Исроф динимизда ман қилинган амаллардан саналади. Исроф ҳақиқатан ҳам ношаръий тш эканлигига хилоф йўқ, лекин исроф билан жўмардликнинг чегарасини белгилашда ҳар ким ўз мезонидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Кимдир исроф деб ҳисоблаган амални бошқа биров исроф эмас, бу оддий эҳтиёж ёки кундалик харажат деб айтади. Яна кимдир бу жўмардлик, яна ўта саховат қилишликдир дейи.
Шариатимизнинг ўзига яраша андозалари бор. бироқ таассуфки, уни ҳам ҳар ким ўз уқувидан келиб чиққан ҳолда, ёки давр тақозосига кўра ўзининг қаричига ёҳуд кимнингдир қаричига мослаш ҳаракатида бўлади. Ана ўшандай ихтилофли ва зиддиятли вазятда мўмин банда доимо холис бўлиши, исрофлигини кўра-била туриб уни оқлашга ҳаракат қилмаслиги, шунингдек асли зотан исроф эмас, балки эҳсон бўлган амалларни мансаб ёки манфаати учун исроф деб бонг урмаслиги керак.
Айниқса ҳозирги тўй-маросимлар ҳақида тортишувлар авж олган бир даврда кимлардир шариат аҳкомларини яхши англамаганликларидан баъзи бир хайрли эҳсонларни ҳам исроф деб даъво қилиб турганда шариъат билимдонлари бу борада энг адолатли фикрларни айтмасалар омонатга хиёнат бўлади. Ҳолбуки Ислом дини мўътадил дин бўлиб, барча ишларда мўътадил йўлни тутишга буюради.
Аввало исроф ҳақидаги оятни келтирамиз:
يَا بَنِي آدَمَ خُذُواْ زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ وكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
яъни: “Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”. (Аъроф. 31)
Шунингдек исроф қилмаслик керак экан деб бира тўла хасислик қилмаслик керак:
* وَآتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلاَ تُبَذِّرْ تَبْذِيراً * إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُواْ إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُوراً *
Яъни: “Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. “Табзир” (исрофгарчилик)ка мутлақо йўл қўйма.
Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир. ”. (Исро 26 – 27)
وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورًا*
яъни: “(Бахиллик қилиб) қўлингни бўйнингга боғлаб олм. Уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсан”. (Исро. 29)
وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا
“Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар”. (Фурқон. 67)
Ибн Касирнинг тафсирида “Нафақаларини ҳожатдан ташқари исроф қилиб совуриб ҳам юбормайди, ўз аҳлига уларнинг ҳақларини поймол қилиб бахиллик ҳам қилмайди” дейилган. Яна ўша тафсирда Иёс ибн Муовиядан ривоят қилинади: “Аллоҳнинг амридан чиққани исроф саналади”. Бошқалар “Аллоҳга осий бўладиган ишларга нафақа қилишлик исрофдур”деганлар.
Ҳазрат Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Ўзингга ва аҳли байтингга исроф қилмасдан ва совурмасдан қилган харажатинг, садақа қилганинг сен учун бўлур. Риё ва шуҳрат учун бўлгани шайтоннинг насибасидур”.
Имом Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Аллоҳ тоатидан чиқиб қилинган озгина нафақанг исрофдир”.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо эса: “Ўринсиз жойга қилинган бир дирҳам нафақа исрофдир” деганлар. Ва яна: “Хоҳлаган нарсангни истеъмол қил, истаган кийимингни кий, аммо исрофгар ва бахил бўлма!” деганлар.
Шарофуддинов Мухторжон. Марҳамат туман бош имом хатиб