Ҳаж улуғ ибодатдир. Дунёдаги барча мусулмонлар Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳаж амалини бажаришликка умри давомида интилади ва адо этишга ҳаракат қилади.
Бу йил ҳам дунё мусулмонлари пойтахти Макка шаҳри томон йўл олган ҳожилар ҳам Исломнинг бешинчи аркони бўлган ҳаж ибодатларини эминликда, эркинликда адо этдилар. Шу жумладан юртимиздан борган 7200дан зиёд ҳамюртларимиз ҳожилик мақомига сазовор бўлдилар.
Шу муносабати билан жорий йилнинг 13 август куни Макка шаҳрида“Қурбон ҳайити” муносабати билан Туркиянинг “Диёнат ишлари бошқармаси” томонидан анжуман ўтказилди.
Ушбу анжуманда йигирмадан зиёд давлатларнинг Ҳаж ишлари бўйича вакиллари иштирок этди.
Жумладан анжуманда Ўзбекистон Республикаси Ҳаж ишлари бўйича ишчи ҳайъати номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом хатиби Нуриддин домла Холиқназаров ва Самарқанд вилояти бош имом хатиби Зайниддин Эшонқуловлар қатнашди.
Анжуманда сўзга чиққан Туркия Дин ишлар бўйича бошқармаси раҳбари, профессор Али Эрбош Ҳаж ишлари бўйича жамоа раҳбарлари ва ходимларини зиёрат ҳамда байрам билан табриклаб, улуғ ибодат учун келган зиёратчиларга хизмат қилиш ва уларнинг ибодатларини мукаммал бўлишларига ўз ҳиссаларини қўшган барча мутасаддиларга ўзининг миннатдорчилик ва самимий тилакларини билдириб ўтди.
ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги матбуот хизмати. Макка шаҳри.