Оилада яна бир муҳим ҳолат борки, бу эр-хотиннинг ҳаёли бўлишларидир. Оиладан ҳаё кетар экан, унга дарз тушади, ундан бахт юз ўгиради, завол етади. Ҳаё энг аввало эр-хотиннинг авратларини асрашдан бошланади.
Аврат-эркак ва аёлларнинг баданидаги ўзгалар назари тушиши мумкин бўлмаган уят жойлардир. Эркакларда киндигидан тиззасисининг остигача аврат ҳисобланса, аёлларнинг юзи ва кафтларидан ташқари ҳамма ери аврат ҳисобланади.
Аллоҳ таоло ўз каломида авратни ёпиш вожиб эканлигини баён қилади. Авратни сақлаш зинодан тўхташга таллуқли бўлганидай, уни бекитишга ҳам таллуқлидир. Уламолар авратни тўсиш вожиб эканлигига иттифоқ қилишган.
Аврат тўрт кўринишда бўлади:
1. Эркакнинг эркакка нисбатан аврати.
2. Хотиннинг хотинга нисбатан аврати.
3. Эркакнинг хотинга нисбатан аврати.
4. Хотиннинг эркакка нисбатан аврати.
Масалан, юқорида айтганимиздай эркак киши иккинчи бир эркак кишининг тиззаси остигача қараши мумкин эмас, бошқа жойига қарайверади.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам «эркак эркакнинг, хотин хотиннинг авратига қарамасин», деганлар.
Жумҳур уламолар ҳам шунга келишганлар ва саҳиҳ ҳадислар ҳам шунга далолат этади. Жумҳурнинг келтирган далилларидан бири Жарҳадул Асламийдан ривоят қилинган ҳадиси шарифдир: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ўтирдилар. Менинг соним очиқлигини кўрдилар ва:«Ўзингни тўс. Соннинг авратлигини билмайсанми?» дедилар». Аҳмад ривоят қилган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алига: «Сонингни очма», деганлар. Яна бир ривоятда: «Сонингни кўрсатма, ўлигу тирикнинг сонига қарама», деб келган. Ҳаттоки, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳеч ким бўлмаганда ҳам авратни очиб ўтиришни ман қилганлар. Хотиннинг хотинга нисбатан аврати ҳам эркак билан эркакники каби киндикдан тиззасигачадир. Мусулмон аёллар бир-бирларининг бошқа жойларига ҳам қараса бўлаверади. Эркакнинг хотинга нисбатан аврати икки хилдир:
1. Агар эркак киши аёлнинг маҳрами (ота, ака, амаки каби) бўлса, аврат киндикдан тиззагача дейилган.
2. Бегона бўлса ҳам шундай. Лекин бир қавлда бу ҳолатда эркакнинг ҳамма жойи аврат дейилган.
Аммо аввалгиси ишонарлироқдир. Эркак аёлнинг эри бўлса бунда мутлақо аврат йўқ. Хотиннинг эркакка нисбатан аврати Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабларида баданнинг ҳамма ери, ҳатто тирноқларигача дейилган.
Имом Аъзам ва Имом Молик мазҳабларида эса аёлнинг юзи ва кафтларидан бошқа ерлари аврат саналади. Бунга қуйидагиларни далил келтиришади. Юз ва кафтлар очишга ҳожатли жойлардир. Қолаверса, хотинлар намоз ва эҳромда юз ва кафтларини очиб юришади. Агар аврат ҳисобланганда уларни очиб юрмай, сатри аврат вожиб бўларди.
Ойиша онамиздан бир ҳадисни келтирмоқ ўринли: «Асмо бинти Абу Бакр Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларига юпқа кийми билан кириб келди. Шунда Пайғамбаримиз ундан юзларини бурдилар ва: «Эй Асмо! Агар хотин киши балоғатга етса, мана бу ва мана бу жойларидан бошқа ери кўринмаслиги керак, деб юз ва кафтларига ишора қилдилар».
Имом Шофеъий ва Имом Аҳмадлар аёлларнинг юзи ва кафти аврат эканлигини исботлаш учун китоб, суннат ва ақлий далиллар келтирадилар.
Аввало Аллоҳ таоло ўз Китобида «зийнатларини кўрсатмасинлар», дея хабар қилади. Зийнат-аслида нима? Зийнат-аёллар пардоз қиладиган, безанадиган ҳар хил кийимлар, тақинчоқлар, упа-элик, бўёқлар ва шунга ўхшаш нарсаларнинг умумий жойидир. Кўпинча бадан аъзоларини жамлаб ҳам зийнат, деб аталади.
