Имонни сақлаш

1473

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга берган неъматларнин ҳеч қаси бири имон неъматига баробар бўла олмайди. Шунинг учун ҳам мусулмонмисан, деб сўраса “Алҳамдулиллоҳ, мусулмонман!” деб имонимизни ҳамд ила эътироф этамиз.Дунёдаги ютуқларнинг энг каттаси ҳам дунёдан имон билан кетиб олишликдир. Зеро Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизнинг тилимизга имон калимасини солмагунча айта олмаймиз. Қалбимизга имон нурини ёмагунича мусулмон бўла олмаймиз. Аллоҳнинг ҳидоятисиз йўлни ўзимизча топа олмаймиз:مَن يَهْدِ اللَّهُ فَهُوَ الْمُهْتَدِ وَمَن يُضْلِلْ فَلَن تَجِدَ لَهُ وَلِيّاً مُّرْشِداًЯъни: “Кимни Аллоҳ ҳидоятга бошласа, ўша ҳидоят топгувчидир. Кимни адаштирса, бас, ҳаргиз унга иршод қилувчи бирон дўст топа олмассан. (Каҳф. 17)Ҳидоят қилиш Аллоҳнинг иши. Банданинг вазифаси эса имонга оид бўлган бурчларини адо қилишдир. Ўша энг шарафли бурч – имонни сақлаб қолиш.Банда дунё матолари ва мансабларини устун кўрса, имонига бепарво бўла бошлайди. Аввалига эҳтиёткорлик билан имоннинг чегараларини поймол қила бошлайди. Яъни фарз амалларни инкор этиши куфр томон етаклайди. Алал оқибат имондан ажраб қолиши мумкин. Бу эса шунчаки сўз эмас, балки бугунги кунда ҳар биримиз ўзимизни назорат қилишимиз лозим.Имоони сақлаш учун имон ҳақида кўпроқ тушунчага эга бўлиш керак. имом Ғаззолий айтади:“Имон беш буржли қалъага ўхшайди, Биринчи буржи олтиндан, иккинчи буржи кумушдан, учинчи буржи пўлатдан, тўртинчи буржи тунж (бронза, руҳ) дан, бешинчи буржи мисдан.Қалъа ичига ўғри кирса, қимматли нарсаларни ўмаради. Имон қалъасининг ўгриси — шайтон. Мис буржи — адабдир. Адаб бўлмаган жойга шайтон киради. Адаб буржига шайтон йўллай олмайди. У зотнинг имони озод, нажот топади. Пўлат деганимиз вужуд, темир деганимиз тандир. Тунж деганимизфарздир. Кумуш деганимиз — иxлос. Олтин деганимиз – Аллоҳга яқинлик.Кимнинг адаби бўлса, суннатга йўл топади.Суннатга амал қилган иxлосга йўл топади. Иxлосли киши Аллоҳга яқинлашади. Яқинликка эришган эса Аллоҳга восил бўлади.Адабга эътибор этмаган суннатдан узоқ қолади. Суннатга аҳамият бермаганнинг фарзи қусурли бўлади. Фарзи қусурли бўлганнинг самимияти бўлмайди.Берганини Аллоҳ розилиги учун берган, севганини Аллоҳ ризоси учун севган, севмаганини тағин Аллоҳ ризолиги учун севмаган кишининг имони комилдир.Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дейдилар:«Эй, севимли асҳобим! Қиёматгача келгувчи умматларим! Одоби, xулқ-атвори, тарбияси, табиати гўзал бўлиб, инсонларга яxшилик қилувчингиз сизларнинг имонда мукаммалингиздир».Саҳобаи икромдан баъзилар бир кун Пайғамбаримизга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар:«Ё Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Баъзан кўнглимизга шундай ёмон фикрлар келадики, бундан кўра оловда ёнганимиз яxшироқ. Бу ёмон, ярамас фикрлардан сўнг бадтар беҳузур бўламиз».Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай жавоб бердилар:«Бундай ёмон нарсалар кўнглингизга келганда ёмонлигини билишингиз имондандир. Чунки кўнгилга яxши нарсалар келганидек, ёмон нарсалар ҳам кела олади».Имони мукаммал бўлишини истаган киши камтарин, тавозеъли бўлиши керак. Имони комил бўлишни истамоқ ва буни таъминлашга киришиш ҳар мўминнинг вазифасидир. Ўзини инсонларнинг энг заифи, яъни ибодати энг ками деб билиши камолотидан нишонадир.Икки нарса мўминнинг имонини комил қилади, камолотга етказади:1. Ўзини мўминларнинг, инсонларнинг энг заифи, яъни энг заиф имонлиси деб билиш.2. Ўзи камбағал бўла туриб, муҳтожларга ёрдам беришга шошилиш.Имон бор жойга ичкилик кирмайди.Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дейдилар:«Тўрт нарса имонни фалокатга судрайди:1. Билганига амал қилмасдан, билмаганига амал қилиш.2. Билганини ўргатмаслик.3. Билмаганини орланиб сўрамаслик.4 Ўрганганга тўсиқ бўлиб, ўрганмоққа қўймаслик». (Эй, фарзанд. зиёуз.сом кутубxонаси)

Шарофуддинов Мухторжон. Марҳамат туман бош имом хатиб