ТИЛ – Аллохнинг улуғ неъмати, ажибу латиф санаътидир. Гарчи у жисман кичик бўлса хам итоати туфайли топадиган савоби ёхуд итоатсизлиги туфайли содир этадиган гунохи жуда катта. Чунки, куфр хам, иймон хам фақат тил гувохлигида аён бўлади. Куфр ва иймон эса тоат ва исённинг бошланиш худудларидир.
Шу билан бирга хар қандай борлиқ ёки йўқлик, маълум ёки номаълум нарсанинг барчаси тил воситасида изохланади ва хар кандай холатда ўша нарсага тил ўзининг исботи ёки инкори билан рўбаро келади. Кимки тилнинг жиловини бўш қўйиб юборса, шайтон уни миниб олади, жар ёқасига ҳайдаб, халокатга судрайди. Одамлар тиллари “эккан xосил” лар туфайли жаханнамга юзтубан қулайди. Фақат шариат билан жиловланган тилгина бу офатдан нажот топади.
Бас, шундай экан, тил дунё ва оxиратга фойдаси бор нарсани гапирсин. Хозир ё келажакда зарари тегадиган нарсани гапиришдан тийилсин. Нима мақтовга, нима мазамматга сабаб бўлишини билганидан сўнг, гарчи оғир бўлса ҳам, билганига амал килсин.
Муҳаммад ибн Каъбдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Албатта бу эшикдан биринчи бўлиб жаннат аҳлидан бўлган киши киради”. Шунда Абдуллоҳ ибн Салом (розияллоҳу анҳу) кирдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларидан бир неча киши ўринларидан туриб унга бу хабарни бердилар ва: “Ўзингиз у билан умидвор бўлган энг ишончли амалингиз хабарини беринг”, дейишди. У киши: “Мен бир заиф бандаман. Аллоҳдан умид этадиган энг ишончли амалим қалб саломатлиги ва ўзимга аҳамиятсиз нарсаларни тарк этишдир”, дедилар. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): дедилар: “Мен сенга бадан учун енгил, тарозида оғир бўлган бир амални ўргатайми?”. Мен: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дедим. “У – сукут, чиройли хулқ ва сенга аҳамиятсиз нарсани тарк қилишдир”, дедилар.
Мужоҳид айтадилар: “Ибн Аббоснинг (розияллоҳу анҳу) бундай деганларини эшитдим: “Беш нарса борки, уларнинг фойдаси менга бир пода минишга боп туядан маҳбуброқдир:
1. Сенга аҳамиятсиз нарса ҳақида гапирма. Чунки у ортиқчаликдир, шундай қилсанг гуноҳдан омонда бўласан деёлмайман. Аҳамиятли нарса ҳақида ўрни бўлмагунча гапирма. Чунки ўзига аҳамиятли нарсалар ҳақида қанчалаб гапирувчи борки, уни ўрнида гапиролмай машаққатга тушиб қолади. 2. Ҳалим ва беақл билан баҳслашма. Ҳалим ёмон кўриб қолади, жоҳил эса озор беради. 3. Биродарингни агар олдингда бўлмаса сени эслашини яхши кўрадиган нарсаларинг билан ёдга ол. Сендан кечишини яхши кўрадиган нарсаларни кеч. 4. Биродарингга сенга қилишини ёқтирган муомала билан муомала қил. 5. Яхшилиги сабабли мукофотланишини, жинояти сабабли жазоланишини билган одамнинг амалидек амал қил”.
Луқмони Ҳакимдан: “Ҳикматингиз сири нимада?” деб сўралди. Жавоб бердилар: “Кифоя деб билганимдан сўрамайман ва менга аҳамиятсиз нарсага ўзимни қийнамайман”. Мавриқ Ажлий дедилар: “Бир иш бор, йигирма йилдан бери унинг талабидаман. Лекин қодир бўлолмайман. Аммо унинг талабини ташламайман”. Нима у, дейишди. Ўзимга аҳамияти йўқ нарсадан сукут қилмоқ, дея жавоб қилдилар. Умар (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Ўзингга аҳамиятсиз нарсага йўлиқма. Душманингдан ажра. Қавмдан бўлган дўстингдан фақат аминига ишон. Фақат Аллоҳ таолодан қўрққангина амин бўлади. Фожир билан яқин бўлма, фужуридан таълим олиб қоласан. Уни сирингдан огоҳ этма. Ишингда Аллоҳ таолодан қўрқадиганлар билан маслаҳатлаш”.
Расулуллох (с.а.в) нинг шундай деганлари Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: “Одам боласи эрталаб уйқудан уйғонган пайтда, жасадининг барча аъзолари уйғонади ва улар тилга айтишади: “Орамизда сен Аллоҳдан (кўпрок) қўрқ! Чунки, сен тўғри бўсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри йўлга кетсанг, биз хам эгри йўлга кетиб коламиз”.
Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Сўзлаётган тил борки, албатта, унинг олдида Аллоҳ турибди. Бас, нима деяётганини англаган киши Аллохдан қўрқсин”.
Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.