Муқадас динимиз кўрсатмаларида башариятнинг беш жиҳатини муҳофаза қилишлик таъкидланади. Булар:
1. Инсон динини муҳофаза қилиш.
2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш.
3. Инсон наслини муҳофаза қилиш.
4. Инсон соғлигини муҳофаза қилиш.
5. Инсон молини муҳофаза қилиш.
Хусусан инсон соғлигини муҳофаза қилиши ҳам динмизнинг асосий йўналишларидан бири саналади. Инчунун, инсоннинг соғлиги зарар етказадиган ҳар қандай иллат – у маст қилгувчи ичимлик бўладими, гиёҳванд модда бўладими ёки қандай омил бўлишидан қатъий назар, шариатимизда тақиқланади.
Жумладан, гиёҳвандлик қадимдан мавжуд бўлган эса-да, кейинги асрларда бутун онаи заминга кенг тарқалган иллатларнинг хатарлироғи бўлиб турибди. Шунинг учун гиёвандликка қарши курашиш нафақат бир жамиятнинг, нафақат Ислом оламининг, балки ер юзидаги бутун жамиятчиликнинг долзарб вазифасидир.
Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Бироқ саломатлик каби илоҳий неъматни гиёҳвандлик балосига мубтало бўлганлар қадрига етишлари мушкул ишдир. Зеро, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.
Мусулмонлар, хусусан имом домлалар бу борад ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ саъю-ҳаракат қилиши лозим ва лобуддир. Чунки гиёҳвандликка қарши курашиш бизнинг эътиқодимиздан келиб чиққан ҳолда жамиятимизнинг ҳам жисмонан, ҳам фикран, ҳам эътиқод жиҳатидан соғлигининг гаровидир.
Гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга таҳдид солади. Бу аввло гиёҳванднинг оила аъзоларига тузалмас фалокат бўлади. Турмуш вайрон, яшаш роҳатсиз, наслу насаб ногирон бўлишига олиб келади.
Гиёҳвандлик иллати бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланганидан турли соҳа мутахассислари ушбу ижтимоий муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Гиёҳвандликка қарши курашиш юзасидан маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг барчаси инсониятни, хусусан ёш авлодни бу хатарли балодан сақлаб қолиш ташвишида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Гиёҳвандликнинг кишилар соғлиғига, оилаларга, иқтисодга, одоб-аҳлоққа, умуман инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди кун сайин, соат сайин ортиб бормоқда.
Динимиз таълимотларида ҳам инсон ҳаёти, соғлиғига зарар берадиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддани, у маст қилувчи ёки кайф қилувчи бўлишидан қатъий назар, зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан мутлақо қайтаради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир кайф берувчи моддани тановул қилишдан қайтарганлар.:
” نَهَى النبى صلعم عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَ مُفَتِّرٍ ”
Маълумки, уламоларимизнинг айтишларича, мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик-бангилик шаръан ҳаром эканлигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам уларни истеъмол қилиш шаръан ва қонунан жоиз эмас.
Аллоҳ таборака ва таоло калми Қадимда марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُواْ مِمَّا فِي الأَرْضِ حَلاَلاً طَيِّباً وَلاَ تَتَّبِعُواْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ
Яъни: “Эй инсонлар! Ердаги нарсалардан покиза ҳалол ҳолатда енглар! Ва Шайтоннинг изларига эргашманглар! Албатта, у сизларга очиқ душмандир”. (Бақара. 168)
Гиёҳвандлик ёки бангиликнинг бошланиши ва келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим деб топдик.
Биринчидан: Гиёҳванд моддаларга мойиллик, унга ўрганиб қолишликда шахснинг ҳолатлари аҳамиятликдир. Масалан, тажанглик, асабий ҳолатлари, ўзини назорат қила олмаслиги, иродасизлиги, ўз талабини қондира олмаслик, баъзи ҳаётий қийинчиликларга бардош бера олмаслик.
Иккинчидан: Ёш авлодни келгусидаги жисмоний ва маънавий шаклланиши, асосан оиладаги муҳит, ота-онасининг кимлиги, оилада қандай ўрин эгаллашига, эр-хотиннинг ўзаро муомаласига, фарзандининг ҳар томонлама шаклланишида улар олиб бораётган тарбиявий ишларга боғлиқ.
Учинчидан: Ҳаёт шуни кўрсатадики, ёш авлоднинг камол топишида, маълум бир фойдали яхши ёки ёмон йўлга киришида атроф теваракдаги ўртоқлари, ошна-оғайнилари, айниқса ўша муҳитдаги ўртоқларининг таъсири каттадир. Ҳазрати Пайғамбаримиз айтганларидек: “Суҳбат таъсир бергувчидир”. Халқимизда бир мақол бор: “Яхши билан юрсанг –етарсан муродга, ёмон билан юрсанг қоларсан уятга”.
Шунинг учун оилада, ёшларнинг тарбиясида ҳамма вақт уларни қаерда ва кимлар билан биргаликда бўлишлари, нима иш билан машғул эканлари, қандай ўртоқлари борлигини назорат қилиш жуда муҳимдир.
Тўртинчидан: Ёш авлод барча нарсага қизиқади ҳамда бошқаларга тақлид ва эргашишни маъқул қилади. Қизиқишлик, расмиятчилик, (мода) кетидан қувишлик фарзандни гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолишида асосий сабаблардан бири бўлиб қолмоқда.
Гиёҳвандлик, бангилик каби ижтимоий зарар ва иллатларга қарши оммавий суратда олиб борилаётган фаолият ва ҳаракатларимиз самарали бўлишида Ҳақ таоло барчаларимизга мададкор бўлиб, азиз фарзандларимиз ўзларининг буюк аждодлари каби дину диёнатли, олим-боамал бўлишларини насиб қилсин! Омин.
Ашуров Мирҳомид. Марҳамат тумани “Олойчи” жоме масжиди имом-хатиби