси 70-оят).
Баъзи шаръий истисноларни ҳисобга олмаганда аёл киши эркаклар билан баробар динга амал қилади. У ҳам намоз ўқийди, рўза тутади, бой бўлса, закот беради, имкон топса, ҳаж қилади.
Ислом таълимотида «Қиз туғилиши барака бўлади, оилага хурсандчилик олиб келади», деган ғоя илгари сурилади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг жуфти ҳалоли бўлмиш Оиша (р.а.) Урва ибн Зубайр (р.а.) га бундай деб айтган экан: «Бир аёл икки қизини етаклаган ҳолда ҳузуримга тиламчилик қилиб келди. У ёқ¬ бу ёқни қараб бир дона хурмодан бўлак ҳеч нарса тополмадим. Ўша хурмони унга берган эдим, ўзи емай икки қизига бўлиб берди. Сўнг, ўрнидан туриб чиқиб кетди. Шу аснода Пайғамбар (с.а.в.) кириб келган эди, бўлган воқеани айтиб бердим. Пайғамбар (с.а.в.): «Кимки қизларига ана шундай мурувват қўлини чўзса, улар уни дўзах оташидан парда бўлиб тўсиб тургайлар», ¬ деди».
Бундан ташқари, ислом таълимотида аёл она тимсолида ниҳоятда улуғланди.
“Биз аёл деганда, аввало, онани тушунамиз. Ёш қизларимиз ва сингилларимиз ҳам эртами-кеч она бўлишади. “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деган ҳадисни тўғри талқин қилишда адашмайлик. Бу ҳадис ўғил ёки қиз бўлсин, онасини рози қилмаган одам жаннатга кирмайди, деган маънони англатади.
Бир киши ҳазрат Расул Акрам (с.а.в.) дан ота-онанинг фарзанддаги ҳаққи тўғрисида сўради. Ул зот жавоб бериб:
яъни: “Ота-она сенинг жаннатинг ёки дўзахингдир (яъни, уларни рози қилсанг жаннатга кирасан, агар уларни ранжитадиган бўлсанг дўзахга равона бўласан”, – деб жавоб бердилар.

Аёл соғлом бўлса, боласи ҳам соғлом бўлади. Шунинг учун фарзандининг соғлом ва ақлли бўлишини истаган ҳар бир ота биринчи галда аёлига эътиборни кучайтириши, унинг саломатлиги ва илм-маърифатли бўлиши учун барча имкониятларни яратиб бериши даркор.
Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари тўфондан қутулиб қоламан деб оталарига қулоқ солмади ва тўфон қаърига ғарқ бўлди. Отаси пайғамбар бўлса ҳам ўғил ноқобил бўлди. Чунки, унинг онаси, яъни Нуҳ алайҳиссаломнинг аёли эрига итоатсиз, унинг динига кирмаган аёл эди.
Фиръавн худоликни даъво қилиб, ҳаддидан ошган кимса эди. Унинг аёли Осиё эса, Аллоҳга иймон келтирган, итоатли, фозила аёл эди. Шунинг учун мазкура аёл Мусо алайҳиссаломни тарбия қилди. Демак, она яхши бўлса, фарзанднинг ҳам яхши бўлиш эҳтимоли ошар экан. Агар она ёмон бўлса, фарзанднинг ҳам ноқобил бўлиш эҳтимоли ошар экан.
Ислом дини таълимотларида оиланинг мустаҳкам, тинч ва фаровон бўлишида солиҳа аёлнинг ўрни муҳимлиги таъкидланади. Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Мўмин киши Аллоҳ таолога тақво қилгандан кейин солиҳа аёлдан кўра яхшироқ фойда топмайди. Амрига итоат қилади, эрига чиройли муомала қилади, эр қасам ичса аёли эр қасамига мувофиқ иш тутади, эри уйда бўлмаса, ўз номусини ва эр молини сақлайди”.
Салмон Форсий (р.а.) ривоят қилганлар: “Фотима (р.а.) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб, Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) назар солиб йиғлаб юбордилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Эй Фотима! Нимага йиғлаяпсан?” дедилар. Фотима: “Кеча мен билан куёвингиз икковимизнинг ўртамизда мазахли сўзлар бўлди. Натижада эрим мендан ранжиб қолди. Шунда мен эримнинг ғазабнок бўлганини кўриб, ғам-андуҳга тушдим, афсус-надоматлар қилдим.
Эримнинг атрофида етмиш икки маротаба айланиб, “Мендан рози бўлинг”, дедим, ахийри юзларида хурсандчилик ва розиликни пайдо қилдим”, дедилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Эй қизим! Аллоҳга қасамки, агар сен эрингни рози қилмай вафот қилганингда, жанозангни ўқимасдим”, дедилар. Сўнг: “Эй қизим! Билки, эрнинг ризоси Худонинг ризоси ва эрнинг ғазаби Аллоҳнинг ғазаби турур. Эй қизим! Агарчи аёл Имрон қизи Марямдек Аллоҳга ибодат қилса ҳам, лекин ундан эри рози бўлмаса, Аллоҳ унинг ибодатини қабул қилмайди.
Эй қизим! “Аёлнинг энг олий ибодатлари – эрига итоат этиш, афзал амаллари эса тикиш-бичишларидир. Зеро, бир соат тўқиш иши аёллар учун юз йиллик нафл ибодатдан афзалдир.
Чунки тўқиган кийимлари баробарида бир шаҳиднинг савоби уларнинг намои амолига битилгай.
Эй қизим! Қайси бир аёл ип йигириб, ундан эрига ва болаларига кийим қилса, ундай аёлга жаннат вожиб бўлади”, дедилар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, аёл гўё қалб гавҳари. Аёл борки, олам мунаввар. Юртимизда аёлларимизга давлат даражасида эътибор берилаётган экан, соғлом авлодни етиштириш умидида, динимиз кўрсатмасига амал қилган ҳолда аёлларга эътибор ва эҳтиромни кучайтирайлик. Онамиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз ва жуфти ҳалолимиздан меҳримизни, эътиборимизни улардан дариғ тутмайлик.
Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.