Миср анжуманида энг йирик уламолар қатнашмоқда

1495

15 октябрь куни Мисрдаги Бутундунё фатво ҳайъати томонидан ташкил этилган “Фиқҳий ихтилофларнинг маданий бошқаруви” номли халқаро анжуман Миср муфтийси Шавқий Иброҳим Алломнинг кириш сўзи билан бошланди. Унда бутун дунёдан борган фатво бўйича олиму уламолар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков ҳам иштирок этмоқда.
Анжуманда Миср Араб Республикаси Адлия вазири Ҳусам Абдурраҳим, Иордания Ҳошимийлар мамлакати бош муфтийси Муҳаммад ал-Холайила, Фаластин давлати қозилар қозиси Маҳмуд Сидқий ал-Ҳаббош, Жазоир Ислом Олий Мажлиси раиси Буабдуллоҳ Буғуломуллоҳ, Ироқ сунний вақф девони раиси Абдуллатиф ал-Ҳамим, Сенегал давлати президенти маслаҳатчиси Мансур Ниёс кабилар ҳам нутқ сўзлади.
Ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Муҳаммад Тоййиб беморлиги учун иштирок эта олмади. Унинг номидан табрик сўзини Исломий тадқиқотлар академияси бош котиби доктор Назир Иёд ўқиб берди.
Куннинг иккинчи ярмида анжуман ўз ишини шўъба мажлисларида давом эттириб, биринчи шўъба мажлиси мавзуси “Фиқҳий ихтилофларнинг маданий бошқаруви назарияси” деб номланди. Унда ал-Азҳар уламолари кенгаши аъзоси Али Жума, Ливан давлати Муфтийси Абдуллатиф Дарён, Абу Даби шаҳридаги Тоба муассасаси раиси ал-Ҳабиб Али ал-Жаъфарий, Ливан академиясининг исломий фанлар кафедраси устози Ризвон ас-Саййид, Миср фатво идорасининг фатволар бўйича котиби Маждий Муҳаммад Ошур ва бошқалар нутқ сўзлади.
Шунингдек, Бутундунё фатво ҳайъатлари ва идоралари бош котибияти Олий ҳайъатининг мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Унда мазҳаблар ўртасидаги ихтилофий масалалар мусулмонларни ўртасида зиддият чиқишига сабаб бўлмаслиги кераклиги балки, мусулмонларнинг муаммоларини ечишда ёрдамчи бўлиши, уларнинг бирлашиши ва ўзаро ҳурматларини ошишига хизмат қилиши лозим экани айтиб ўтилди.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Умматимнинг ихтилофи Аллоҳнинг раҳматидир” деган ҳадислари эслаб ўтилди. Айни пайтда турли хилдаги экстремистик кайфиятдаги гуруҳлар ихтилофли масалалардан мусулмонларнинг ўртасини бузишда фойдаланмоқдалар. Шунинг учун чиқариладиган фатволарни ўзаро келишган ҳолда чиқаришга эришиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Анжуман иши давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати