Исроф хар нарсадан ёмон

826

Барчамизга маълумки, Ислом динимиз мўътадил дин бўлиб, барча ишларда мўътадил йўлни тутишга буюради. Айни пайтда исрофдек оғир гуноҳдан қайтаради. Чунки, ҳар қандай ишда ҳаддан ошиш исроф саналади ва у Ислом динининг мўътадилликка асосланган таълимотига зид келади. Исроф деб, шариат тилида бирор иш ҳаракатни бажаришда, сўз сўзлашда, молни сарф қилишда, кўнгилдаги хоҳиш истакларни амалга оширишда мўътадиллик чегарасидан чиқишга айтилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда исрофгарларни суймаслигини ва улар шайтоннинг биродарлари эканлигини баён қилган. Жумладан,
“…У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).
“Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан)ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 26-27-оятлар).
Биз кўпинча исроф деганда таомнинг ортиб қолиши ёки ортиқча сарф ҳаражат қилишнигина тушунамиз. Бу ҳам тўғри. Аммо, нафақат ортиб қолиши, балки қолмасин деб, тўқ қорин устига ейиш ҳам исроф саналади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”, деб марҳамат қилган (Аъроф сураси, 31-оят).
Еб-ичишдаги исроф – қорин тўқ бўла туриб, устига яна таом ейиш, деган тафсир ҳам бор. Ҳорун ар-Рашиднинг бир насроний ҳозиқ табиби бор эди. У бир куни уламолардан Али ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Қуръон китобларингизда табобат хусусида ҳеч нарса йўқ. Ваҳоланки, илм икки хилдир. Бири – дин илми, иккинчиси – бадан, яъни тиб илми”, деганида, у жавобига: “Аллоҳ таоло табобатнинг ҳаммасини яримта оятга жойлаб қўйган”, – деб, мазкур оятни ўқиб берганида табиб: “Пайғамбарингиз бу хусусда ҳеч нима демаган”, – дебди. Шунда олим: “Аксинча. Ошқозон дард манбаи, парҳез – барча давонинг боши. Баданни унга мос нарса билан парвариш қил!” — деган ҳадисларини ўқиб берибди. Шунда табиб: “Китобингиз билан Пайғамбарингиз Жолинус ҳакимга табобатдан ҳеч нарса қолдирмабди”, – деган экан (Мадорик тафсиридан).
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот шундай деганлар:
:“Таом ва ичимлик билан қоринни шиширишдан сақланинг. Зеро, бундай қилиш жасадни бузади, касаллик келтиради ва намозга ялқовлантиради. Таом ва ичимликда мўътадил бўлинг. Зеро, шундай қилиш жасадга фойда беради, исрофдан йироқ қилади ва ибодатга куч беради”.

Сарф-харажат ва хайр-эҳсон қилишда ҳам исрофга йўл қўймаслик лозим бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инфоқ эҳсонни мўътадил қилган бандаларини мақтаб шундай деган:
“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
Аллоҳ таоло эҳсон қилиш, нафақа улашишга буюрган ўрнида, исроф қилишдан, ҳаддан ошишдан қайтаради. Қуйидаги оят бунга далил бўлади:
“У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган)хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом сураси, 141-оят).
Ибн Журайждан ривоят қилинишича, ушбу оят Собит ибн Қайс ибн Шаммос ҳақида нозил бўлган бўлиб, у боғдаги хурмосини териб олади ва: бугун олдимга келган кишиларнинг ҳаммасига мевадан эҳсон қиламан, деди. Келган одамларнинг ҳаммасига мевадан бераверди. Кечга бормай ўзига мева қолмади. Шунда, Аллоҳ таоло: “Исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”, деган оятни нозил қилди.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида:
“Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мақтанчоқлик қилмаган ҳолда” (Имом Бухорий ривояти). Демак, эҳсон қилишнинг ҳам меъёри бор экан.
Биз ўзбек халқи меҳмондўст, хайру саховатли, қўли очиқ халқмиз. Шунинг учун хилма-хил маросиму тадбирларимизнинг сони ҳам кўп. Ақиқа тўйи, никоҳ валимаси, ҳовли тўйи, мотамга оид вазима маросимларининг ҳам бир неча турлари мавжуд. Албатта, бундай маросимларнинг пайдо бўлиши ва амалга оширилишидан кўзланган мақсад аввало, қавму қариндош, қўни қўшни ва ёру қадрдонлар билан дийдорлашиш, етим-есирнинг кўнглини олиш, муҳтожу фақирларга таом улашиш орқали Аллоҳ таолонинг савобига ноил бўлишдир. Аммо, зинҳор, ушбу тадбирларда исрофгарчилик, манманлик ва риёкорликка ўтмаслик керак бўлади. Акс ҳолда, эҳсон қилиб савоб топиш ўрнига оғир гуноҳга қолинади

Баликчи тумани бош имом-хатиби: Ж.Эргашев.