Оятдан кўринаяптики, Аллоҳ таоло зийнатларни кўрсатишни ҳаром қилаяпти.
Зийнат ҳам икки хил; халқий ва касбий бўлади. Юз халқий (яъни табиий) зийнат бўлиб, у асли гўзаллик ва фитна сабабчисидир.
Аёллар ўзларини кўркам ва латофатли қилиш учун фойдаланадиган атир-упа, тақинчоқ-безак ва кийимлар касбий зийнатлардир.
Аллоҳ таоло аёлларга номаҳрам эркаклар олдида бирон аъзосини ёки бирон зийнатини очишни манъ этади, бундай қилганларнинг гуноҳкор бўлишларини маълум қилади.
Аммо зийнатлари ўзи очилиб қолса ёки қасдсиз, беихтиёр (масалан, шамол рўмол ёки кўйлагини кўтарса), бунинг учун гуноҳкор бўлмайдилар.
Ақлий далилларга кўра фитна бўлишдан қўрқилгани учун аёлларга бегона эркакларнинг қарашлари дуруст эмас. Фитна эса оёқ, болдир, сочга қараганда ҳам юзда кўпроқ бўлади.
Демак, оёқ, сочга қарашлик иттифоқан ҳаром бўлса, юз гўзалликнинг асли ва фитнанинг боши бўлганлиги учун ҳам унга қарашнинг ҳаромлиги кучлироқдир.
Ибн Жавзий раҳматулоҳи алайҳи айтадиларки: «Бегона аёлларнинг ҳеч бир ерига узрсиз қараш мумкин эмас. Бордию узрли бўлса, яъни бирор киши бирор аёлга уйланмоқчи ёки унга гувоҳлик бермоқчи бўлсагина фақат юзига қарашга рухсат бор. Аммо беузр қараш-хоҳ шаҳват билан, хоҳ шаҳватсиз-ҳеч қачон дуруст эмас. Бунда юз ҳам, кафт ҳам, бутун бадан ҳам баробардир».
Аёллар қуйидагиларга зийнатларини, яъни юз ва кафтларини кўрсатишлари мумкин:
1. Эрларига хотинларнинг ҳамма жойларига қараш ва турли ҳалол йўллар билан хотинларидан лаззат олишлари мубоҳдир.
Қуртубий айтадилар: «Эрлар хотинларнинг зийнатлари ва ундан бошқа жойларини ҳам кўрадилар. Чунки хотиннинг бутун бадани эрга лаззат ва қараш учун ҳалолдир».
2. Оталари ҳамда хоҳ ота, хоҳ она тарафдан бўлсин, боболарига юз-қўллари очиқ кўринишлари мумкин.
3. Эрларининг оталарига, яъни қайин оталарига.
4. Хотиннинг ўз ўғиллари ва эрининг бошқа аёлдан бўлган ўғилларига, шунингдек ўғилларининг ўғилларига (пастлаб кетаверади.)
5. Ака-укаларига (хоҳ ота-она бир, хоҳ ўгай бўлсин.)
6. Ака-укаларининг ҳамда опа-сингилларининг ўғилларига. Чунки улар ҳам ака-ука ҳукмидадирлар.
Ақллари заифлигидан ёки жисмоний ожизлигидан аёлларга майл-хоҳиши йўқ, аёллар ҳақида ҳеч нарсадан хабарсиз, содда, тентаксифат кишилар, аёлларга ёмон назар билан қарамайдиган, кўнгилларига бузуқ ўй хаёлларни келтирмайдиган фақир, камбағал кишилар, беақл ёш болалар ҳожатсиз саналади ва аёлларга улар олдида зийнатларини очишга рухсат берилади.
Хуллас, Аллоҳ таолонинг эркакларни, айниқса мўмина аёлларни кўз ва фаржларини сақлашга даъват этганида улуғ ҳикмат бор. Бу инсонларга нафсини гуноҳ ва шаҳватлардан асраш, жамиятни фоҳишалик ва бузуқчилик иллатларидан, нопокликлардан тозалашда энг мақбул йўлдир.
Ислом яна аёлларга поклик ва тозалик учун, фитна қўзғалмаслиги учун маҳрамларидан бошқа эркакларга зийнатларини кўрсатмасликни буюради. Бу эса уларнинг аёллик шаъни ва иффатини, ҳурмати ва номини бузуқ, ғаразгўй, ифлос кимсалар назаридан, хоин кўзлардан асрашда аёлларнинг тўсиниб юришларини тақозо этишига олиб келди.
Шаҳрихон тумани “Мўнисхон хожи она” жоме масжиди имом ноиби
С.Сотволдийев