Аллоҳ таоло инсонни энг улуғ ва мукаррам қилиб яратди “Уни ўз қудрат қўлим билан яратдим ва руҳимдан унинг жисмига дохил қилдим” деб Қуръони каримда таъкидлади. Шунингдек, У инсонга ҳитоб қилиб “бутун ер ва осмонни инсоният учун яратдим” деб марҳамат қилади. Ўз жонига қасд қилишнинг охиратдаги оқибатлари яна ҳам ёмонроқдир. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳ ҳисобланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
«لَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا»
яъни: “…Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло инсонга ақлу – идрок, фахму – фаросат бердиким, токи ҳаётнинг ва ҳаёт неъматларининг қадрига етсин ҳамда бу дунёга бир маротаба келишини билсин, ҳаёт давомида учрайдиган баъзи бир қийинчиликлар ва етган мусибатларни сабр матонат билан енгсин деб ирода қилди. Кейинги пайтларда юртимизнинг айрим минтақаларида шу жумладан бизнинг вилоятимизда ҳам ўз жонига қасд қилиб, турли воситалар билан дунёдан фожеали равишда ўтаётган эркак ва аёллар, хатто навқирон ёшлар ва балоғатга етмаган ёш болалар борлиги маълум бўлмоқда. Расулуллоҳ алайҳис салом хажжатул видода баён этган муборак хутбаларида мусулмонларга хитоб қилиб айтганларки: “Эй одамлар, ҳоҳ ўзингизни ва ҳоҳ бир-бирларингизнинг қонингизни тўкишлигингизни Аллоҳ-таоло сизларга харом қилди. Шунинг билан бирга бир-бирингизнинг мол-мулкларингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ-таоло харом қилди. Ушбу арафа кунида одам ўлдириш ва бошқалар жонига суиқасд қилиш қанчалик харом бўлса, мол ва жонларингизга тажовуз қилиш ҳам шунчалик харомдир”. Бу ҳадисда Расулуллоҳ алайҳис салом ҳар бир кишининг ҳаёт ва яшашга бўлган хуқуқини муқаддас эканлигини баён қилди. Шу билан бирга инсон ўз жонига ўзи қасд қилиши харом ва қаттиқ гунох эканлигини ҳам таъкидладилар. Аллоҳ – таоло Қуръони каримнинг Бақара сурасининг 195-оятида шундай деб марҳамат қилган: « …. Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни халокатга ташламангиз ». Пайғамбаримиз алайҳис салом “Кимики тоғ тепасидан ташланиб, ўзини ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлур. Агар захар ичиб ўзини ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлур. Кимики ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ул шаҳс темир парчаси қоринга суқилган холда жаҳаннам ўтида абадий қолур”. (Буҳорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло бандасига омонат ўлароқ ато қилган жон-тирикликни фақат Ўзи хоҳлаган пайтда қайтариб олади. Жонни банданинг ўзи олишга ҳаракат қилиши – шошилиш ва Аллоҳ таолонинг тақдирига норозиликдир. Токи ажал вақти келгунича банда жонни тўғри йўлда асраб-авайлаб ишлатиши керак. Бу мавзуда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
الَّذِي يَخْنُقُ نَفْسَهُ يَخْنُقُها فيِ النَّارِ وَالَّذِي يَطْعَنُ نَفْسَهُ يَطْعَنُها فيِ النَّارِ (ﺭَﻭﺍﻩ الامَامُ ﺍﻟﺒُﺨَﺎﺭِﻱ عن ابي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини тиғ билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади” (Имом Бухорий ривояти).
Бу гуноҳнинг ёмонлигини билдириш учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган қавмлар ҳаётидан ҳам мисол келтирдилар:
«كَانَ مِمَّنْ كَانَ قَبْلَكُمْ رَجُلٌ بِهِ جُرْحٌ فَجَزَعَ، فَأَخَذَ سِكِّيْنًا فَحَزَّ بِهَا يَدَهُ، فَمَا رَقَأَ الدَّمُ حَتَّى مَاتَ، قَالَ اللهُ تَعَالَى: «بادَرَني ابْنُ آدَمَ بنَفْسِهِ فَقَتَلَها، فَقَدْ حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الجَنَّةَ»
مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ عَنْ جُنْدَبُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ رضي الله عنه
яъни: “Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни ҳаром қилдим”, – деди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аслини олганда динимиз ўз жонига қасд қилишга олиб борадиган йўлларни ҳам беркитган. Масалан, мусулмон киши ўзига ўлим тилаши мумкин эмас. Чунки амаллар солиҳ бўлиб, умрнинг узун бўлиши биз учун катта мукофот ҳисобланади.
Бу мавзуда энг катта муаммо – руҳий изтиробнинг мавжудлиги, қалб хотиржамлиги ва иймонга суянадиган ироданинг йўқлиги, деб ҳисоблаймиз. Бунинг устига ўсмирлик даврида йигит-қизларнинг қаровсиз қолиши, турли нобоп йўлларга кириши, ёмонлар билан дўст тутиниши, маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларга берилиб қолиши ҳам ўз жонига қасд қилишнинг кўпайишига сабаб бўлади. Албатта, ёшлар тарбиясига уйда ота-она, ўқув муассасаларида эса устозлари хам масъулдир. Вақти-вақти билан интернетда ўз жонига қасд қилишни ўргатувчи видеолар, қизиқтирувчи ўйинлар тарқалиб туради. Афсуски, бекорчилик ва ота-оналарнинг эътиборсизлиги сабабли баъзи ёшларимиз бу “тўр”ларга тушиб қолмоқдалар.
Инсон бу дунёга бир бора келади, ўз жонига қасд бу жуда катта балоқилишдир. Аллоҳ – таоло хаммаларимизни ва келажак авлод бўлган зурриётларимизни бу балодан ўзи сақласин.
“Олтинкўл” жоме масжиди имом-хатиби: М.Тўрақулов